ОИЛАВИЙ КИТОБ МУТОЛААСИ БОЛАГА НИМА БЕРАДИ?

Дунё бўйлаб коронавирус инфекциясининг тарқалиши хавфи туфайли юзага келган вазият оқибатини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати фуқаролар саломатлиги ва ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича барча йўналишларда кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Зарурат бўлмаганда кўчага чиқманг! Уйда қолинг! Тез орада бу ташвишли кунлар албатта ортда қолади. Оилангиз саломатлигига бефарқ бўлманг!

Уйда ўтириб, фойдали иш билан машғул бўлинг. Масалан, кимдир масофада туриб, ўзига бириктирилган хизмат вазифасини адо этмоқда, яна кимдир китоб мутоаласи билан машғул. Негаки, болаларнинг билим даражаси кўп жиҳатдан ота-оналар фарзандларига китоб ўқиш имкониятини яратиш билан боғлиқ. Мақсад – ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, маънавият асосларининг улар онгу шууридан жой олишига кўмаклашиш.

Билим, энг аввал инсонни хушахлоқ қилади. Хушахлоқлик эса, унга иззат-икром ва ҳурмат олиб келади. Билимли инсон кўзидан, истарасидан маълум.

Китоб мутолаасининг завқи ҳам фойдаси ҳам ўзгача бўлади! Алоҳида қайд этиш лозимки, ота-она китоб ўқишда фарзандларингизга ўрнак бўлиши керак.

Тадқиқотчилар китоб болага ҳар куни ўн беш дақиқа китоб ўқиб берилса, бу унинг дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш, хотирасини ривожлантиришга ёрдам беришини алоҳида қайд этадилар. Чунки, бола миясининг 90% унинг 3 ёшига қадар ривожланиб бўлади. Шу даврда болага китоб ўқиш мия ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Кунига 15 дақиқа давомида болага китоб ўқиб берилса, у 1 йил мобайнида 1 миллионга яқин янги сўзни эшитган бўлади.

Ёшлигидан китоб ўқишга одатланган болада тил нуқсонлари, гапиришда қийинчиликлар бўлиши кам намоён бўлади.

Китобдан олинган маълумот телевизор, интернет ва радиодаги қабул қилинган маълумотдан кўра кўпроқ мияга ижобий таъсир қилади. Ундан ташқари китоб ўқиш зеҳнни чархлаб, бола диққатини бир жойда узоқ вақт ушлай олиш қобилиятини кучайтиради.

Статистиканинг кўрсатишича, мактабгача ёшдаги болаларга ота-она китоб ўқиб берса, китобга бўлган қизиқиш 100% бўлади. Тўртинчи синфга келиб китобга бўлган қизиқиш 54%гача тушиб кетади. Бунинг сабаби, бола билан ота-она бирга ўқимаслигида экан.

Эсингизда бўлсин, инсон маънавий бой бўлса, одамларни ўзига кулиб жалб этиши шарт эмас. Барча одам маънавияти бой инсонга талпинади, чунки билим ва маънавият жозибаси ҳар нарсадан қудратлироқдир.

 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила”
илмий-тадқиқот институти
эксперти,
профессор Муҳаммаджон Қуронов