ОИЛАВИЙ АЖРАШИШЛАР КЎПАЙДИМИ?

Ҳозирда Ўзбекистонда 8 миллион 200 мингдан зиёд оила мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан оила институтни мустаҳкамлаш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмак бериш, оилавий ҳуқуқбузарлик ва зўравонликларнинг олдини олиш каби муаммоларни тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун “Карантин шароитида оилавий зўравонликлар ва бекорчиликдан оилавий низолар келиб чиқмоқда, ажрашишлар кўпаймоқда”, деган гап-сўзларни эштиш мумкин. Гарчанд, шундай бўлса, айни вақтда юртимизда оилавий ажрашишларнинг умумий сони қандай? Оилавий низоларнинг олдини олиш, уларга тегишли маслаҳат бериш борасида қайси ташкилот қандай ишлар олиб бормоқда?

Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева ЎзА мухбирига берган интервьюсида шундай дейди:

– Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири оилалар билан ишлаш тизимини ташкил этиш, муаммоларга ечим топишдан иборат. Ярим йилда 12 минг 810 ажралиш рўйхатга олинган. Бу ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан 3 минг 151 кам. Бу мамлакатимиздаги мавжуд оилаларнинг 0,03 фоизининг тақдири ажрашиш билан якун топганлигини кўрсатмоқда.

Рақамлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, умумий ҳолат ва оилавий ажралишларнинг оқибатлари хавотирли экани барчамизни сергакликка чақиради. Зеро, ажримлар натижасида жорий йилда 8 минг 725 нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган.

Яна бир муаммоли ҳолат, бу ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар тақдири. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги жорий йилнинг шу вақтига қадар 15 минг 413 та ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 9 минг 980 тасини яраштирди. Шунингдек, 11 минг 985 та никоҳи қонуний расмийлаштирилмаган оилалар аниқланиб, уларнинг 57,8 фоизининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди.

Агар кўрсаткичларни ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, ажралган оилалар сони Фарғона вилоятида 1304 та, Тошкент вилоятида 1308 та, Самарқанд вилоятида 1302 та, Наманган вилоятида 923 та, Қашқадарё вилоятида 815 та, Сурхондарё вилоятида 749 та, Бухоро вилоятида 744 та, Сирдарё вилоятида 529 та, Қорақалпоғистон Республикасида 513 та, Хоразм вилоятида 497 та, Жиззах вилоятида 489 та, Навоий вилоятида 447 тани ташкил этади.

Ажрашиш ёқасига келиб қолган, лекин яраштирилган оилаларнинг кейинги ҳаётидан доимий хабардор бўлиб туриш мақсадида вазирликнинг ҳудудий бошқармалари тизимли мониторинг олиб бормоқда, – дейди С.Боймирзаева ЎзА мухбирига берган интервьюсида.

Оила келажак авлод дунёга келадиган ва ота-она меҳрини туйиб, униб-ўсадиган муқаддас макон. Гарчанд, шундай экан, ҳеч қандай ташқи таъсир ёки кимдир эр-хотин муносабатларига зинҳор нифоқ сола кўрмасин!

Ҳозирда юртимизда карантин эълон қилинган. Ишончимиз комилки, тез орада ҳаммаси барҳам топиб ҳаёт яна изига тушади. Зеро, давлатимиз томонидан коронавируснинг тарқалишини олдини олиш ва уни батамом бартарф этиш юзасидан зарур амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Оилангиз саломатлигига бефарқ бўлманг!

Карантин талабларига риоя қилинг!

Оилангизда бир-бирингизга меҳр улашинг!

Ўзбекистон Республикаси
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот
институти