ЭНГ ОЛИЙ БАХТ НИМА?

 

Инсон учун энг олий бахт – оилавий бахт. Ота-она учун оила бахти – маънавий ва жисмоний соғлом фарзандларнинг борлиги, уларнинг намунали тарбияси, оиласи тичлиги, хотиржамлиги, фаровонлиги, соғлом маънавий муҳитда оила аъзоларининг бир бирларига меҳр-муҳаббати, оқибатлилигидир.

Фарзанд учун эса, бахт – оиласида бобо-бувиси, ота-онаси, ака-укалари, опа-сингилларининг борлиги, биргаликда ҳамжиҳатликда, иноқликда ҳаёт кечириши, билим эгаллаши, ўзи севган касбга эга бўлишидир.

Бахтнинг калити ота-онадир. Айниқса, оилада аёлнинг бахтли ҳаёт кечириши эр учун, фарзандлар учун катта бахтдир. Президентимиз Ш.Мирзиёев шундай дейди: “Аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир”.

Фарзанднинг ота-она намунасида тарбияланиши, улардан фахрланиши катта бахт. Ота-она фарзандлар бахт-саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун бор куч ва имкониятини сафарбар этади. Тадқиқотлар шуни курсатдики, оила бахти бойлик, меъёридан ортиқча тўкин-сочинлик билан белгиланмайди. Оилада ақлли, билимли, одобли, меҳнатсевар, имон-эътиқодли, меҳр-мурувватли, маънавий ва жисмоний соғлом фарзандлар ўсиши ота-она учун шарафдир. Бахтли оиланинг ҳар бир аъзоси унинг обрў-эътибори, шаъни, ғурури, порлоқ келажаги, анъаналарини авлоддан авлодга етказиш учун курашади.

Бахт ўз-ўзидан келмайди. Бунинг учун ҳар бир оилада иноқлик бўлиши, унинг ҳар бир аъзоси ўз бурчи ва вазифаларини масъулият билан бажариши керак. Бахт саломатликда, тинч-тотув яшашда, жамиятга керак бўлишда, меҳнат қилишда, оиладан ўқишга, ишга хурсандчилик билан бориш ва уйга худди шундай шошиб қайтишидадир. Оила юмушлари оила аъзоларининг қобилияти, ёши, жинси, саломатлиги ва қизиқишларига кўра тақсимланади. Қиз болалар хонадонни тоза-озода сақлаш, овқат пишириш, кир ювиш ва бошқа ишлар билан шуғуллансалар, ўғил болалар ундан оғирроқ ишлар билан шуғулланадилар.

Фарзанд тарбиясида ота-она бирдек масъулдирлар. Оилада фарзандни соғлом дунёга келтириш, унга чиройли исм қўйиш, яхши тарбия бериш, илм ўргатиш, касб-ҳунарли қилиш, балоғатга етганда уйлантириш ёки турмушга бериш, ҳаётда ўз ўрнини топишида тўғри йўл кўрсатиш ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ҳисобланади.

Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи қанчалик масъулиятли бўлса, фарзанднинг ҳам улар олдидаги бурчи шунчалик муҳимдир. Ота-онани ҳурмат қилиш, дилини ранжитмаслик, итоатли бўлиш, кексайганида моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оила деб аталмиш қалъанинг ахлоқий-маънавий пойдеворини мустаҳкам сақлаш, оила анъаналарининг доимий давомчилари бўлиш, уларнинг дўст-ёрлари ҳурматини жойига қўйиш, оламдан ўтганларидан сўнг ҳам хотирлаш ва ёд этиш, шаънига доғ туширмаслик – фарзанд бурчидир. Фарзанднинг ота олдидаги бурчи ҳам ниҳоятда муҳимдир. Уни оиланинг устуни, кундалик турмуш шароитининг таъминотчиси, ғамхўр мураббий сифатида ҳурмат қилиш, рози этиш, дуосини олиш фарзанд учун фарз саналади.

Ота-она билан фарзанд ўртасидаги дўстона муносабат олий қадриятдир. Ота-онанинг панд-насиҳатларига қулоқ солмаслик, одоб-ахлоқ мезонларига зид ишларга қўл уриш, зарарли одатларга (ичиш, чекиш, наркотик моддалар истеъмол қилиш) ружу қўйиш, турли вайронкор ғоялар таъсирига тушиб қолиш ноқобил фарзанднинг ишидир. Ота-онага ҳурматсизлик, адолатсизлик қилиш, хўрлаш, жабр-ситам ўтказиш, қариганларида қаровсиз қолдириш виждон олдида ҳам, қонун олдида ҳам жиноят ҳисобланади.

Ноқобил фарзанд ота-она қаддини букади, эл-юрт олдида бошини хам қилади, муқаддас оила обрўсига иснод келтиради. Баъзи масалаларда ота-она фарзанднинг фикрини эшитиши, муносабатини билиши ва биргаликда ягона хулосага келиши зарур.

Оила аъзолари ўзининг бурч ва вазифаларига қатъий амал қилсагина, оила мустаҳкам ва фаровон бўлади.

 

Оилангиз саломатлиги сизнинг бахтингиз, унга бефарқ бўлманг!

Карантин талабларига риоя қилинг!

Бир-бирингизга меҳр улашинг!

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Ма
ҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги

ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот
институти