ОИЛАДА МЕҲР БЎЛМАСА...

Меҳр тушунчаси кейинги пайтларда одамлар орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзуларда бирига айланиб бормоқда. “Ота-онасига меҳри йўқ”, “Фарзандига меҳр беролмайди”, “Озгина меҳр берса, келини кетиб қолмасди” каби гаплар қулоғимизга тез-тез чалинадиган бўлган.

Тадқиқот ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаги, меҳр оила аҳиллигининг ўзагини ташкил этувчи омил. Айниқса буни фарзанд тарбияси, эр-хотин, қайнона-келин, ака-ука, опа-сингил, фарзандларнинг ота-онасига бўлган муносабатларида кўриш мумкин.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги оила институтини мустаҳкамлаш, «Соғлом оила — соғлом жамият» ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини юритиш, жумладан оилалар аҳиллигини таъминлаш масаласига доир амалий чоралардан ташқари муаммони илмий асосда ўрганишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Оила энциклопедиясида меҳр, унинг ифодаланиши, меҳрсизлик каби тушунчаларга тўхталиб ўтилган. “МЕҲР – инсоннинг ўз туғишганларига, яқин кишиларига ва умуман одамга бўлган самимий муҳаббати. Оилада болаларнинг ўсаётган, тарбия олаётган муҳити, ота-онаси, фарзандларга муносабати бир хил бўлса-да, меҳрнинг ифодаланиши турлича бўлади. Меҳр фақат ҳаёт давомида шаклланмайди, унинг асоси кўп жиҳатдан наслга боғлиқдир”.

Юқоридаги таърифда меҳр тушунчасининг айрим жиҳатларигагина эътибор қаратилган. Бу тушунчага қуйидагича таъриф бериш мумкин. МЕҲР бу инсоннинг борлиққа нисбатан энг юксак ва самимий муҳаббати.

Жамиятда шахснинг индивидуал юксак инсоний туйғулар - эмоцияларини таъсирчан, доимий асосда шахслараро ижтимоий муносабатларда ифодаланиши, деб айтиш мумкин.

Меҳрибонлик эса, жамиятда шахсни муайян муҳит – хотиржамлик, ишонч, самимият, эркинлик, бахтиёрлик ҳиссини туйиш каби туйғулар қамровида бўлишига хизмат қилади. Бу ижобий туйғулар шахсга бахт ҳамда яшашга ишонч, эзгуликка умид, интилиш ҳиссини уйғотади. Айни пайтда ижтимоий муносабатларда келишмовчилик ва низоли жараёнларни олдини олибгина қолмай, балки ҳамфикрлик ва ҳамкорликни рағбатлантиради.

Жамиятда меҳрибонлик муҳитини янада мустаҳкамлаш шахслараро муносабатларда, айниқса бугунги кунда ота-оналарнинг фарзандига, фарзандларнинг ота-оналарига, бобо-бувиларнинг невараларига, қайнонани келинига, ака-укаларни, қариндошларни, умуман жамият аъзоларининг бир-бирларига нисбатан меҳрини ошириш жамиятда барқарор муносабатларни янада ривож топтиришга хизмат қилади.

Меҳрибонлик инсоний туйғу сифатида ижтимоий тадқиқотларда кўпроқ сифат таҳлил усуллари асосида ўрганилади. Мазкур тушунчанинг бугунги кундаги ижтимоий тақчиллигини инобатга олган ҳолда уни миқдорий таҳлил усуллари орқали ҳам таҳлил қилиб кўрайлик. Бу билан мазкур туйғуни қанчалик етказиб бера оляпмизу, қанчалар етказиб бера олмаяпмиз. Чунки инсон меҳри бу муайян қобиққа, хавфсиз ва ёқимли оҳанграбога ўхшайди. Меҳр бўлмасачи? Унда инсоний жамият ҳам шакаллана олмасди.

Тирик жон  борки, меҳрга интилади. Бир биримиздан меҳр-оқибатни аямайлик! Меҳр-мурувват кўрсатиш аниқса бугун, карантин шароитида, ўзига хос синовли кунларда, ниҳоятда зарур эканини ҳам унутмайлик!

Ишонамизки тез орада ҳаммаси барҳам топиб ҳаёт яна изига тушади. Зеро, давлатимиз томонидан коронавируснинг тарқалишини олдини олиш ва уни батамом бартарф этиш юзасидан зарур амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Оилангиз саломатлигига бефарқ бўлманг!

Карантин талабларига риоя қилинг!

Бир-бирингизга меҳр улашинг! 

Ўзбекистон Республикаси
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот
институти