ОИЛАНГИЗГА МЕҲР УЛАШИНГ – 2-ҚИСМ

Оила – эзгу умидлар рўёби учун яратиладиган муҳаббат мавоси. Оила – келажак авлод дунёга келадиган ва ота-она меҳрини туйиб, униб-ўсадиган муқаддас макон.

Гарчи шундай экан, ҳеч қандай ташқи таъсир ёки кимдир эр-хотин муносабатларига зинҳор нифоқ сола кўрмасин. Оила тароватига ҳеч бир ғам асло раҳна сололмасин!

Ҳозирда Ўзбекистонда 8 миллион 200 мингдан зиёд оила мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан оила институтни мустаҳкамлаш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмак бериш, оилавий ҳуқуқбузарлик ва зўравонликларни олдини олиш каби муаммоларни тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирда ўрганиш ва тадқиқотлар натижалари бўйича, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори кўмагида, Зўравонликдан жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликнинг олдини олиш” номли қўлланма яратилган (қўлланма муаллифлари: Ш. Пулатова, А. Муродов). 

Ушбу қўлланмадан фойдаланилган ҳолда “Оилангизга меҳр улашинг” рукни остида оилавий зўравонликларни олдини олиш масалаларига оид тавсиялар бериб боришда давом этамиз.

Биринчи мақола “Зўравонликнинг таърифи ва қонунчилик” деб аталган эди. http://oilamarkazi.uz/news/20200626-2

Иккинчи мақолада қандай шахсларда зўравонликдан жабрланиш эҳтимоли юқори булиши мумкинлиги, зўравонликни содир этган шахснинг психологик хусусиятлари ҳақида сўз юритилади.

Ўрганиш натижаларига кўра, зўравонликдан жабрланган шахсларда қуйидаги аломатлар мавжудлиги аниқланди. Яъни: жабрланувчининг одамовилиги, оила аъзолари ва яқинлари билан мулоқот қилишни истамаслиги; шаъни, қадр-қиммати топталганлиги боис қаттиқ изтироб чекиши; одамларга ишончсизлик билан мулоқотда бўлиши; ўз фарзандларига нисбатан лоқайд ёки тажовузкор бўлиши, танасидаги жароҳатлар сабабини айта олмаслик кабилар.

Зўравонлик содир этилиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга ақлий фаолият сустлиги, ногиронлик; бошқа шахсдан моддий ва бошқа қарамлик, қўрқув мавжудлиги; ҳеч ким ёрдам бера олмаслиги тўғрисидаги фикрга ишончи комиллиги; спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларга ружу қўйиш каби хусусиятлар мансуб.

Аксарият ҳолларда, оилавий зўравонликдан жабрланган шахслар бу ҳақда ички ишлар органлари ёки тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишмайди.

Суд-тергов идораларидан олинган маълумотлар ўрганилганида, аёлларга нисбатан эри томонидан зўравонлик ишлатилган тақдирда ҳам бу каби ҳолатларни яширишга ёки тиббиёт муассаларига мурожаат қилган тақдирида ҳам тан жароҳатини ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида олганлиги билан изоҳлашга ҳаракат қилиниши маълум бўлди. Кўп ҳолларда, шахс оиладаги зўравонликдан жабрланган тақдирда ҳам айбдорнинг суд ёки тергов муҳокамаси жараёнида жиноий жавобгарликка тортилишини истамаганлиги ёхуд жиноят иши қўзғатилган тақдирда ҳам уни кечирганлигини кўриш мумкин, – деб таъкидлайди тадқиқотчи Шаҳзода Пўлатова.

Бунга мавжуд мисолллардан бирини далил сифатида кўрсатиш мумкин.

1981 йилда туғилган, 3 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз, маълумоти ўрта фуқаро М. ўзининг уйида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, алкоголдан маст ҳолатда турмуш ўртоғи фуқаро Б.ни асоссиз рашк қилиб унинг сочидан тортиб, бош қисми ва танасининг турли жойларига уриб унга шикаст етказган. Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Б.ни соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати олганлиги кўрсатилган. Аммо, суд жараёнида фуқаро Б. эрининг хатти-ҳаракатларини кечирганлиги, ҳозирда ўзаро ярашиб олганликларини, ҳозирда ўрталарида ҳеч қандай низо йўқлиги тўғрисида таъкидлаб, ишни ярашув асосида тугатишни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси бўйича судларда кўрилган ишларнинг 76,3% тарафлар ярашганлиги сабабли жиноят ишлари тугатилган.

Модомики, жиноят ишини тугатишнинг имкони бўлмаган бўлса, жабрланувчи дастлабки тергов ва суд муҳокамаси пайтида айбдорнинг айбини юмшатишга, ҳатто содир этилган жиноятни тўла инкор этишга ҳаракат қилиб, оиласининг бузилиб кетишини сақлаб қолишга ҳаракат қилган.

Жабрланувчининг айбдор билан ярашиши сабаблари: айбдорнинг жиноят содир этганидан кейин хулқининг ижобий томонга ўзгарганлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги, ўзига яқин инсон бўлганлиги, раҳмдиллик ва дўстлик ҳисси ва ҳ.к.

Зўравонлик содир этган шахснинг хулқ-атворига хос психологик хусусиятлар ҳақида сўз кетганда, қўйидагиларни қайд этиш мумкин:

зўравон тажовузкор хулқ-атворга эга ва бошқалар унинг талабларини сўзсиз бажаришини истайди; қаҳр-ғазабини бошқара олмайди ва ўз хатти-ҳаракатини назорат қилмайди; айбини тан олмай, бошқаларга юклайди ва ўзини “жабрланувчи“ деб эътироф этади ҳамда содир этган қилмишининг оқибатини англамайди; танқидни кўтара олмайди ва ўзи содир этган қилмишни ҳуқуқбузарлик эканлигини тан олмайди. Ўзини оқлашга ҳаракат қилади; спиртли ичимликлар/гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилиши унинг тажовузкорлигини янада оширади ва ҳоказолар.

Суд архиви материаллари таҳлил қилинганида, ушбу тоифадагиларнинг асосий қисмини ишсиз, спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган, ғайриижтимоий хулқ-атворли, илгари судланган, маълумот даражаси юқори бўлмаган шахслар ташкил этиши аниқланди.

Хўш, зўравонлик содир этилганида амалга ошириладиган дастлабки ҳаракатлар қандай бўлиши лозим?

Зўравонликни олдини олишда ички ишлар ходимлари жабрланувчининг хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлаши, унга зарур ёрдам кўрсатиши ва ҳуқуқий ахборот бериши зарур. Бу ҳақда навбатдаги 3-мақоламизда батафсил маълумот берамиз.

“Оилангизга меҳр улашинг” рукнида бериб борилаётган мақолаларимизни кузатиб боринг!

 

Ўзбекистон Республикаси
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот
институти