ОИЛАНГИЗГА МЕҲР УЛАШИНГ

Бугунги кунда Республика ҳудудларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш ва мавжуд муаммоларни тадқиқ этиш масалаларига Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай оилавий ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқишида оиладаги носоғлом ижтимоий-руҳий муҳит, маълум даражада сабабчи бўлмоқда. Энг аянчлиси, оилавий қўйди-чиқди ва зўравонликлардан норасида фарзандлар руҳан жуда қаттиқ азият чекади.

Ҳозирда ўрганиш ва тадқиқотлар натижалари бўйича, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори кўмагида, “Зўравонликдан жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликнинг олдини олиш” номли қўлланма яратилган (қўлланма муаллифлари: Ш. А. Пулатова, А. Ш. Муродов).

Ушбу қўлланмадан фойдаланилган ҳолда шахсларни зўравонликдан жабрланишини олдини олиш ва уларга ижтимоий, ҳуқуқий, руҳий, тиббий ёрдам кўрсатишнинг тартиби, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига оид тавсиялар бериб боришни мақсад қилдик.

Бугунги суҳбатимиз мавзуси: “Зўравонликнинг таърифи ва қонунчилик” деб аталади.

Зўравонликнинг кўринишлари турлича бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунида зўравонликнинг, қуйидаги асосий тўрт тури белгиланган:

Жисмоний зўравонликка қуйидагиларни киритиш мумкин, яъни: шапалоқ тортиш, тепиш, турткилаш, мушт билан уриш; турли ўткир буюм ва нарсаларни отиш; уйдан чиқишга жисмонан йўл қўймаслик кабилар.

Руҳий зўравонликка қуйидагиларни киритиш мумкин, яъни:  ҳиссиёт ва ҳис-туйғуларни тан олмаслик; ёлғон сўзлар айтиб, ундан ўз манфаати йўлида фойдаланиш; қўрқитиш; шарманда қилиш; доимий равишда танқид қилиш, хафа қилиш кабилар

Жинсий зўравонликка қуйидагиларни киритиш мумкин: яъни: эркакнинг аёли билан фақат жинсий объект сингари муомала қилиши; аёлга мулойимлик қилмаслик; жинсий алоқани ўта шафқатсизлик билан амалга ошириш; ёки аввал калтаклаб, кейин жинсий алоқа қилиш ва ҳоказолар.

Иқтисодий зўравонликка қуйидагиларни киритиш мумкин: бирламчи эҳтиёжлари (озиқ-овқат, кийим-кечак, дори) учун асоссиз пул бермаслик; таълим олиш ва меҳнат қилишга рухсат бермаслик; оила бюджетидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва ҳ.к.

Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди. Шу билан бир қаторда, миллий қонунчиликнинг мавжуд базаси хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Қонуннинг 23-моддасида тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача бериши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-моддасида никоҳ тузиши ихтиёрийлиги, 19-моддасида эса, эр-хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши ва улар тенг мажбуриятларга эга эканлиги қайд этилган. Кодекснинг 79-моддасида эса, ота-оналик ҳуқуқини суистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса; ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексида зўравонликнинг турлари учун жавобгарлик белгиловчи нормалар мавжуд:

40-модда. Туҳмат (яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) 41-модда. Ҳақорат қилиш (яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) 47-3-модда. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш кабилар.

Оилада зўравонлик йўли билан содир этиладиган жиноий қилмишлар амалдаги Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида белгиланган жазоларни қўллаш таҳдиди билан тақиқланган.

Амалиётда кўп ҳолларда, ички ишлар органлари ходимлари томонидан жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсни қандай бўлмасин яраштириш учун ҳатти-ҳаракатлар қилиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Айниқса, маъмурий жавобгарлик назарда тутилган туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳолати бўйича қўзғатилган маъмурий ишлар судгача етиб бормасдан, ариза берган тарафни ўз аризасини қайтариб олишга ундаш ёки яраштириш билан якунлаш ҳолатлари ҳам мавжуд. Афсуски, бундай ҳолатларнинг мавжудлиги оила турмуш доирасидаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг латентлик даражаси ошиб кетиши ҳамда такрорланишига олиб келмоқда. Натижада айрим ҳуқуқбузар шахслар содир этган ҳатти-ҳаракатлари учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмасдан колмоқда. Ўз хизматлари юзасидан ички ишлар органлари ходимлари тўғридан-тўғри жабрланувчилар ва ҳуқуқбузарлар билан тўқнашиб, зўравонликнинг гувоҳи бўладилар. Уларнинг малакали ёрдам кўрсатишлари, айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишига жабрланувчининг кейинги тақдири ва ҳаёти боғлиқдир.

“Зўравонликдан жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликнинг олдини олиш”  номли қўлланма асосида бериб борилаётган 2-мақолада зўрвонлик содир этилиш эҳтимолидан дарак берувчи аломатлар, зўравонлик содир этган шахснинг хулқ-атворига хос психологик хусусиятлари ҳақида сўз юритилади.

“Оилангизга меҳр улашинг” рукнидан бериб борилаётган мақолаларимизни кузатиб боринг!

Матбуот хизмати