ИБРАТЛИ ОИЛАЛАР АНИҚЛАНМОҚДА

Самарканд вилояти Каттақўрғон шаҳар драма театрида “Оила” илмий–амалий тадқиқот маркази шаҳар бўлими томонидан “Ибратли оила” республика кўрик-танловининг финал босқичи ўтказилди.

Танловнинг финал босқичида “Ғарб мачит”, “Баҳористон”, “Ермачит”, “Яккабоғ” ҳамда “Миёнқол”МФЙ оилалари “Оила билан танишиш”, “Тезкор савол ва жавоблар”, “ Жамиятда оилаларда учраб келаётган муаммолар ва уларнинг ечимини топиш йўллари ” (саҳна кўриниши), “Оиланинг маҳалладаги ўрни” (видеоролик намойиши) шартлари бўйича ғолиблик учун беллашдилар.

“Ибратли оила” республика кўрик-танловининг шаҳар босқичида “Ғарб мачит” маҳалласи фуқаролари Хайруллаевлар оиласи фаол иштирок этиб, барча шартлар бўйича юқори балларни тўплашди. Айниқса , оилаларда эр-хотиннинг ўзаро тушунмовчиликлари натижасида кундан-кун кўпайиб бораётган ажралишларнинг олдини олиш, ёшларга “Оила-муқаддас даргоҳ” принципларини тарғиб қилиш бўйича Хайруллаевлар оиласи томонидан тайёрланган саҳна кўриниши тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Шу куни 35 та МФЙларнинг ҳудудий босқичларида фаол иштирок этган оилалар тақдирланди.

Танловда иштирок этган оилалар Каттақўрғон шаҳар ҳокими М.Хашимовнинг фахрий ёрлиқлари ва совғаларини қўлга киритди.