«ОИЛА» МАРКАЗИ - БИР ЁШДА!

Шу муносабат билан «Оила» ИАТМ томонидан уюштирилган медиа анжумани хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш бўйича 2018 йил мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланди.


Хусусан, ҳисобот даврида марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 10дан зиёд тадқиқотлар олиб борилди, ажрашиш арафасида турган 25 826 та низоли оиланинг иши судга бормасдан ижобий ҳал этилди, 12 мингдан ортиқ нотинч оилаларнинг муаммолари тегишли ташкилотларга йўналтириш орқали 4 минг 700дан ортиқ оиланинг турли хилдаги муаммолари ечилишига эришилди.


Шу билан бир қаторда Тошкент вилоятининг Паркент туманида никоҳланувчи ёшлар ўртасида тажриба тариқасида ташкил этилган ўқув машғулотларида 150 та ёш оиланинг турмуш тарзи, ўзаро муносабатлари, оиласи барқарорлиги тўғрисида мониторинг қилинди. Бу синов-тажриба Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Келин-куёвлар инновацион мактаби» фаолиятини йўлга қўйишга замин яратди.


Айниқса, Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш юзасидан «Йўл харита»сининг ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган социологик сўровлар, олиб борилган илмий-амалий тадқиқотлар асосида замонавий оила модели ишлаб чиқилгани қувонарлидир.


2019 йил - «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да «Оила» ИАТМ мамлакат тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги борасида олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотларда фаол иштирок этиб, уни амалга ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олган. Мақсад битта - оилалар соғлом ва фаровон, тинч-тотув бўлиши ҳамда замонавий намунали оилалар сони кўпайишига эришиш.