ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ФАРМОЙИШИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ФАРМОЙИШИ

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 февралдаги ПФ−5325-сон Фармонининг (кейинги ўринларда Фармон деб аталади) ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, бу борада вазирлик, идора, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг масъулиятини ошириш ҳамда назорат тизимини жорий қилиш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 февралдаги ПФ–5325-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда бу борада амалга ошириладиган ишларни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил қилинсин.
  2. Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Фармон ва Фармон билан тасдиқланган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида (кейинги ўринларда Комплекс чора-тадбирлар дастури деб аталади) назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан масъул бўлган вазирлик, идоралар, ташкилотлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;

Фармон ва мазкур фармойишни жойларга чиққан ҳолда ижросини назорат қилиш, аниқланган муаммо ва камчиликларни жойида бартараф этиш, ҳудудий ишчи гуруҳларнинг фаолиятини таҳлил қилиш ва мувофиқлаштириш;

3.Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташкилий тузилмасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, моддий-техника базасини яхшилаш йўналиши бўйича – хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини ташкил этиш, Хотин-қизлар қўмитасининг янгиланган тузилмасидан келиб чиқиб, янги ташкил этилаётган лавозимларга юқори малакали ва ташаббускор кадрларни жалб этиш, қўмита, “Оила” маркази ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларини зарур бино ва жиҳозлар билан таъминлаш, маблағлар ажратилишини ташкил этиш;

  1. Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш йўналиши бўйича – Фармон ва комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида пухта ва сифатли ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида иштирокини янада ошириш йўналиши бўйича – хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш;

хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг долзарб муаммоларни ҳал этишда ва улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳамкорликни кучайтириш йўналиши бўйича – иқтидорли, фаол ва ташаббускор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олишда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан самарали фаолият олиб боришига қаратилган чораларни кўриш, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда ишлаш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;

оила институтини мустаҳкамлаш, оила қадриятларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш йўналиши бўйича – оила институтини мустаҳкамлаш Концепциясини ишлаб чиқиш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, замонавий намунали оила меъзонларини яратиш, оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш борасидаги ишларга раҳбарлик қилиш;

хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналиши бўйича – соғлом оила қуриш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом турмуш тарзини юритиш, тиббий маданиятни шакллантириш борасида манзилли ишларни ташкил этиш юзасидан тизимли назоратни ўрнатиш;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила” маркази тизими идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш йўналиши бўйича – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила” маркази, уларнинг ҳудудий бўлимлари ва бошланғич ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш,  замон талабидан келиб чиққан ҳолда норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, фаолиятини рағбатлантириш чоралари белгиланишини ва амалга оширилишини мувофиқлаштириш.

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташкилий тузилмасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, моддий-техника базасини яхшилаш бўйича 1-ишчи гуруҳ 2-иловага;

Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича 2-ишчи гуруҳ 3-иловага;

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида иштирокини янада ошириш бўйича 3-ишчи гуруҳ 4-иловага;

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг долзарб муаммоларни ҳал этишда ва улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳамкорликни кучайтириш бўйича 4-ишчи гуруҳ 5-иловага;

Оила институтини мустаҳкамлаш, оила қадриятларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш бўйича 5-ишчи гуруҳ 6-иловага;

Хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича 6-ишчи гуруҳ 7-иловага;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила” маркази тизими идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича 7-ишчи гуруҳ 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Қуйидагилар ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Фармон ва мазкур фармойишнинг бажарилишини ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганиш, таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва жойида бартараф этиш, республика даражасида ҳал этиладиган масалалар юзасидан Республика комиссиясига таклифлар киритиш;

Республика комиссиясининг асосий вазифаларини амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш;

Фармонда ва Комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган тадбирларнинг амалга оширилишини тизимли таҳлил қилиш ва таҳлил асосида уларнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

тегишли йўналишлар бўйича чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан доимий мониторинг олиб бориш ҳамда юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал қилиш;

тегишли йўналишлар бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 февралдаги ПФ–5325-сон Фармони ижросини таъминлаш юзасидан назорат режа 9-иловага;

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш бўйича назорат режа 10-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

  1. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига назорат режаларда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклатилсин. Бунда:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликлари жорий йилнинг 15 февралига қадар:

Фармон ва мазкур фармойиш ижросини сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳудудий ишчи гуруҳларни тузсин;

Фармон ва Комплекс чора-тадбирлар дастурининг ижросини таъминлашга қаратилган “йўл хариталари”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) вазирлик, идора ва ташкилотлар жорий йилнинг 15 февралига қадар коллегиал органлари мажлисларида Фармон ва мазкур фармойишдан келиб чиқадиган вазифаларни муҳокама қилсин ва амалга ошириладиган ишлар юзасидан “йўл хариталари”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

в) тасдиқланган “йўл хариталари” жорий йилнинг 20 февралига қадар Республика комиссиясига тақдим этилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ахборот-таҳлил департаментлари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси котибияти, Ҳуқуқий экспертиза, халқаро шартномалар ва ташқи алоқаларни ривожлантириш бошқармаси мутассадилик қиладиган тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Фармон ва мазкур фармойишда белгиланган топшириқлар ижросини ўз вақтида бажарилишини назорат қилсин ҳамда Республика комиссиясига ҳар ойнинг 5-санасига қадар ахборот бериб борсин.

Фармон ижросини ташкил этиш ва назоратни амалга оширишда прокуратура органлари билан кундалик ҳамкорлик йўлга қўйилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар Фармон ва мазкур фармойишда белгиланган вазифаларни комплекс таркибига кирувчи вазирлик, идора ва ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилишини танқидий муҳокама қилсин ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун зарур чораларни белгиласин.
  2. Республика комиссияси:

ҳар чоракда Фармон ва мазкур фармойишда белгиланган вазифаларни танқидий муҳокама қилсин ва мавжуд камчиликлар бўйича тегишли чораларни кўрсин ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чоракдан кейинги ойнинг 15 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ахборот киритиб борсин;

киритилган ахборотни Бош прокуратура билан биргаликда таҳлил қилсин, умумлаштирсин ҳамда якуний ахборот ва зарур таклифларни тайёрласин;

тайёрланган якуний ахборот ва таклифларни ҳар чоракдан кейинги ойнинг 20 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига киритиб борсин.

  1. Фармон ва Комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилиши бўйича маълумотларни тақдим этиб бориш, умумлаштириш ва назорат қилиш тизими жорий этилсин ва уни амалга ошириш схемаси 11-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 20 февралига қадар Фармон ва мазкур фармойиш мазмун-моҳиятини ҳамда амалга оширилаётган ишларни оммавий-ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқиб, тасдиқласин ва амалга оширилишини таъминласин.
  3. Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К. Нарбаева зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                                                              А. Арипов