Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг НИЗОМИ

1-боб. Умумий қоидалар

 Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг (кейинги ўринларда «Оила» маркази деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

  1. «Оила» маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади;

«Оила» маркази оила институтини ривожлантириш соҳасида амалга ошириладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни экспертизадан ўтказишда иштирок этади, тадқиқотлар натижалари амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.

  1. «Оила» маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
  2. «Оила» маркази, «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобрақамларига эга бўлади.
  3. «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳузурида юридик шахс ҳисобланмайдиган «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолият юритади.
  4. «Оила» марказининг расмий номи:

1) давлат тилида:

тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, қисқартмаси — «Оила» маркази;

2) рус тилида:

тўлиқ номи — Научно-практический исследовательский центр «Оила» при Кабинете Министров Республики Узбекистан, қисқартмаси — Центр «Оила»;

3) инглиз тилида:

тўлиқ номи — Scientific and practical research center «Oila» under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan, қисқартмаси — center «Oila».

2-боб. «Оила марказининг» ташкилий тузилмаси

  1. «Оила» марказининг ташкилий тузилмаси қуйидагилар киради:

«Оила» марказининг марказий аппарати;

«Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари;

«Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари.

3-боб. «Оила» марказининг асосий вазифа ва функциялари

  1. Қуйидагилар «Оила» марказининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш;

2) оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш;

3) замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш;

4) умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб бориш;

5) давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш;

6) оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш.

  1. «Оила» маркази ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш соҳасида:

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқади;

оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

жамоатчиликни оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги ишларнинг аҳволи тўғрисида хабардор этади;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этади;

2) оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш соҳасида:

соғлиқни сақлаш органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш даражасини таҳлил қилади ва бу борадаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

марказда ишлаб чиқилган методик тавсиялар асосида соғлом оила қуриш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом турмуш тарзини юритиш асосларини хотин-қизлар орасида манзилли тарғиб этиш мақсадида якка тартибда тушунтириш ишларини, очиқ мулоқот, сайёр қабул ва давра суҳбатлари ўтказади;

ота-оналар учун оилада ногирон фарзандларини тўғри парваришлаш ва тарбиялаш, уларнинг тегишли кўникмаларини патронаж тизими орқали ошириш бўйича методик кўрсатмалар ишлаб чиқади;

оила ва никоҳ, репродуктив саломатлик, шунингдек, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари бўйича машғулотлар ўтказишни ташкил этади;

оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида ўсмир қизлар ва фертил ёшидаги аёллар учун «аёллар маслаҳатхоналари»ни ташкил этишга кўмаклашади;

3) замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш соҳасида:

илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан биргаликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этади;

фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни экспертизадан ўтказади, уларнинг долзарблиги, илмий ва амалий аҳамиятидан келиб чиқиб тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этишда иштирок этади;

оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларни олдини олишга доир ягона ёндашувларни ишлаб чиқади;

фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг натижалари ҳамда уларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижаларини баҳолайди, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказишни ва уларни амалиётга татбиқ этишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

олиб борилаётган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш натижалари тўғрисида маълумотлар базасини шакллантиради;

4) умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб бориш соҳасида:

никоҳдан ўтувчи шахслар томонидан оилавий ҳаёт асослари бўйича мажбурий ўқишдан ўтишлари масаласи бўйича тадқиқотлар ўтказади, бу соҳада ўқув дастурларини ишлаб чиқади;

эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни йўлга қўйиш, оила ва никоҳни сақлаб қолишдаги ўзаро масъулиятини таъминлаш масалаларини ўрганади;

умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида оилалардаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ методик тавсиялар ишлаб чиқади;

оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, оиланинг фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда оиланинг тутган ўрнини тарғиб қилиш, шунингдек намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва уларни амалга оширади;

фуқаролар йиғинлари яраштириш комиссияларига оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш масалаларида услубий кўмак кўрсатади;

оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, сақлаш ва ривожлантириш, маънавий-аҳлоқий тарбия, иқтисодий, ҳуқуқий билимлар, тиббий маданиятни ошириш, оилавий муносабатлар психологияси бўйича машғулотлар ўтказишни назарда тутадиган ўқув дастурларини ишлаб чиқади;

5) давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш соҳасида:

нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузишда иштирок этади;

давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари нотинч ва муаммоли оилалар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши масалалари бўйича амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказади;

нотинч ва муаммоли оилалардаги маънавий-аҳлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича таклифлар ва методик тавсиялар ишлаб чиқади;

нотинч ва муаммоли оилалар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради ҳамда улардаги маънавий-аҳлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишда иштирок этади;

6) оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида:

оила-никоҳ муносабатлари соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий ва ишбилармон алоқаларни ўрнатади ва ривожлантиради;

хорижий мамлакатларнинг оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги тажрибасини ўрганади, уни қўллаш бўйича илмий асосланган таклифлар ва методик тавсиялар ишлаб чиқади;

оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, жамиятда замонавий оиланинг намунали моделини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги ахборотни тайёрлайди ва халқаро ҳамжамиятига етказади.

4-боб. «Оила» маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг вазифа ва функциялари

  1. Қуйидагилар «Оила» маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) «Оила» марказига юкланган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

2) «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

3) ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказиш.

  1. «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

1) «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг фаолиятини ташкилий ва ахборот жиҳатидан таъминлайди;

2) «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари ва «Оила» маркази буйруқларининг ижро этилиши устидан тизимли назоратни таъминлайди;

3) «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг фаолияти устидан раҳбарлик ва назоратни амалга оширади;

4) «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хотин-қизлар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, соғлиқни сақлаш органлари, ФҲДЁ органлари ва давлат бошқа органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этади;

5) «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимларини молиялаштиради, уларнинг бухгалтерия ҳисоби ва харажатлар ҳисоботини ташкил этади;

6) «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг моддий-техник таъминотини таъминлайди;

7) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этади;

8) ташкилий, молиявий, ишлаб чиқариш, хўжалик ва ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;

9) тегишли ҳудудда оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини тизимли таҳлил қилади;

10) тегишли ҳудуддаги демографик вазият, оилалар фаровонлиги ва турмуш сифати даражаси бўйича статистик материалларни тўплайди;

11) тегишли ҳудудда оиланинг маънавий-аҳлоқий асосларини шакллантирувчи бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш ишларини ташкил этади;

12) тегишли ҳудудда оила институтининг аҳволи ва ривожи ҳамда анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича маълумотлар базасини шакллантиради;

13) тегишли ҳудудда оилани мустаҳкамлаш ва баркамол авлодни тарбиялаш масалаларида оила, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва таълим муассасалари ўзаро ҳамкорлигининг турли шаклларини ташкил этади;

14) ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этади;

15) оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида ўсмир қизлар ва фертил ёшидаги аёллар учун «аёллар маслаҳатхоналари»ни ташкил этишга кўмаклашади;

16) нотинч ва эҳтиёжманд оилалардаги касаллиги, шу жумладан, репродуктив саломатлиги билан боғлиқ касаллиги бўлган шахсларни аниқлашга ва уларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатишга кўмаклашади;

17) оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш масалаларини ҳал қилишда Республика «Она ва бола скрининги» маркази ва Республика аҳоли репродуктив марказининг бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади.

5-боб. «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг вазифалари ва функциялари

  1. Қуйидагилар «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг асосий вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

1) «Оила» марказига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

2) тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хотин-қизлар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш, соғлиқни сақлаш, ФҲДЁ ҳамда давлат бошқа органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш.

  1. «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

1) оиланинг демографик ривожланиши, фаровонлиги ва хотиржамлиги даражаси бўйича маълумотлар базасини шакллантиради;

2) оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятларни сақлашда муаммолари бўлган оилалар билан ишлайди;

3) оила институтини мустаҳкамлашга, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга ва оилавий ажрашишларнинг олдини олишга кўмаклашади;

4) жамиятда замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этади ва жорий этади;

5) давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлайди ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузади;

6) нотинч ва муаммоли оилаларда маънавий-аҳлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга кўмаклашади.

6-боб. «Оила» марказининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

  1. «Оила» маркази ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларидан «Оила» марказига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотлар, шу жумладан статистик ахборотни сўраш ва бепул олиш;

«Оила» марказига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритиш;

Давлат ахборот тизимларининг тегишли ахборот базаларидан ва ваколатли органларнинг ресурсларидан «Оила» маркази фаолиятига тааллуқли бўлган маълумотлардан белгиланган тартибда фойдаланиш;

маслаҳатчилар ва экспертлар сифатида юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни шартнома асосида ишга таклиф этиш;

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш, Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда «Оила» маркази ваколатига тааллуқли масалалар бўйича идоралараро хусусиятдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

«Оила» марказининг ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро миқёсда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифода этиш;

ўз ваколати доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

«Оила» маркази фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш;

ўз ваколати доирасида анжуманлар, семинарлар, симпозиумлар ўтказиш, ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шундай тадбирларда иштирок этиш;

«Оила» маркази ваколатига тааллуқли масалалар бўйича услубий материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

«Оила» маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимлари раҳбарларининг «Оила» маркази ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш;

оила институтини долзарб ва истиқболли ривожлантириш муаммоларини ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳлари ва вақтинчалик ижодий жамоалар тузиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, даврий илмий-амалий нашрларни чоп этиш;

шартнома асосида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, даромад шаклида олинган маблағларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда «Оила» маркази ходимларини рағбатлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий масалаларни ҳал қилишга йўналтириш.

«Оила» маркази қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. «Оила» маркази:

оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши;

оила институтини мустаҳкамлаш, жамиятда унинг замонавий намунали шаклини жорий этиш бўйича тадқиқотларни самарали ўтказилиши ҳамда таъсирчан, илмий асосланган ва амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқилиши;

«Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари иши самарали ташкил этилиши;

«Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари билан биргаликда «Оила» марказига юкланган вазифалар ва функцияларни сифатли ва ўз вақтида бажариш таъминланиши учун жавоб беради.

7-боб. «Оила» маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

  1. «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари ва уларнинг мансабдор шахсларидан «Оила» марказига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни сўраш ва бепул олиш;

Давлат ахборот тизимларининг тегишли ахборот базаларидан ва ваколатли органларнинг ресурсларидан «Оила» маркази фаолиятига тааллуқли бўлган маълумотлардан белгиланган тартибда фойдаланиш;

«Оила» маркази билан келишилган ҳолда, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш учун юқори малакали маҳаллий мутахассисларни шартнома асосида ўқитувчи сифатида ишга таклиф этиш;

«Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятини ўрганиш;

«Оила» марказига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хотин-қизлар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, соғлиқни сақлаш органлари, ФҲДЁ органлари ҳамда давлат бошқа органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бошқармаларига «Оила» маркази ваколатига тааллуқли масалалар бўйича таклифлар киритиш.

«Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари:

тегишли ҳудудларда оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида давлат сиёсати самарали амалга оширилиши;

«Оила» марказига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш бўйича «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари иши самарали ташкил этилиши;

«Оила» марказига киритилаётган таклифлар ва бошқа ҳужжатларнинг сифатли тайёрланиши;

оила институтини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари ва бошқа дастурий ҳужжатлар самарали амалга оширилиши;

оилада, айниқса никоҳнинг илк даврида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларнинг натижадорлиги;

нотинч ва муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чораларини кўриш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш ва оилавий муносабатларни яхшиланиши учун жавоб беради.

8-боб. «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

  1. «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ҳудудий бўлинмалари ва уларнинг мансабдор шахсларидан «Оила» марказига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни сўраш ва бепул олиш;

Давлат ахборот тизимларининг тегишли ахборот базаларидан ва ваколатли органларнинг ресурсларидан «Оила» маркази фаолиятига тааллуқли бўлган маълумотлардан белгиланган тартибда фойдаланиш;

«Оила» марказига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хотин-қизлар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш, соғлиқни сақлаш, ФҲДЁ органлари ва давлат бошқа органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бошқармаларига «Оила» маркази ваколатига тааллуқли масалалар бўйича таклифлар киритиш.

«Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари:

тегишли ҳудудларда оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида давлат сиёсати самарали амалга оширилиши;

«Оила» марказига киритилаётган таклифлар ва бошқа ҳужжатларнинг сифатли тайёрланиши;

оила институтини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари ва бошқа дастурий ҳужжатлар самарали амалга оширилиши;

оилада, айниқса никоҳнинг илк даврида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларнинг натижадорлиги;

нотинч ва муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чораларини кўриш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш ва оилавий муносабатларни яхшиланиши учун жавоб беради.

9-боб. «Оила» маркази фаолиятини ташкил этиш

  1. «Оила» марказига Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор бошчилик қилади.

Директор Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган иккита ўринбосарга эга бўлади.

  1. «Оила» маркази директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича вазирга, директорнинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.
  2. Директор ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун:

1) «Оила» марказининг фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

2) «Оила» марказининг ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

3) «Оила» маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

4) ўз ваколати доирасида «Оила» маркази марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, кўрсатма ва топшириқлар беради;

5) «Оила» маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг ишда жиддий камчиликларга йўл қўйган раҳбарларига нисбатан интизомий жавобгарлик чораларини кўриш, шу жумладан эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимномалар киритади;

6) қонун ҳужжатларига мувофиқ «Оила» маркази марказий аппарати ходимларини рағбатлантириш шаклларини белгилайди, лавозим маошларига устама ва қўшимча тўловларни белгилайди, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича қарорлар қабул қилади;

7) «Оила» марказига юкланган вазифалар ижроси учун шахсан жавоб беради;

8) «Оила» маркази фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича тезкор йиғилишлар ўтказади;

9) Илмий-методик кенгаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлайди ва унинг ишини ташкил этади;

10) мутахассислар ва амалиётчиларни ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курслари ишини ташкил этишга жалб этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

11) «Оила» марказининг иш режаси, ҳисоботлари ва методик ишланмаларини тасдиқлайди;

12) «Оила» маркази марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, «Оила» маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимлари раҳбарлари ва ходимларининг функционал вазифаларини тасдиқлайди;

13) қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

  1. Директор вақтинчалик бўлмаганда унинг ваколатларини унинг ўринбосарларидан бири бажаради.
  2. «Оила» маркази тизими ходимлари:

«Оила» маркази марказий аппаратининг ходимлари Директор томонидан;

«Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари раҳбарлари «Оила» маркази директори билан келишган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан;

«Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ходимлари «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари раҳбарлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

10-боб. «Оила» марказининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги

  1. «Оила» маркази давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан қуйидаги шаклларда ўзаро ҳамкорлик қилади:

«Оила» маркази ва бошқа ташкилотлар ўзаро ахборот алмашиши ҳамда «Оила» марказининг сўрови асосида бошқа ташкилотларга ахборот тақдим этиши;

«Оила» маркази ташкилотлар томонидан тақдим этган материалларни ўрганиши, улар асосида таклифлар ишлаб чиқиши ва тегишли ташкилотларга тақдим этиши;

«Оила» марказининг бошқа ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилаётган «Оила» маркази фаолиятига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишишда иштирок этиши;

«Оила» маркази томонидан амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни тегишли ташкилотларнинг фикрини олиш учун йўллаши;

«Оила» маркази томонидан бошқа ташкилотлар билан қўшма тадбирлар ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган «Оила» марказига юкланган вазифалар ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлган тадбирларда иштирок этиши;

«Оила» маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини режалаштиришда бошқа ташкилотларнинг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олиш ҳамда «Оила» маркази ва бошқа ташкилотларнинг биргаликдаги фаолиятига тааллуқли масалаларни келишиши;

оила институтини ва анъанавий оилавий қадриятларни ривожлантириш соҳасида грант асосида амалга оширилаётган давлат илмий-техник дастурлари, фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни экспертизадан ўтказишда иштирок этиши;

бошқа ташкилотларнинг сўрови асосида «Оила» маркази ваколатига тааллуқли масалалар бўйича эксперт хулосаларини тайёрлаши;

бошқа ташкилотларнинг сўрови асосида «Оила» маркази ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ахборот ва услубий кўмак кўрсатиши;

«Оила» марказининг асосий вазифаларидан келиб чиқиб ўзаро ҳамкорликнинг бошқа шакллари.

  1. «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари «Оила» марказига ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ҳисобот беради.

«Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари раҳбарлари ҳар ярим йилда бир марта Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари олдида қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот беради.

«Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари раҳбарлари ҳар чоракда бир марта туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари олдида ўз фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот беради.

Туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари — туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси раиси Хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ органлари ва бошқа тузилмаларнинг хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича фаолиятининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш мақсадида «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлими фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

«Оила» марказининг вакилларини иш режаларида кўзда тутилмаган тадбирларда иштирок этишга жалб этиш «Оила» маркази билан келишган ҳолда амалга оширилади.

  1. «Оила» маркази «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятини ахборот ва методик жиҳатдан таъминлайди.
  2. «Оила» маркази «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари раҳбарларининг уларга юкланган вазифаларни самарали бажариш бўйича фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради.
  3. «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлими фаолиятини ташкил этиш «Оила» маркази томонидан туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилади.

11-боб. «Оила» марказини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш

  1. Қуйидагилар «Оила» маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

1) жорий таъминот, шу жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш харажатлари бўйича:

«Оила» маркази марказий аппарати ходимларига — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар ва жамғармаларнинг грантлари, ноширлик фаолияти, шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан ва ишлар бажариш (хизмат кўрсатиш)дан тушадиган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

«Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ходимларига — тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар ва жамғармаларнинг грантлари, шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан ва ишлар бажариш (хизмат кўрсатиш)дан тушадиган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

2) махсус ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан ўқув машғулотларини ўтказишга жалб этиладиган мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, махсус ўқув курслари тингловчилари учун ўқув, тарқатма материаллар ва канцелярия анжомларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар бўйича — Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

3) Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича илмий лойиҳаларни бажаришга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари.

  1. «Оила» марказининг марказий аппарати, «Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, «Оила» марказининг туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ходимлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра тегишли равишда вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига тенглаштирилади.

«Оила» маркази марказий аппарати ходимларига давлат бошқаруви органлари марказий аппарати ходимлари учун белгиланган тиббий таъминот шарт-шароитлари сақлаб қолинади.

12-боб. Якунловчи қоидалар

  1. «Оила» марказини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
  2. Ушбу Устав талаблари бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги 229-сон қарорига
6-ИЛОВА