АЖРИМ САБАБИ ЭМАС, ОҚИБАТЛАРИ МУХИМ

Оила бизнинг ҳаётимиздаги энг азиз  ва муқаддас даргоҳ! Фақат оиладагина инсоннинг бахтли бўла олиши, ўзини кимларгадир керакли ҳис этган ҳолда ҳаёт кечириши барчага маълум.

Гап оила тинчилиги, осойишталиги, мустаҳкамлиги, оила муносабатлари ҳақида борар экан, шубҳасиз, жиддий муҳокама қилинадиган масалалар қаторида никоҳ-оила муносабатларининг бузилиши, эр-хотинларнинг ажралиш муаммоси туради.

Ажралиш муаммоси ҳозирги замон инсоният жамиятининг энг муҳим ижтимоий муаммоларидан бири, зеро ҳеч бир инсон “маълум муддат ўтгандан сўнг ажрашаман” деган фикрда оила қурмайди.

Агар ажралишларнинг аёл ва эркакка кўрсатадиган асосий таъсирини санайдиган бўлсак, улар қуйидагича бўлади:

Жамият учун – нотўлиқ оилалар сони кўпаяди, оилалараро ёки қариндошлараро муносабатлар бузилади, бир жинснинг иккинчи жинсга нисбатан нафрати пайдо бўлади, шахснинг ижтимоий фаоллиги сусаяди.

Эркак учун – ёлғизлик ҳиссининг ортиши, гиёхвандлик ва ичкиликка берилиши, турли касалликлар чалиниши.

Аёллар учун – ёлғизликни ҳис қилишнинг ортиши, қайта оила қуриш имкониятининг чекланганлиги, асабийлашишлар, руҳий зўриқишлар, турли хасталиклар дуч келиши, ўз жонига қасд қилиш.

Бугунги кунда ажрим ёқасидаги оилалар билан ишлаш жараёнида ажрим сабабларигагина эмас, балки ажрим оқибатларига эътибор қаратиш, оиладаги муҳит фарзандлар тарбиясига жиддий таъсир этиши хусусида оилаларга тушунтириш  ишлари олиб бориш муҳим. Чунки носоғлом психологик муҳитли, низо-жанжалли, ўзаро меҳр-оқибатсиз муҳитда дунёга келиб шаклланган бола, кейинчалик нафақат ўз ота-онаси, ака-укаларига нисбатан, балки атрофдаги, қолаверса, ўзи яшаётган жамиятга нисбатан шафқатсиз, золим, худбин, юрт манфаатларига зид, ташқи кучлар таъсирига осон берилувчан, шу асосда эса ўз оиласи, ўз халқи, ўз юрти учун хавфли одам бўлиб етишиши мумкин.

Ажрашаётган оила вакиллари билан сухбат ўтказилганда, ажрим сабаблари ўрганилганда, улар қандайдир ҳамма учун стандарт бўлиб қолган сабабларни кўрсатишга харакат қилишади. Масалан, “характеримиз мос келмади”, “ўзга шахснинг аралашуви”, “қўполлик”, “моддий етишмовчилик”, “ичкиликка берилиш”, “ота-онанинг ноўрин аралашуви”, “ёшларнинг оила масъулиятини ҳис қилмаслиги” ва ҳ.к. Агар таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, вазиятга қараб, бундай кўрсаткичлар баъзиларда сабаб, баъзилар учун эса баҳона вазифасини ўтайди.

Қолаверса ажрим бир оилада кузатилса, унинг таъсири шу оилага яқин бўлган бир неча оилаларнинг парокандаликка учрашига, тинчлигини бузилишига сабаб бўлади. Бир неча йиллар аввал оиласи билан ажарашган бир аёл ўз ҳаёт йўли тўғрисида шундай дейди: “Эртакмонанд тасаввурлар, орзулар оғушида ҳар бир қиз ўз оиласини тарк этади. Мен ҳам шундай чексиз орзулар билан турмуш қурдим. Лекин қисқа вақт ичида оила мен ўйлаганчалик шунчаки ҳавас эмас эканлигини тушуниб етдим. Оила қурганимга хеч қанча вақт ўтмай, турмуш ўртоғим билан келишмовчиликлар сезила бошлади. Вақт ўтиб фарзандли бўлдик, фарзанд оиламиз мустаҳкам бўлишига сабаб бўлар деган умидда эдим, лекин мен ҳам, эрим хам оилавий келишмовчиликларга чидай олмаганлигимиз сабабли ажралишга қарор қилдик. Ота-оналаримиз, яқинларимизнинг қаршилигига қарамай ажрашдик. Фарзандим учун алимент тайинланди, эрим ишламас эди. Алимент пулини олишим мен ва фарзандим учун кунлик харажатларга етади деб ажрашганимга қайсидир маънода хурсанд хам бўлдим, ота-онам кўнглимга қарашар, аввалгидай нимани хоҳласам  шуни қилишим мумкин эди.  Вақт бешавқат деб бекорга айтишмас экан, мана ажрашганимга 19 йил бўлди, фарзандим 21 ёшга кирди, ота-онам оламдан ўтиб кетишди, укам оиласи билан ота-онамдан қолган 3 сотихли ҳовлида 7 киши яшаб келмоқдамиз. Укам бир қизини турмушга берди, энди ўғлини уйлантириш ҳаракатида, уйни бўшатишимни сўрамоқда, менинг ҳам ўғлим вояга етган ва алимент тўхтатилди, ўзим 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим, ўғлимни уйлантиришим керак лекин на уйим ва на маблағим бор. Арзимаган сабаблар учун ўзим учун муқаддас бўлган оиламни бузганлигимга афсус қилмоқдаман, лекин энди кеч”.

Бугунги кунда арзимас сабабларни рўкач қилиб оиласини бузилишига сабабчи бўлаётган ёш оила вакилларимиз бу аёл қисматидан тўғри хулоса чиқаришларига ишонаман, зеро “Оила муқаддасдир”.

 “Оила” маркази Наманган туман

бўлими рахбари И.Каримов