СПОРТ ҲАР БИР ОИЛАГА КИРИБ БОРСИН

Оилаларнинг барқарорлиги саломатлик, тинчлик, иш билан бандлик каби ижтимоий омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Мана ижтимоий масалаларда ёрдамга муҳтож бўлган оилалар талайгина. «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказида оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажримларнинг  олдини олиб бориш бўйича бир қатор илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Аслида бугунги тезкор ва шиддатли даврда ҳар бир давлат органи ва жамоат ташкилотларининг мамлакатимиз равнақи йўлида олиб бораётган ўзига яраша вазифалари бор. Бу борада «Оила» марказининг Тошкент вилояти бошқармаси яқин ҳамкорлари бўлмиш вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш вилоят кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар белгиланган чора-тадбирларни тўлақонли амалга ошириб келмоқда.

Куни кеча тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган «Соғлом оила — жамиятнинг мустаҳкам пойдевори» саломатлик ойлиги эълон қилинди.

Биз соғлом ҳаёт тарафдоримиз!

Мана шу шиор остида қизғин мусобақалар Оҳангарон, Олмалиқ, Бекобод шаҳарлари ва Пискент туманида ташкил этилди.

Унда турли 18 ёшдан 45 ёшгача бўлганлар икки гуруҳга бўлиндилар.      Веломарофон учун бир ярим километрлик, югуриш марафони учун икки километрлик масофа белгиланди.

Маълумки, югуриш ва велосипед ҳайдаш юрак-томир, мускуллар чиниқишига ижобий таъсир кўрсатади, стресс ва асабийликни енгади, кайфиятни кўтаради. Булар инсон саломатлиги учун жуда ҳам фойдали машқлардир.

— Оҳангарон шаҳар стадионида бўлиб ўтган югуриш марафонида оиламиз биринчи ўринни эгаллади. Биз бундан жуда хурсанд бўлдик. Тадбир баҳона спортга қизиқишимиз янада ортди. Ёш оилаларга саломатлик ойлигини уюштирган “Оила” марказига ўз миннатдорчилигимни билдираман, — дейди  Оҳангаронлик Насиба Абдуллаева.

Бу марафонларда Пискент туманининг 4 нафар мактаб ўқувчилари ҳам ўз имкониятларини намойиш этдилар. Оҳангарон, Олмалиқ туманлари ва Бекобод шаҳридан иштирок этган оилалар ғолиблари  «Энг фаол спортчилар оиласи», «Энг ташаббускор оилалар» номинацияси соҳиби бўлишди.

Оилам ва мен спорт билан ҳамроҳмиз

   Қибрай, Янгийўл, Бўка туманлари ва Чирчиқ, Ангрен, Нурафшон шаҳарларида “Оила ва мен”  мавзусида ўтган спорт мусобақасида “Энг чаққон оила”, “Биз оилавий шахматчилармиз”, “Энг қувноқ оила”, “Энг ёш иштирокчи” ва “Энг ёши улуғ иштирокчи” номинациялари бўйича  беллашилди. Унда  эликка яқин оилалар шахмат-шашка, югуриш, арқон тортиш, тош кўтариш бўйича куч синашди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилган мазкур тадбирда ҳар бир оила аъзоси ғолиблик учун кескин кураш олиб борди. Белгиланган   шартларни бажарган оилалар ҳомий ташкилотларнинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғаларига эга бўлдилар.

Нафақадаман демай...

Қатнашувчилар орасида ўз оиласига зафарлар олиб беришга ҳисса қўшишни истаган энг ёши катта вакиллар ҳам бор. Соғлом турмуш тарғиботи натижасида кўпчилик нафақа ёшидагилар ҳам спорт билан шуғулланишни одат қилишяпти. Бугун уларни спорт заллари, стадион, очиқ сув ҳавзаларида  учратишингиз мумкин. Уларнинг иштироки туфайли мусобақалар ҳам ўзгача файзли ўтди. Одатда катта ёшдагиларнинг камҳаракатлилиги туфайли улар ўртасида суякларнинг емирилиши, бўғимларга туз тўпланиши каби касалликлар кўп учрайди. Шу сабабли улар доимо ҳаракатда бўлишлари зарур. Спорт эса уларга бу борада энг яқин кўмакчи ҳисобланади.

Бўстонлиқ, Оққўрғон, Юқори Чирчиқ, Чиноз туманларида истиқомат қилувчи нафақа ёшидагилар саломатлик ойлигида фаол қатнашишди. Имкон даражасидаги югуриш, велосипед миниш, шахмат-шашка ва бошқа мусобақаларнинг ҳар бир шартларида ўзларининг ғайратли, эпчил ва чаққонликлари ҳаммани ҳайратга солди. Бу эса уларнинг ҳаётга теран қарашларини, вақтни фойдали ўтказишга одатланганликларини кўрсатди.

Ўсмир ёшлар соғлиги қай даражада?

Бугун ҳамма ёшларнинг қўлида телефон. Фойдаланадиганлари компьютер, кўрадигани телевизор ҳисобланади. Оқибатда ёшларнинг умуртқа поғонаси нотўғри ривожланади, кўзлар толиқиб, кўриш даражаси пасаяди. Бундан ҳолатларга ёшлар беэътибор қарашади. Ўзларида кечаётган касалликлар, ўзгаришлардан бехабар юриши уларни тиббий назоратдан ўтказишга зарурат туғдиради.

Ҳозирда таълим муассасаларида мунтазам равишда тиббий саводхонлик даражасини оширишга қаратилган  дарс ва ўқув семинарлар ўтказилмоқда. Ўсмир йигит ва қизлар ўртасида кўп кузатиладиган йод танқислиги, ҳаракат таянч тизими, кўз касалликлари ва бошқа касалликлар бўйича  тиббий кўриклар ташкил этилди.

Саломатлик ойлиги доирасида Зангиота, Паркент, Тошкент туманлари ва Олмалиқ шаҳрида жойлашган 18 та касб-ҳунар  коллежининг 9175 нафар ўқувчиси эндокринолог, ортопед ва офтальмолог кўригидан ўтказилди. Тиббий кўрик таҳлилларига кўра 2278 нафар ўқувчида биринчи ўринда йод танқислиги, иккинчи ўринда кўз соҳаси ва охирги ўринда таянч ҳаракат тизими касалликлари мавжуд бўлиб, улар кузатувга олинди. Бундан ташқари, вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 23 886 нафар ўқувчиси,  мактабгача таълим муассасасининг 3210 нафар тарбияланувчисининг соғликлари ҳам тиббий кўрикдан ўтказилди. Булардан 1504 нафари йод танқислиги, 87 нафари таянч ҳаракат тизими ва 1238 нафари кўз касалликлари билан оғриганлиги маълум бўлди. Тиббий кўрик тадбирлари фақат таҳлилларга асосланмай, балки улар учун амбулатор ва клиник соғломлаштириш ишлари бошлаб юборилди.  Қувонарлиси, саломатлик ойлиги давомида тиббий кўрик бўйича тўпланган таҳлилларга асосан, ёшларнинг соғлигидаги муаммолар амбулатор ва стационар тарзда бартараф этилиб, муолажалар олиб бориляпти. Соғлом оилалар ва самарали меҳнат кишиларининг кўпайишида бу ишларнинг аҳамияти катта.

       “Оила” марказининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилаётган бундай тадбирлар аҳолининг спорт, соғлом ҳаёт тарзига бўлган қизиқишини кундан-кунга оширяпти. Бу борада вилоят бошқармаси томонидан  “Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдаги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш ҳам режалаштирилди. Мазкур конференцияда оиланинг муқаддаслиги, оила ва  бола саломатлигини муҳофаза қилишда жамиятнинг роли, оналик ва болалик давлат ҳимоясида эканлиги, бу борада учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳақида маълумотлар берилиши режалаштирилган.

Умида Мансурова,
“Оила” ИАТМ Тошкент вилояти
 бошқармаси мутахассиси.