ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА АЁЛНИНГ ЎРНИ

 Тарбия жараёнида, албатта, аёлнинг ўрни беқиёсдир. Аёлларимизни жамият тараққиётининг барча жабҳаларида ҳоҳ ишлаб чиқариш, ҳоҳ тадбиркорлик, ҳоҳ педагогик фаолият ва ниҳоят оилада етакчи эканликлари сир эмас. Тарихдан маълумки, аждодларимизнинг қадимги ёзма ва оғзаки манбаларида аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеи доимо юқори баҳоланиб келинган.

“Оила” ИАТ маркази ҳузурида ташкил этилган махсус ўқув курсларида касб малакасини ошираётган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича маҳалла мутахассислари учун белгиланган дарс машғулотлари дастурларида  ҳам оилаларни мустаҳкамлаш, фарзандлар тарбияси, комил шахсни камолга етказиш каби йўналишларга асосий эътибор қаратилмоқда.

Маънавият, психология тренингларида инсон руҳияти, унинг атрофдаги воқеа ҳодисаларга соғлом муносабати, фикрлаши ва дунёқарашида оиланинг, ота-она, яқинларнинг таъсири ҳақидаги таҳлиллар ўрганилади. Соғлом турмуш тарзи, миллат генофондининг соғломлиги, демографик вазиятларни барқарорлаштириш репродуктив саломатлик  машғулотларида тингловчиларга етказилса, ижтимоий хизмат йўналишидаги маҳорат сабоқларида оиланинг генограммаси, эко карта ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож кишининг аҳволини баҳолаш мезонлари, ижтимоий иш ходимининг ахлоқ этикаси ҳаётий фактлар ва интерфаол усулларда ўргатилмоқда.

Инсон омили, инсон фактори муҳим  бўлган ҳар бир ҳолатда маънавий хазинамиз, аждодларимиз ўгитлари, ҳадис ва ривоятларнинг таъсири беқиёс эканлиги бугун айтилаётган янгилик эмас, ахир. Баъзан кексайган отасини қаровсиз қолдирган ўғилга танбеҳ беришда “Отанг ўтирган уйнинг томига чиқма”, “Ота рози - худо рози”, дейилган минг йилликларга дахлдор мақол ёки нақл ҳам ҳар қандай кишига маълум маънода таъсир этади.

Олот тумани Шейхлар қишлоғида истиқомат қиладиган Оллоберган (исмлар шартли равишда ўзгартирилган) хонадонига маслаҳатчининг якка тартибдаги суҳбатлари туфайли хотиржамлик меҳр-оқибат қайтганини эшитиш яна бир бор оила институтини мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатининг самарадорлиги ўз исботини топди. Ёки яна бир мисол: Шофиркон туманидаги Саврак қишлоғида яшовчи Ҳабиба ва Фаррухлар(исмлар шартли равишда ўзгартирилди.)нинг ажрим ёқасига келиб қолган оиласини кенг жамоатчилик биргаликда сақлаб қолиши ҳам хайрли ишдан далолатдир.

Оиладаги маънавий муҳит, фарзандлар тарбияси барча-барчасида аёлнинг роли беқиёс.  Ризоуддин ибн Фахриддин “Оила” номли асарида аёллар ҳақида тааъкидлаганидек, “Агарда оила кемага ўхшатилса, хотун кеманинг қуйруғи ҳукмида бўлур. Дарёда катта қувватга эга бўлган кема қуйруқ ҳаракатига эргашиб юргани каби, мамлакат мисолида бўлган оилаларда оила ичида бўлган хотун ҳаракатига эргашурлар. Хотунлари тарбияли бўлган халқ – тарбияли-ю, хотунлари тарбиясиз бўлган халқ – тарбиясиз, хотунлари тиришқоқ, тадбиркор иродали бўлган халқ – бою, хотунлари ялқов ёки исрофгар халқ фақир бўлиши аниқдир”.

Оила тарбиясининг муҳим йўналиши ғоявий тарбиядир. Оиладаги тарбия шахснинг шаклланишида, уни сиёсий, диний, эстетик, ахлоқий, бадиий, касбий қарашларини маълум бир мақсад, ғоя йўлига йўналтирилган бўлади. Бундай тарбия инсон дунёқарашининг кенгайишига хизмат қилиб, том маънода мафкуравий тарбиянинг асосини ташкил этади. Абу Наср Фаробий таъкидлаганидек: “инсонда гўзал фазилатлар икки йўл  - таълим ва тарбия йўли билан ҳосил қилинади. Таълим фақат сўз ва ўргатиш билангина бўлади. Тарбия эса, амалий иш тажриба билан, яъни шу халқ, шу миллатнинг амалий малакалардан иборат бўлган иш ҳаракат, касб-ҳунарга берилган бўлиши, ўрганишидир”, - дейди. Унинг фикрига кўра, таълим-тарбия ишларини икки йўл билан амалга ошириш даркор. Биринчиси, - қаноатбахш сўзлар, чорловчи, илҳомлантирувчи сўзлар ёрдамида одат ҳосил қилинади...Иккинчи йўл – мажбур этиш йўлидан иборат деб кўрсатиб ўтади.

   Ўзбек оиласида бола онгида соғлом ғоя ва билимлар шаклланиши жараёнида оиланинг катталари - боболар, момолар, яқин қариндош-уруғлар ҳам бевосита иштирок этади. Азалий удумга биноан бола тарбиясида ота-онадан кўра бобо ва бувиларнинг таъсири кучлироқ бўлади. Улар оиладаги маънавий муҳитнинг бошқарувчилари ҳисобланади. Бундай тарбия анъанаси буюк аждодларимиз тақдирида муҳим ўрин тутган. Масалан, Амир Темур неваралари тарбияси билан уларнинг оналари эмас, бувилари шуғулланган. Хусусан, Шохрух Мирзо, Халил Султон, Улуғбек Мирзо сингари шахзодалар Сароймулкхоним қўлида тарбия топган. Аҳли дониш эътирофи билан айтганда, “Оналар болани дунёга келтирганликлари учун эмас, уни одобли, ахлоқли қилиб вояга етказганликлари учунгина олқишга сазовор бўладилар”.

 Ситора Акрамова,

“Оила” ИАТ Маркази Бухоро вилоят бошқармаси

ҳузуридаги махсус ўқув курси раҳбари