Эскича ўқув-дастурлари билан ривожланиш мумкинми?

Мамлакатимизда оилага жамиятнинг асосий бўғини сифатида қаралади. Уларнинг мустаҳкамлиги ва фаровонлиги йўлида эса эзгу ишлар амалга ошириб келинмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳаммедова Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
 
– Оила муқаддаслиги, эр ва хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат, комил фарзанд тарбияси, авлодлараро мулоқотнинг аҳамияти, шарқона тарбия масалалари асрлар давомида халқимиз онгида шаклланиб келган. Шу сабаб, оила муҳити ёшлар тарбиясида миллатнинг ўзлигини ва қадриятларини сақлаб, давом эттирувчи даргоҳ сифатида ҳал қилувчи ўрин тутган.
 
Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш борасида мутлақо янгича тизим ишлаб чиқилиб, кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Бироқ бу борада олиб борилаётган ўрганиш ва мониторинглар оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган қатор омиллар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
 
Хусусан, оила мавзусидаги тадқиқотлар ниҳоятда кам, борлари ҳам ҳаётий воқеликдан узилиб қолган. Бой тарихий меросимиз, қадриятларимизни тиклаш, танлаш, таҳлил қилиш ва бугунги замон руҳи билан уйғунлаштирган ҳолда ёш авлод онгига сингдириш масалаларида сусткашликка йўл қўйиб келинган. Охирги ўн йилда Ўзбекистонда аҳолининг демографик ривожланиши ва оилалар саломатлиги, уларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиш бўйича комплекс тадқиқотлар деярли амалга оширилмаган. Илмий-тадқиқот ишларининг мавзуларини белгилашда минтақаларга хос бўлган муаммолар эътибордан четда қолиб келган. Ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-маданий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жиддий антропологик тадқиқотлар олиб борилмаган.
 
Шу боис, бугун ёшларимизнинг оила қуришида зарур ҳуқуқий, иқтисодий, тиббий, маънавий-маърифий, психологик, жинсий, ахлоқий билим ва кўникмалари пастлиги, мустақил ҳаётга тайёр эмаслиги, рўзғор юритишга уқувсизлиги сезилиб қолмоқда. Пировардида, кейинги йилларда низоли оилалар ва ажрашишлар сони сезиларли ошган, оиланинг репродуктив ҳуқуқлари тўлиқ таъминланмаган, норасмий никоҳлар сони кўпайган, оғир ҳаётий шароитдаги оилаларнинг нима учун бундай ҳолатга тушиб қолгани таҳлил қилинмаган.
 
Оилалар билан ишлаш бўйича мутахассислар тақчиллиги кузатилмоқда. Мисол учун, демография сиёсати масалаларини мувофиқлаштирувчи ягона масъул ҳукумат ташкилотининг йўқлиги демографларга бўлган эҳтиёжни кучайтирмоқда. Аксарият мутахассислар вазиятни холис баҳолаб, таҳлил қилиб, тадқиқотлар олиб бориб, ҳар тарафлама аниқ ва пухта хулосалар ишлаб чиқиш каби амалий кўникмаларга эга эмас.
 
Ҳозирги кунда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳар йили “Геодемография” йўналиши бўйича бор-йўғи 4 нафар, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида эса “Демография, меҳнат иқтисодиёти” йўналиши бўйича 7 нафар мутахассис тайёрланмоқда, холос.
 
Оилаларга ижтимоий хизмат кўрсатувчи тажрибали мутахассислар – ижтимоий иш хизматчилари, оилавий психологлар, илмий амалиётчилар, тадқиқотчилар ҳам етишмайди. Олий ўқув юртларида оила соҳасига оид фанлар чеклангани сабабли жамиятда оила билан боғлиқ муаммолар учраб турибди, уларнинг ечимини топиш оқсамоқда.
 
Умумтаълим мактабларида психологлар етишмаслиги бугун энг оғриқли масалага айланган. Республика миқёсидаги ўрганишларга кўра, айни вақтда мактабда фаолият юритаётган бир нафар психолог ўртача 554 нафар ўқувчи, 43 нафар ўқитувчи билан ишлашига тўғри келмоқда ёки 25 фоизга яқин мактабларда психолог учун хона ажратилмаган.
 
Шу боис, марказимизнинг барча ҳудудий бошқармалари қошида махсус ўқув курслари ташкил этилди. Уларда оила соҳасига дахлдор мутахассислар малакаси мунтазам ошириб борилмоқда. Ўз навбатида, бу борадаги мавжуд муаммони ҳал этиш, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида оила институти соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.
 
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан 2017 йил декабрь ойида мактаб дастурига киритилган фанларда оила сабоқларига қаратилган мавзуларнинг таҳлили ўтказилди. Хусусан, оила, ота-она, меҳр-оқибат, садоқат, эътиқод, каби тушунчалар ҳамда ёшларни оилага тайёрлаш масаласига бағишланган мавзулар ҳолати ўрганилди. Маълум бўлдики, мактаб ўқув дастурларига киритилган оила сабоқларига оид мавзулар бошланғич синфларда “Ўқиш” ва “Одобнома” фанларида оилавий қадриятлар, одоб-ахлоқ, миллий анъаналар руҳида тарбиялашга қаратилган кичик ҳикоялар, шеърлар ва эртаклар шаклида ўрин олган. Шунингдек, 5-9 синфларда “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ва “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанлари таркибида жами 15 соат оила соҳасига яқин мавзулар ўқитилиши йўлга қўйилган. 10-11 синфларда ўқитиладиган “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанига оила ҳуқуқи ҳақида билимлар берувчи мавзулар киритилган.
 
Бироқ мактаб ўқув дастурида оила сабоқларининг барча йўналишини қамраб олган алоҳида фан йўқ. Ёшларни оилага тайёрлаш ва оилада соғлом муҳитни яратишда муҳим ҳисобланган эр-хотин, қайнона-келин, ота-она ва фарзанд, яқин қариндошлар, жинсий тарбия, оилани режалаштириш, репродуктив саломатлик, оила бюджети ҳамда оилаларда сақланиб келаётган миллий ва умуминсоний қадриятлар, уларни асраб-авайлаш каби мавзулар киритилмаган.
 
Марказ томонидан ёшларни никоҳ қуришдан аввал оилавий ҳаёт асосларига ўқитиш борасида ривожланган хориж давлатлари тажрибаси таҳлил қилинганида, аксарият давлатларда бу масалага алоҳида эътибор билан ёндашув мавжудлиги маълум бўлди.
 
Америка Қўшма Штатларидаги мактаб ва коллежларда оилавий ҳаётни ўргатиш учун алоҳида ўқув дастури бўлиб, улар асосан никоҳ қуришга тайёргарлик, ҳомиладорлик масъулияти ва жинсий таълим масалаларига йўналтирилган.
 
Россия Федерациясида эса ёшларни оилага тайёрлаш расмий ва факультатив таълим шаклида олиб борилади. Оилавий ҳаёт асосларини ўқитиш бўйича “Диний маданият асослари ва дунёвий ахлоқ” деб номланган ўқув курслари мактаб ўқувчилари ўртасида давлат таълим стандартлари асосида қатъий йўлга қўйилган.
 
Ўз навбатида, баъзи ўқув муассасаларида ўқувчиларнинг бошқа ёш тоифаларини оилавий ҳаётга сифатли тайёрлашни таъминлаш учун муаллифлик дастурларидан ҳам фойдаланилади. Хусусан, кичик мактаб ёшидаги болалар учун “Мен нафақат боламан, мен бўлғуси оила қурувчиман”, “Менинг бахтли оилам”, катта синфдаги ўқувчилар учун “Бўлғуси оила қурувчини тарбиялаш”, “Оилавий ҳаёт этикаси ва эстетикаси”, коллеж ўқувчилари учун эса “Оила”, “Улғайиш”, “Этика ва оилавий ҳаёт психологияси”, “Болалар уйида бўлғуси оила қурувчини тарбиялаш” каби ўқув машғулотларини олиб бориш йўлга қўйилган. Олий ўқув муассасаларида талабалар учун “Оила ҳуқуқи” дарслари ўтилади.
 
Беларусь Республикасида эса 10-11 синф ўқувчиларига “Ўқувчиларни оилавий ҳаётга тайёрлаш” деб номланган факультатив машғулотлар ўргатилади.
 
Мамлакатимизда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мавзуси бўйича бир қатор нодавлат таълим муассасаларида машғулотлар олиб борилаётган бўлса-да, уларнинг аксарияти фақатгина қизларга тор доирадаги рўзғор кўникмалари, жумладан, пишириқлар пишириш, тикиш-бичиш, пардоз-андоз, чақалоқни парваришлаш, қайнона-келин муносабатлари сингари мавзулар билангина чекланиб қолмоқда. Йигитлар учун оила соҳасида нодавлат таълим муассасалари деярли фаолият юритмайди.
 
Мамлакатимиз олий таълим муассасалари ўқув дастурларидан ҳам оила институтига оид умумкасбий фанлар ўрин олмаган. Марказимиз бу борада тегишли идораларга ўзининг таклиф ва тавсияларини тақдим этган.
 
Афсуски, бугун кўпчилик ёшларимиз мустақил ҳаётга на иқтисодий, на маънавий, на ҳуқуқий, на руҳий ва на диний-маърифий томондан тайёр эмас. Бу муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йил июнь ойида Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги ФҲДЁ органига никоҳдан ўтиш учун ариза берган бўлғуси келин-куёвлар учун махсус ўқув курси ташкил этдик. Бир ой мобайнида уларнинг билим ва кўникмасини оширишга ҳаракат қилдик. Паркентда изчил давом эттирилаётган бу ўқув курси ёшларга маъқул келгани боис, ушбу тажрибани бутун республикамиз бўйлаб оммалаштирмоқдамиз.
 
Шу билан бирга, яқинда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ идораси биносида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Президентимиз ғояси асосида ташкил этилган ушбу инновацион мактабда оила қуриш арафасида турган ёшларга оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий-ижтимоий, психологик, маънавий-ахлоқий асослари, оилада эркак ва аёлнинг вазифалари, оила иқтисодиёти ва бюджетини юритиш, репродуктив саломатлик борасида замонавий инновацион технологиялар асосида билим ва кўникмалар берилади. Улар оилавий ҳаётга комплекс тайёрлаб борилади.
 

Даврон Суннатов, ЎзА​

Манба