АМИР ТЕМУР – ЎЗБЕК ДАВЛАТЧИЛИГИНИНГ БУЮК ТИМСОЛИ

Соҳибқирон Амир Темур — ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда,  марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси.

Бу харизматик, кенг дунёқарашга эга, билимли инсон ўз давлатининг куч-қудратини ошириш ва мустаҳкамлаш учун энг биринчи навбатда ҳарбий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказди.

Амир Темур ўз даврининг энг глобал, оғир ва ечилиши мушкул муаммоси бўлган юз йилдан ортиқ вақт давомида аждодларимизнинг тинкасини қуритган мўғуллар зулмига барҳам берди. У Мовароуннаҳрни ягона давлатга бирлаштириш билан чекланмади, балки унинг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий асосларини шакллантириб, дунёда аналоги йўқ, буюк салтанат даражасига кўтарди.

Ўттизга яқин давлатни бирлаштирган салтанатга маънавий салоҳияти, сиёсий барқарорлиги, иқтисодий самарадорлиги ва ҳарбий қудрати борасида ўша даврнинг бирорта давлати тенглашолмайди.  Амир Темур ўрта асрларга хос ментал хусусиятлар, удумлар доирасида фаолият юритган бўлсада, ирқи, миллати, дини ва келиб чиқишидан қатъий назар инсонларнинг бир бутун ҳудудда яшаши мумкинлиги тўғрисидаги «ягона макон» ғоясининг илк ташаббускорига айланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳақли равишда таъкидлаганидек, «Унинг ҳаракатлари туфайли Осиё ва Европа давлатлари тарихда биринчи марта ягона географик - сиёсий маконда эканлигини ҳис этди».

Амир Темурнинг толерантлиги алоҳида эътирофга молик. У илк маротаба ана шу ғояга асос солган давлат раҳбарларидан. Унинг христиан қиролларга йўллаган мактубларида «Сиз савдогарларингизни биз томонларга юборсангиз, токи биз уларни барча иззатларни ўрнига қўйиб кутиб олайлик. Бизнинг савдогарларимиз Сиз томонларга борсалар ва уларга ҳам шундай иззат-икром кўрсатсалар. Улар хавф-хатарсиз, тўсиқсиз йўл юрсинлар. Дунёни савдогарлар фаровон қиладилар» — дея таъкидланган. Ғарб ва Шарқ тамаддуни бир-бирини яқиндан билмаган, диний, сиёсий замирда урушлар авж олган даврларда тамаддунлараро дўстона муносабат ўрнатилиши ўта мушкул эди. Амир Темур давлатлараро муносабатларни шартномалар орқали мустаҳкамлашни Европа қиролликларига таклиф этган ва бу муаммони дипломатик йўсинда ҳал этишга уринган. Замонавий дипломатияда унинг бу ҳатти-ҳаракатлари «Қўл чўзиш сиёсати» деб аталмоқда. Ушбу ҳаракат маҳсули ўлароқ улкан салтанат билан жаҳоннинг барча таниқли давлатлари, шу жумладан, Европа мамлакатлари ўртасида доимий алоқа ўрнатилган ва бу ўз навбатида иқтисодиёт ва маданият тараққиётига хизмат қилган. У Англия қироли Генрих I, Испания қироли Генрих III, Франция қироли Карл IV саройларига элчилар йўллади, айни пайтда ўз саройида Кастилия, Испания, Франция, Хитой ва бошқа хорижий мамлакатларнинг элчиларини қабул қилди. Иоанн Франциск (христиан давлати элчиси) шундай ёзади: «Амир Темур форс, араб ва турк тилларини билади. ислом ҳуқуқшунослигида шу қадар кучлики, ҳеч бир мусулмон олими у билан мунозара қилишга қодир эмас. У уламо ва шоирларга катта ҳурмат кўрсатади».

Амир Темур аввалги давр мутафаккирлари, давлат арбобларининг сиёсий қарашларини, шу жумладан, “Ясоқ”, “Мангу ёрлиқ” сингари давлат бошқарувига оид ҳужжатларни чуқур ўрганган ва «Тузуклар» номли қонун-қоидалар тўпламини яратди. «Тузуклар» ўз даврининг Конституциясидир, десак муболаға бўлмайди. Йирик шарқшунос олим Логофет эътироф этганидек, «Туркистонда ғарбий Европадан 500 йил олдин Конституция вужудга келган». «Тузуклар»да инсон омилига олий қадрият сифатида қаралган: «Раият хонавайрон қилинса, давлат хазинаси камбағаллашади, бу эса ўз ўрнида салтанатнинг кучсизланишига сабаб бўлади». Халқнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш мамлакатнинг иқтисодий-сиёсий қудратини оширишга хизмат қилишини буюк саркарда теран англаган.

Инглиз тарихчи олим Гарольд Лэмб: «У Александр Македонский каби қиролнинг ўғли ёки Чингизхон каби қудратли уруғ доҳийсининг меросхўри эмасди. Енгилмас Александр дастлабки ҳарбий юришларида ўз халқидан, яъни македонлардан фойдаланди, Чингизхоннинг ортидан унинг мўғуллари эргашдилар. Темур эса ўз атрофига одамларни тўплашига тўғри келди. Темур ҳеч бир таърифга сиғмайди. У ўз сулоласини яратди. У варварлар ­доҳийси Аттила каби Римни изламади, аммо ўз Римини барпо қилди.» деб ёзган.

Кўҳна тарих кўп ҳукмдорларни кўрган. Аммо «адолатли давлат раҳбари» деган ном уларнинг барчасига ҳам насиб этмаган. Улуғ ҳукм­дор салтанатини адолат ва қонун-қоидага таяниб бошқарган. «Тузуклар»да битилганидек, «Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади».

Немис олими Фридрих Шлоссер ўзининг «Жаҳон тарихи» асарида: «Бахтиёр жангчи, жаҳонгир, узоқ Шарқда қонуншунос бўлиш билан бирга ўзида, Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни ифодалади», деб ёзади. Пруссиялик социолог Макс Вебер: «Темур ўз душманларига нисбатан жуда бераҳм эди, лекин саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк талантга эга эди», дейди.

«Тузуклар»да бирлашган қудратли давлатнинг сиёсий ва ахлоқий қоидалари баён этилади, буюк давлат арбоби ва саркарданинг мамлакатни бошқариш, давлат тизими, ҳарбий санъатга оид қарашлари акс этади. «Салтанатим мартабасини,— деб таъкидлайди Амир Темур,— қонун-қоидалар асосида шундай сақладимки, салтанатим ишларига аралашиб, зиён етказишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди». Амир Темур давлат, жамият ҳаётида бўлиб ўтадиган ҳар бир муҳим режа олдидан кенгаш ўтказар ва бу кенгашга нафақат мулозимлар, саркардалар, темурзодаларни, балки шайхлар, илм-фан арбобларини ҳам таклиф этган.

Амир Темур ва Темурийларнинг аёлларга бўлган эҳтироми ва мурувватини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Амир Темур ўзининг суюкли рафиқаси Бибихоним шарафига Самарқандда улуғвор жоме масжид қурдирди. Темурзода Шоҳжаҳон суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегим учун қурдирган мақбара - дунё мўъжизаларидан бирига айланган.

Шу ўринда бобокалонимизнинг “Куч — адолатда”, “Қонунийлик адолат ўрнатишнинг асосий шартидир”, “Қонуннинг йўқлиги — куфр ва золимликка олиб келади”, “Ҳукмдорнинг ҳар бир амри, фармони — тўра ва тузук, одат ва қонун-қоидаларга таянган бўлиши керак” каби ўлмас ғоялари бугунги тараққиёт тамойилларига муштарак эканлигини эслатиб ўтиш жоиз.

Улуғ соҳибқирон шахсига чексиз ҳурматимизни ифодалай туриб ўзликни англаш, тарихий таянч вазифасини бажариб берган Темур нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам мустақил Ўзбекистоннинг ривожланиш ва  миллий ғоясини шакллантиришда жуда катта аҳамиятга эгалигини эътироф этамиз. Ўзбек давлатчилиги тарихида Темур буюк мактаб яратган. У шунинг учун ҳам Ўзбекистонда миллатнинг тимсоли бўлишга, миллий ғоянинг негизида туришга ҳақли.

 

Моҳира Холиқова,
“Оила” ИАТМ Махсус ўқув курслари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича
бош мутахассис, PhD, доцент