ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ УЙ-ЖОЙ КОДЕКСИ

 32-модда. Мулкдор оила аъзоларининг, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164207-моддалари18-боби («Умумий мулк»), Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг («Эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари»), («Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби»), 13-боблари («Ота-она ҳамда болаларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари»).

Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.

Меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар жойида рўйхатдан ўтган бўлсалар, унинг оила аъзоси деб топилишлари мумкин.

Мулкдорнинг вояга етмаган оила аъзолари яшаётган турар жойни, уларнинг ота-онаси бўлмаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан бошқа шахсга бериш мумкин.

 LexUZ шарҳи

33-модда. Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойни ижарага, арендага бериш шартномаси бўйича ижарага, арендага олувчининг ҳуқуқлари

Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уйдан, квартирадан турар жойни ижарага, арендага олувчи ўзи ижарага, арендага олган хонага уй, квартира мулкдорининг розилигидан қатъи назар, вояга етмаган фарзандларини, агар у алоҳида хонани эгаллаётган бўлса ва ижарага ёки арендага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шунингдек эри (хотини) ва меҳнатга қобилиятсиз вояга етган фарзандлари ҳамда ота-онасини кўчириб киритиш ҳуқуқига эга. Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, квартирадаги турар жойни ижарага, арендага олувчи билан бирга яшаётган оила аъзолари ижарага ёки арендага бериш шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга ижарага, арендага олувчининг ўзи билан тенг равишда эга бўладилар.

Бошқа фуқароларни фақат уй мулкдорининг розилиги билан кўчириб киритиш мумкин ва ижарага, арендага олувчи томонидан ўз оила аъзоси сифатида кўчириб киритилган ушбу фуқаролар, агар кўчириб киритишда улар ўртасида бошқача келишув бўлмаган бўлса, ижарага, арендага олувчи ҳамда унинг бошқа оила аъзолари билан турар жойдан фойдаланишда тенг ҳуқуққа эга бўладилар.

42-модда. Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси

Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жойлар фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ берилади.

Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир киши ҳисобига ўн олти квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса – йигирма уч квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси коммунал уй-жой фонди тўғрисида»ги низомнинг 4-банди .

Эр-хотиндан ташқари турли жинсга мансуб шахслар бир хонага ёки бир хонали квартирага жойлаштирилишига йўл қўймаслик мақсадида муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча турар жой берилиши мумкин.

Фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча қўшимча уй-жой майдони бир хона тарзида ёки ўн саккиз квадрат метрли умумий майдон миқдорида берилади. Айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган фуқароларга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рўйхат бўйича, шунингдек бажараётган иш шароитлари ва хусусиятига кўра қўшимча майдон зарур бўлган фуқароларга бундай майдон миқдори кўпайтирилиши мумкин.

74-модда. Фуқароларга бошқа турар жой бермасдан кўчириш

Агар муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки у билан доимий яшаётган фуқаролар турар жойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб бошқаларнинг у билан бир квартира ёки бир уйда яшаш имконини бермаётган бўлсалар, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса, шунингдек шартномада узоқроқ муддат белгиланмагани ҳолда ижарага олувчи турар жой ҳақини олти ой тўламаган бўлса, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган тўлов муддати ўтганидан сўнг икки мартадан ортиқ тўланмаган ҳолда ижарага берувчи ёки ўзга манфаатдор шахсларнинг талаби бўйича айбдорларни кўчириш бошқа турар жой бермасдан амалга оширилади. Шунингдек ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлганликлари учун ўз фарзандлари билан бирга яшаши мумкин эмас деб топилса, улар бошқа турар жой бермасдан кўчирилишлари мумкин.

80-модда. Бошқа турар жой берган ҳолда хизмат турар жойларидан кўчириш

Бошқа турар жой берган ҳолда хизмат турар жойларидан қуйидагилар кўчириладилар:

I ва II гуруҳ ногиронлари;

1941 — 1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва байналминалчи жангчилар;

ҳарбий хизматни ўтаётганида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари;

ногирон фарзандлари бўлган оилалар;

тарбиячи-ота-оналар, оилавий болалар уйи тугатилган тақдирда;

хизмат турар жойи берган ташкилотларда камида ўн йил ишлаган (хизмат қилган) шахслар;

эгаллаб турган лавозими муносабати билан турар жой берилган бўлиб, лавозимидан бўшаган, лекин турар жойни берган корхона, муассаса, ташкилот билан меҳнат муносабатларини узмаган шахслар;

ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгариши ёхуд корхона, муассаса, ташкилот тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган шахслар;

ўзи ишлаган корхона, муассаса, ташкилотдан пенсияга чиққан ходимлар;

хизмат турар жойи берилган шахс вафот этганда унинг оила аъзолари;

вояга етмаган фарзандлари билан бирга яшаётган ёлғиз шахслар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган фуқароларга шу Кодекснинг 9-моддасида белгиланган талабларга жавоб берадиган ҳамда ушбу аҳоли пункти чегараси доирасида бўлган турар жой берилади.