ЯНГИ ҲАЁТГА ПОЙДЕВОР

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ташкил этилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” жорий йилнинг 12 март кунидан бошлаб фаолият юритиб келмоқда. Ушбу инновацион мактабда бугунги кунга кадар 70 жуфт бўлғуси келин-куёвлар ўқитилиб, сертификатлар билан тақдирланди. Ушбу инновацион мактабга “Оила” маркази Навоий вилояти бошқармаси, Навоий давлат педагогика институти, вилоят репродуктив саломатлик маркази, вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази илмий ходимлари ва амалиётчилари, мусулмонлар идораси вилоят вакили, малакали психолог ва иқтисодчилар жалб қилинган.

 

“Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да ҳар бир гуруҳга 15 жуфт никоҳланувчи ёшлар жалб этилиб, 3 кун давомида 18 соатлик дарс интерфаол усулларда ўқитилади. Энг муҳими бу дарс жараёнларига ахборот-коммуникацион воситалардан фойдаланиш ва машғулотларга ёшларни фаол жалб этилиши дарс жараёнларини қизиқроқ ўтишига хизмат қилмоқда. Дарс бошланишидан олдин ҳар бир жуфтликка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Мустаҳкам оилага йўлланма” Ёш келин-куёвлар ён дафтарчаси тарқатилиши, янги турмуш қураётган ёшларнинг оила соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, тажрибаларини ошириш борасидаги тавсия маслаҳатларни олишга, ёшларни машғулотдан сўнг билимларини янада бойитишга хизмат қилмоқда.

Мазкур ўқув курси давомида:

- Ёшларга оилавий ҳаётда учрайдиган муаммолар ҳамда уларни оқилона бартараф этиш йўллари;

- Оилавий муносабатларни тўғри йулга қўйиш, низоларнинг олдини олиш масалалари;

- Соғлом турмуш тарзи, жинсий хаёт психофизиологияси, никохдан ташқари муносабатларни олдини олиш;

- Муҳаббат, рашк, садоқат, меҳр-оқибат туйғуларининг оила мустаҳкамлигига таъсири;

- Аёл ва эркак психологиясининғ ўзига хос хусусиятларидан оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда фойдаланиш;

- Оилавий муносабатларни тўғри йўлға қўйиш, намунали оилани шакллантиришда миллий қадриятларнинг аҳамияти;

- Ислом дини ва унинг оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда аҳамияти (Қуръоний тавсиялар моҳияти билан таништириш);

- Оилавий муносабатларнинғ емирилиши, ажралишлар билан боғлиқ жараёнларда ҳуқуқий масалалар (мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар; эр-хотин, болалар манфаатлари ва ҳ.к.). масалалар муҳокама қилинди.

 Шунингдек, ёшларга кўпроқ китоб ўқиш, сайлларга бориш, яхши дам олиб, соғлиқни мустаҳкамлаш, ҳаётда бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшаш ҳам ҳаётни янада гўзаллаштиради, деган тушунча берилди.

Бўлғуси келин-куёвларга тарқатилган “Оила сабоқлари” деб номланган мобил илованинг тақдим этилиши ёшларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Машғулотлар давомида қизлар билан алоҳида, йигитлар билан алоҳида ўтилган репродуктив саломатлик масалалари ёшларни бу борадаги билимларини янада мустаҳкамлашга, оилавий нозик масалаларда ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисдан тўғри жавобларни олишга ёрдам берди.

 

Машғулотдан сўнг ёшлар билан суҳбат давомида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” машғулотлари ҳақида фикр-мулоҳазалари сўралганда, машғулотларда фаол қатнашган  Йўлдошев Сарварбек: “Ушбу мактаб оила қуриш арафасида турган ёшлар учун зарур, барча мавзулар, айниқса психология, иқтисод, диний ва тиббий йўналишида берилган маълумотлар жуда қизиқарли ва муҳим бўлиб, келажакда  бахтли оила қуриш учун ёрдам беради”, – деб фикр билдирди.