БЎЛҒУСИ КЕЛИН-КУЁВЛАР ИННОВАЦИОН МАКТАБИ

   Президентимиз Ш.Мирзиёев бошлаб берган янги босқичдаги шиддатли ислоҳотлар мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, ёшларнинг фаровон, анъанавий миллий қадриятларимиз уйғунлашган замонавий намунали оила қуришига кўмаклашиш, фарзандларимизнинг оилани бошқаришдаги бурч ва масъулиятини кучайтириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида аниқ мақсад ва натижаларга қаратилган тизимли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

   Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 10 август куни Шайхонтоҳур туманига қилган ташрифи давомида берган топшириқлари ижросига йўналтирилган мажлис баёнининг 62-бандида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази зиммасига Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан биргаликда “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолиятини ташкил этиш вазифаси юкланган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида “Оила” маркази томонидан мавжуд ҳолат таҳлил этилганида, ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, уларда оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий-ижтимоий, психологик, маънавий-ахлоқий асослари, оилада эркак ва аёлнинг вазифалари, оила иқтисодиёти ва бюджетини юритиш, репродуктив саломатлик борасидаги билим ва кўникмалар етарли эмаслиги маълум бўлди.

   Президентимиз ғояси асосидаги ушбу инновацион мактаб юқоридаги муаммоларнинг ечимини топишда муҳим аҳамият касб этиши инобатга олиниб, “Оила” маркази мутахассислари, эксперт-олимлари томонидан ҳозирги кун ёшларининг қизиқишлари, оилавий турмуш ҳақидаги тушунча ва тасаввурлари, ёшларнинг оила ҳақидаги билим ва кўникмаларини бойитишда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги, улар учун қандай мавзулар муҳим экани борасида ижтимоий тармоқларда, ўқиш жойларида сўровлар, тарғибот ишлари ва тадқиқотлар ўтказилди.

   Амалга оширилган илмий тадқиқотлар билан бир қаторда, илғор хорижий амалиёт ва замонавий педагогик технологиялар ҳам чуқур ўрганилиб, “Оила” маркази мутахассис-олимлари томонидан ёшларни оила қуришга комплекс тайёрлаш юзасидан психологик, ҳуқуқий, тиббий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий, диний-маърифий, репродуктив саломатлик йўналишларини ўзида мужассамлаштирган 20 соатлик ўқув дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

   Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг фармойишига асосан, туман ФҲДЁ бўлими биносидан “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолияти учун алоҳида жой ажратилди.

   Жорий йил 31 октябрь куни давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, тажрибали тренерлар, оилашунос олимлар, ёшлар, 15 жуфт ёш келин-куёвлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

   Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан мактаб самарали фаолият юритиши учун 2 та штат бирлиги ажратилди. Машғулотларга “Оила” марказининг ихтисослашган малакали мутахассислари ва тренерлари жалб этилди.

   “Оила” маркази мутахассислари томонидан Тошкентдаги Инҳа университети ходимлари кўмагида яратилган “Ўсмир қизларни мустақил ҳаётга ва турмушга, рўзғор ишларини юритишга, ҳар томонлама оқила оила бекаси бўлишга тайёрлаб бориш учун мўлжалланган “Оила сабоқлари” деб номланган мобил илова, очилиш маросимида ёшларга тақдим этилди.

   Ёшларимизни бой маърифий-адабий меросимизни чуқур ўрганишга рағбатлантириш мақсадида буюк алломаларимиз, таниқли ижодкорларимизнинг оилапарварлик, фарзандлик, келин-куёвлик, қайнона-қайноталикнинг муқаддас бурчларини англатишга, оилавий ришталарни мустаҳкам боғлашга ва ёшларимизнинг диний-ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи китобларидан таркиб топган “Маърифатли оила кутубхонаси” ташкил этилиб, буюк алломаларимиз Кайковуснинг “Қобуснома”, Фитратнинг “Оила”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” каби китоблари ёшларга тақдим этилди.

   Инновацион мактаб қошида ёшларда анъанавий оилавий қадриятларга ҳурмат ҳиссини кучайтириш, оиланинг тарбиявий ва маданий-илмий таъсирини ошириш мақсадида оила мавзусига бағишланган таъсирчан видео ва анимацион фильмлар, видеороликлар, инфографик лавҳалар асосида Медиатека ташкил этилди.

   Ёш келин-куёвлар учун янги турмуш қураётган йигит-қизларнинг оила соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мавзуидаги тавсия ва маслаҳатлар ўрин олган “Мустаҳкам оилага йўлланма” номли энциклопедик ён дафтарча тайёрланиб, чоп этилди ва иштирокчиларга тарқатилди.

   Инновацион мактабда таҳсил оладиган никоҳланувчиларга ахборот-коммуникация технологияларининг ёшларбоп, замонавий ютуқларидан, ривожланган давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг илғор тажрибаларидан самарали фойдаланган ҳолда, креатив ёндашувлар ва илмий-инновацион усулларда машғулотлар ўтказилмоқда.

   “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолиятининг натижалари ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларимиз никоҳ остонасида турган ўғил-қизларимизни мустақил, тинч ва фаровон оилавий  ҳаётга йўллашга, уларда бурч ва масъулият туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.