29 НОЯБРДА ХОРАЗМДА “БЎҒУСИ КЕЛИН-КУЁВЛАР ИННОВАЦИОН МАКТАБИ” ИШ БОШЛАДИ

Маълумки, “Оила” маркази президентимизнинг жорий йил 10 август куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги ФҲДЁ бўлими қошида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”ни Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил қилган эди. “Оила” маркази республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам оила қуриш остонасида турган ёшлар учун инновацион мактаблар ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Инновацион мактаб иккинчи бўлиб Нукус шаҳрида 14 ноябрда, иш бошлаган бўлса, 29  ноябрь куни Урганч шаҳрида ташкил этилди.

Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида  ташкил этилган мазкур мактабнинг очилиш маросимида давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, тажрибали тренерлар, оилашунос олимлар, ёш келин-куёвлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

— Бугунги тадбирда ўз келажагига беэътибор бўлмаган, инновацион янгиликлардан доим хабардор бўлиб бораётган жуда кўп ёшларимиз иштирок этишди, — дейди Хоразм вилояти “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бошқармаси қошидаги махсус ўқув курси раҳбари Сайёра Самандарова. — Вилоятимизда айнан бугун ташкил этилган “Бўғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да 15 жуфт келин-куёвлар илк машғулотларини бошлашди.

— Мен бу тадбирда ўзим учун оилавий меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик масалалари ҳақида керакли маълумотларга эга бўлдим. Бу ерда бизнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишимиздан тортиб, келинлик ва оналик вазифаларимиз ҳақида мутахассисларнинг фикрларини ҳам эшитдик. Менга айниқса, масофадан ўқитиш ва маслаҳат бериш шакллари жуда ёқди. Ушбу мактабда ўз билим ва кўникмаларнимни мустаҳкамлаб, келажакда оила деган муқаддас уйимда ибратли келин, меҳрибон она бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим, —  дейди хонқалик Шаҳло Комилова.

Инновацион мактабнинг очилиш маросимида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева иштирок этиб, оиланинг муқаддас неъмат эканини, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масалаларига жиддий ёндашилаётганини таъкидладилар.