Қашқадарё вилояти. Норматовлар оиласи

Норматовлар оиласи Чироқчи туманидаги “Чияли”  маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Оила қурганига 15 йил бўлган. 3 нафар фарзанди бор. Ш.Норматов касби – ўқитувчи, ҳозирда Чироқчи иқтисодиёт коллежи Ахборот ресурс маркази раҳбари, М.Нурқобилова маълумоти олий, тумандаги 13-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси сифатида фаолият юритиб келмоқда. Оилада 300 дан ортиқ китоб  фондига эга  кутубхона мавжуд.

Хонадонда спорт билан шуғулланиш йўлга қўйилган. Оиланинг ўғли Норматов Муҳаммадбек спортнинг шахмат,  стол тенниси ва катта теннис турлари бўйича вилоят мусобақаларида ғолиб бўлган, қизи Норматова Висолахон вилоят Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган “Иттифоқ шахмат тахтаси”  мусобақасининг 8 ёшлилар ўртасидаги  туман босқичида 1-ўринни эгаллаган.

Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳар  бир оилага қўшимча даромад манбалари топиш учун  яратилаётган  имтиёзлар асосида Норматовлар оиласи  тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, туман  “Чиялим-Fурурим” дехқон бозорида ошхона ташкил қилиб, 4 нафар қишлоқ ёшларини иш билан таъминлаган.

Оила бекаси Мушаррафхон  коллежда тугарак ташкил қилган, ҳозирги кунга қадар  400 нафар қишлоқ қизлари пазандалик сирларини ўрганди.

Шунингдек, ушбу оила томорқадан самарали фойдаланган ҳолда иссиқхона ва боғ ташкил этган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5386-сонли Фармонига асосан тумандаги “Чияли” маҳалласи “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, Чироқчи иқтисодиёт коллежида штаб ташкил этилди. Норматовлар жуфтлиги штаб ишларини ташкиллаштиришдаги жонкуярлиги, фидойилиги билан республика, вилоят, туман  штаб комиссияси аъзоларининг эътиборига сазовор бўлишди.

Норматовлар жуфтлиги оилани мустаҳкамлашдаги кўламли ислоҳотларни,  эзгу тушунчаларни кенг ёйишда самарали меҳнат қилиб, жонбозлик кўрсатиб келишмокда.