Жиззах вилояти. Турсуновлар оиласи

Турсуновлар оиласи Пахтакор туманидаги “Сувонобод”  маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Оила қурганига 28  йил бўлган. 3 нафар фарзанди, 2 нафар невараси  бор. Р.Турсунов касби – архитектор, ҳозирда “Сирожиддин Файз” хусусий фирмаси раҳбари, И.Турсунова касби –  ҳамшира,  ҳозирда туман “Тадбиркор аёл” уюшмаси раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда. Оилада 200 дан ортиқ китоб  фондига эга  кутубхона мавжуд. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли.

Оилабоши Р.Турсунов  22 йиллик тадбиркорлик фаолияти давомида 100 дан ортиқ ёш тадбиркорларга устозлик қилиб, уларнинг ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишларига ёрдам берган. Инобатхон Турсунова ҳам якка тадбиркор сифатида гўзаллик салони ва китоб дўкони очиб, туман аҳолисига хизмат кўрсатиш билан бирга, Ўқув курси ташкил этиб ёш тадбиркорларга бепул ўқувларни ташкил этмоқда.

Ушбу оила ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этади. Маҳаллада яшовчи кам таъминланган оилалар учун “Бир оилага бир анор ва бир анжир” акцияси ташкил этиб,  анор ва анжир кўчатларини тарқатган ва ҳозирда маҳалладаги 7 та кам таъминланган хонадонда 30 туп анжир, 50 туп анор кўчатлари ўз ҳосилини бермоқда.  

Турсуновлар хонадони маҳалладаги Миришкор кўчасининг 2 км.га ўз ҳисобидан асфальт ётқизиб, таъмирлаб берган.

Бу оила эҳтиёжманд оилаларга мунтазам ёрдам бериб келади. Жумладан, Исмоилов Сафарбойнинг оиласига моддий ёрдам кўрсатган бўлса, Норимов Жўрақулнинг оиласига уй-жой қуриб берган. 5 жуфт йигит-қизларнинг никоҳ тўйларини, 7 нафар етим болаларнинг суннат тўйларини ўтказишда ҳомийлик ёрдами кўрсатган. Оила томонидан “Ғалаба” маҳалласидаги “Ҳидоят” жомий масжидига 400 квадрат метрли жами: 19 000 000 (Ўн тўққиз миллион) сўмлик гилам  эҳсон қилинган.

Оила бекаси И.Турсунова фуқаролар йиғини қошидаги “Ота-оналар университетининг” ҳамда Яраштириш  комиссиясининг  фаол  аъзоси, унинг аралашуви  билан  шу  кунга  қадар  18 та  ажрим  ёқасига  келиб  қолган оилалар яраштирилган.

И.Турсунова ЎзЛиДеп туман кенгаши депутати сифатида “Огоҳлик  давр талаби”, “Ўз болангни ўзинг асра”, “Гиёҳвандлик–аср вабоси” мавзуларидаги тарғибот тадбирларида фаол иштирок этади. 

Турсуновлар жуфтлиги оилада ўзаро ҳурматни, меҳр-оқибатни қарор топтиргани, маҳалладошларининг ҳар қандай муаммоларига бефарқ эмасликлари, ёшларни тўғри йўлга йўналтиришга ҳисса қўшгани билан маҳаллада  соғлом муҳит  яратишда  ўз  ҳиссасини  қўшиб  келмоқда.