Фарғона вилояти. Шерғозиевлар оиласи

Шерғозиевлар оиласи Ўзбекистон туманидаги “Катта қайнар”  маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Ушбу жуфтлик 34 йилдан буён бирга, ҳамнафас яшаб келмоқда. 5 нафар фарзанднинг меҳрибон ота-онаси, 3 нафар неваранинг севимли буви-бобоси. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли. Оила бошлиғи Ғ.Шерғозиев 35 йиллик иш фаолияти ва тадбиркорлик фаолияти орқали  элнинг ҳурматига сазовор бўлган.  Оила бекаси Л.Шерғозиева оилавий тадбиркор.

Оилада 500 дан ортиқ китоб  фондига эга  кутубхона мавжуд.

 Ғ.Шерғозиев маҳаллада ёшларга ибратли маслаҳатчи, оилада меҳрибон қайнота, оила бекаси Л.Шерғозиева эса 2 нафар келинларига, жонкуярлиги, оилапарварлиги билан ўрнак бўлиб келмоқда.

Бу оила нафақат маҳаллада, балки бутун вилоятда мурувватли, саҳоватпеша, савобталаб ишларга бошчи сифатида танилган. Хусусан, маҳаллада кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш, камхаржларнинг тўйини ўтказиш, етимларни кийим-кечак билан таъминлаш, қария ва ёлғизларни уйларини таъмирлаш каби ишларни мунтазам бажариб келмоқда.

Хусусан, оила ўғли Шерғозиев Иқболжон ўзи таълим олган 400 ўринли 40-мактабга ичимлик сувини ўтказиб берди.

Хонадон аҳли гулчилик билан шуғулланади. Туман ҳокимияти атрофи, маҳалла маркази, бир нечта болалар боғчасини ҳомийлик ҳисобидан ободонлаштириб,  ландшафт усулида манзарали гуллар, дарахтлар ўтказиб, кўркамлик ва ободликка ҳисса қўшиб келмоқдалар.