Андижон вилояти. Маҳкамовлар оиласи

Маҳкамовлар оиласи Олтинкўл туманидаги “Марказ”  маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Оила қурганига 43 йил бўлган. 4 нафар фарзанди, 12 нафар невараси  бор. А.Маҳкамов  ва А.Мўминовалар 32 йил давомида ўқитувчилик қилишган. Ҳозирда пенсия гаштини суришмоқда. Оилада 400 дан ортиқ китоб  фондига эга  кутубхона мавжуд.

Оила барча жамоат ишларида фаол, жумладан, ободонлаштириш, умумхалқ байрамлари, ҳайит  байрамларини нишонлаш, қабристон ҳашарларида ҳамжиҳатликни таъминламоқда. Маҳалладаги  9 нафар   кам таъминланган  оилани кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб, 1 ва 4-умумтаълим мактабларига ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келмоқда.

Оилада “Бир болага етти қўшни ҳам  ота, ҳам она” деган тамойил устувор. А.Маҳкамов маҳалладаги  ота-оналар университети,  яраштириш комиссияси аъзоси сифатида 24 нафар ажрим арафасидаги оилаларни яраштиришда, нотўғри йўлга кириб қолган  14 нафар оила фарзандларини тўғри йўлга йўналтиришда фаоллик кўрсатди. Инсонпарварлик хислатларини ўзида мужассам этган бу оила чин етим Алихўжаева Дурдонани васийликка олган.

Шунингдек, Атирахон Маҳкамова ва ўғли Мансурбек Маҳкамовлар   маҳалла фарзандларига рубоб миллий чолғу асбобининг сир-асрорларини, ёш оналарга алла ва  қизларга  ўзбек миллий лапарларини  ўргатиб келмоқда. Бугунги кунда уларнинг 28 нафар шогирди бор.

Томорқадан унумли  фойдаланилади. Оилада барча фарзандлар иш билан банд. Оиланинг катта қизи Лутфия Махкамова қандолатчилик маҳсулотларини, кенжа қизи Хуснора Маҳкамова аёллар кийимлари ва мактаб формаларини буюртма асосида тайёрлайди, келини Марямхон   Маҳкамова   гўзаллик салони очиб, 6 нафар эҳтиёжманд оила қизлари бандлигини таъминлаган.  

Бу оила ибратли жиҳатларини бошқа оилаларга ўргатиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, тинч оилавий муносабатларни ўрнатишга қийналаётган қайноналарга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Оилани  бузишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат-номақбулдир” шиори остидаги тарбиявий йиғилиш ва суҳбатларни  ўтказишда фаоллик кўрсатиб келмоқда.