Сенатор Дилорам Ташмухамедованинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги ҳисоботи

Ассалому алайкум, муҳтарам Шавкат Миромонович!

Ассалому алайкум, ҳурматли сенаторлар, қадрли меҳмонлар!

Барчамизга маълум, бугун жонажон Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар, барча соҳалардаги янгиланиш ва ўзгаришлар нафақат халқимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилмоқда ва қўллаб-қувватланмоқда.

Шу ўринда, қабул қилинган Президентимизнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, махсус Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси, уларнинг давлат ва жамиятимизнинг барқарор ривожини, оилалар ва ҳалқимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятини бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки нуфузли ҳалқаро давраларда ҳам юксак эътирофга эга бўлмоқда.

Ҳусусан, ўтган даврда мутаҳассисиларимиз иштирокида ўтказилган юздан зиёд республика ва ҳалқаро анжуманлар иштирокчилари мамлакатимизда қабул қилинган ушбу ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар оила соҳасида йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган бўшлиқ ҳамда муаммолар, камчилик ва иллатларга ечим топиш йўлида муҳим дастуриламал бўлишини, оила институтини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини сифат жиҳатдан мутлақо янги поғонага кўтарганлигини таъкидладилар ва буни дунё ҳамжамияти учун бир ўрнак, модель сифатида тавсия этмоқдалар.

Ўтган даврда миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, ҳалқаро меъзонлар ва тажрибани инобатга олган ҳолда, оила муаммоларини тизимли ва комплекс ўрганиш, тегишли фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқишнинг мутлақо янги, истиқболли тизими шакллантирилди. Ҳусусан, 11 номда илмий тадқиқот ишлари амалга оширилди. Улар асосида 40 дан зиёд таҳлилий тавсиялар, илмий-оммабоп қўлланмалар тайёрланди, қатор “йўл ҳариталари” ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилди.

Энг муҳими, амалий ишлар натижасида 3859 та ажрашиш борасида судга ариза берган ва 30145 та ажрим ёқасига келиб қолган оилани яраштиришга муваффақ бўлдик. Натижада, эътибор берин-га, 43229 нафар фарзандлар, келажагимиз бунёдкорлари, ярим етим бўлишдан сақлаб қолинди, уларнинг барқарор оилада вояга етишлари, тарбия топишларига шароит яратилди.

Ҳусусан, Президент ташаббуслари билан илк бор, даставвал Шайхонтахур ва Паркент туманларида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” иши йўлга қўйилди. Бу масканда малакали мутахассислар ва тренерлар кўмагида оилавий ҳаётнинг психологик, ҳуқуқий, тиббий, иқтисодий, репродуктив, диний-маърифий, маънавий-ахлоқий жиҳатлари ёш оила қурувчиларга 16 соатлик ўқув дастури асосида ўргатиб борилмоқда. Машғулотлар замонавий инновацион, педагогик технологиялардан, масофадан (“онлайн”) ўқитиш ва маслаҳат бериш усулларидан фойдаланилган ҳолда ҳамда “тенгдош тенгдошга” тамойили асосида ташкиллаштирилган.. Оила мавзусига бағишланган «Оила сабоқлари» мобиль иловаси, таъсирчан видео ва анимацион фильмлар, видеороликлар, инфографика асосида Медиатека, ўзида оилавий ҳаёт, маънавият, соғлом турмуш тарзи ва ўзаро муносабат шаклларига оид 100 дан ортиқ китоблар жамлаган «Маърифатли оила кутубхонаси» ташкил этилди. «Мустаҳкам оилага йўлланма» номли ён дафтарчалар тайёрланиб, бўлажак келин-куёвларга қўлланма сифатида тарқатилмоқда. Ҳозирда ҳудудларда 74та инновацион мактаб тузилган бўлиб, уларда 2800 нафардан ортиқ бўлғуси келин-куёв мустаҳкам ва тотув оила қуриш кўникмаларига эга бўлди.