Бешинчи бўлим. Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши. XX - XXVI боблар

XX боб. Вазирлар Маҳкамаси
 
98-модда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.
Вазирлар Маҳкамаси:
1) самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун жавобгар бўлади;
2) фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
3) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни таъминлайди;
4) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди;
5) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этади;
6) ушбу Конституция ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Вазирлар Маҳкамаси конституциявий нормалар доирасида ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.
Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида жавобгардир.
Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар мамлакат Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири:
1) Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади;
2) Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди;
3) халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради;
4) Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.
Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.
Бош вазир номзоди унинг учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазир тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.
Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.
Янги Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.
Олий Мажлис томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини тарқатиб юборади.
Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколат доираси қонун билан белгиланади.
 
XXI боб. Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари
 
99-модда.
Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар.
 
100-модда.
Маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига қуйидагилар киради:
қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш;
маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳосил қилиш;
маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш;
норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
 
101-модда.
Маҳаллий ҳокимият органлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, давлат ҳокимияти юқори органларининг қарорларини амалга оширадилар, республика ва маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни муҳокама қилишда қатнашадилар.
Юқори органларнинг ўзларига берилган ваколат доирасида қабул қилган қарорлари қуйи органлар ижро этиши учун мажбурийдир.
Халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколат муддати — 5 йил.
 
102-модда.
Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини тегишлилигига қараб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бошқаради.
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунга мувофиқ тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.
Туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Туманларга бўйсунадиган шаҳарларнинг ҳокимлари туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланади.
 
103-модда.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосларида амалга оширадилар ва ўзлари раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва фаолияти учун шахсан жавобгардирлар.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилинади.
Ҳокимларнинг ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг ваколат доирасини ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини сайлаш тартиби қонун билан белгиланади.
 
104-модда.
Ҳоким ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади.
 
105-модда.
Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди.
Ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, фаолиятини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан белгиланади.
 
XXII боб. Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти
 
106-модда.
Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
 
107-модда.
 
Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туман, шаҳар маъмурий судларидан иборат.
 
Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.
 
108-модда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини сайлайди.
 
109-модда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди:
1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
2) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
3) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
4) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;
5) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;
6) конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;
7) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.
Конституциявий суднинг ҳужжати расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Конституциявий суднинг ҳужжати қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.
Конституциявий судни ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.
 
110-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.
У томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.
 
111-модда.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.
 
112-модда.
Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.
Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.
Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.
Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин.
 
113-модда.
Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади.
 
114-модда.
Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
 
115-модда.
Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
 
116-модда.
Айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади.
Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади.
 
XXIII боб. Сайлов тизими
 
117-модда.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар сайланганидан сўнг бир ой ичида улар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунларига ва бошқа қонунларга амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдими бўйича комиссия мажлисида сайланади.
Сайлов ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади.
 
XXIV боб. Прокуратура
 
118-модда.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.
 
119-модда.
Прокуратура органларининг ягона марказлаштирилган тизимига Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори бошчилик қилади.
Қорақалпоғистон Республикасининг Прокурори Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг олий вакиллик органи томонидан тайинланади.
Вилоятларнинг прокурорлари, туман ва шаҳар прокурорлари Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори томонидан тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурорининг, вилоят, туман ва шаҳар прокурорларининг ваколат муддати — беш йил.
 
120-модда.
Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширадилар.
Прокурорлар ўз ваколатлари даврида сиёсий партияларга ва сиёсий мақсадларни кўзловчи бошқа жамоат бирлашмаларига аъзоликни тўхтатиб турадилар.
Прокуратура органларини ташкил этиш, уларнинг ваколатлари ва фаолият кўрсатиш тартиби қонун билан белгиланади.
 
121-модда.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш бўйича тезкор-қидирув, тергов ва бошқа махсус вазифаларни мустақил равишда бажарувчи хусусий кооператив ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва уларнинг бўлинмаларини тузиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши таъқиқланади.
Қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жамоат ташкилотлари ва фуқаролар ёрдам кўрсатишлари мумкин.
 
XXV боб. Молия ва кредит
 
122-модда.
Ўзбекистон Республикаси ўз молия ва пул-кредит тизимига эга.
Ўзбекистоннинг Давлат бюджети Республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан ва маҳаллий бюджетлардан иборат.
 
123-модда.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона солиқ тизими амал қилади. Солиқлар жорий қилишга фақат Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси ҳақли.
 
124-модда.
Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини республика Марказий банки бошқаради.
 
XXVI боб. Мудофаа ва хавфсизлик
 
125-модда.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади.
Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади.
 
126-модда.
Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада қуролли кучларига эга.