Бешинчи бўлим. Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши. XVIII - XIX боблар

XVIII боб. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
 
76-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан — Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати — беш йил.
 
77-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонунга мувофиқ сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.
Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси бўлиши мумкин. Депутатликка номзодларга қўйиладиган талаблар қонун билан белгиланади.
Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси бўлиши мумкин эмас.
 
78-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:
1) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
2) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
3) Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш;
4) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;
5) Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш;
6) Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш;
7) бож, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш;
8) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат этиш;
9) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш;
10) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш;
11) туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш;
12) давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш;
13) Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
14) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш; 
15) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;
16) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш;
17) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш;
19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
20) халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш;
21) парламент назоратини ва ушбу Конституцияда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
алаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатида кўриб чиқилади.
 
79-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мутлақ ваколатларига:
1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;
2) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;
3) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;
4) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш киради.
 
80-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мутлақ ваколатларига:
1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раисини ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;
2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини сайлаш;
3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий судини сайлаш;
4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш;
 
6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
8) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш;
9) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш;
10) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш;
11) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;
12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш;
13) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;
14) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш киради.
 
81-модда.
Ваколат муддати тугагач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тегишинча янги чақириқ Қонунчилик палатаси ва Сенати иш бошлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлислари тегишинча Қонунчилик палатасига сайловдан кейин икки ойдан кечиктирмай ва Сенат таркиб топганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мажлислари сессиялар даврида ўтказилади. Сессиялар, қоида тариқасида, сентябрнинг биринчи иш кунидан бошлаб келгуси йилнинг июнь ойи охирги иш кунига қадар ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мажлислари заруратга қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлислари, агар улар ишида барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг камида ярми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Конституциявий қонунларни қабул қилишда барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этиши шарт. 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида, шунингдек уларнинг органлари мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, республика Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши раислари, Бош прокурори, Марказий банки Бошқарувининг раиси иштирок этишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва унинг органлари мажлисларида Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва унинг органлари мажлисларида Қонунчилик палатаси Спикери иштирок этиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати алоҳида-алоҳида мажлис ўтказадилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.
 
82-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ўз ваколатларига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қарорлари Қонунчилик палатаси депутатлари ёки Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, ушбу Конституцияда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
 
83-модда.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокурори эгадирлар ва бу ҳуқуқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.
 
84-модда.
Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати маъқуллаган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кун ичида юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонун ўттиз кун ичида имзоланади ва эълон қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади.
Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.
Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўн тўрт кун ичида имзоланиши ва эълон қилиниши керак.
Қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.
 
85-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўз таркибидан Қонунчилик палатасининг Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколати муддатига сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери яширин овоз бериш орқали Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарорига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери:
1) Қонунчилик палатасининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;
2) Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;
3) Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
4) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Қонунчилик палатаси қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;
5) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Қонунчилик палатаси гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;
6) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва ўзга ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Қонунчилик палатаси номидан иш кўради;
7) Қонунчилик палатаси қарорларини имзолайди;
8) ушбу Конституция ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери фармойишлар чиқаради.
 
86-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ўз таркибидан Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларини сайлайди. Сенат Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат ваколати муддатига сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Сенат қарорларига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси:
1) Сенат мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;
2) Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;
3) Сенат қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
4) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Сенат қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;
5) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Сенат гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;
6) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Сенат номидан иш кўради;
7) Сенат қарорларини имзолайди;
8) ушбу Конституция ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси фармойишлар чиқаради.
 
87-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишини олиб бориш, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун ўз ваколатлари муддатига Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан қўмиталарни сайлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Сенат томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун ўз ваколатлари муддатига сенаторлар орасидан қўмиталарни сайлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати, зарурат бўлган тақдирда, муайян вазифаларни бажариш учун депутатлар, сенаторлар орасидан комиссиялар тузади.
 
88-модда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларига ва Сенати аъзоларига уларнинг депутатлик ёки сенаторлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.
Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенатда доимий асосда ишловчи Сенат аъзолари ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланадилар. Улар тегишинча Қонунчилик палатаси ёки Сенатнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.
 
XIX боб. Ўзбекистон Республикасининг Президенти
 
89-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.
 
90-модда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади.
 
91-модда.
Президент ўз вазифасини бажариб турган даврда бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллаши, вакиллик органининг депутати бўлиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас.
Президентнинг шахси дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза этилади.
 
92-модда.
Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади:
«Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».
 
93-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти:
1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир;
2) Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;
3) мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;
4) музокаралар олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасининг шартнома ва битимларини имзолайди, республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди;
5) ўз ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик ҳамда бошқа вакилларнинг ишонч ва чақирув ёрлиқларини қабул қилади;
6) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади; 
7) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;
8) республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди; вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан тузади ва тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади;
9) Сенат Раиси лавозимига сайлаш учун номзодни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади; 
10) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдим этади ҳамда уни истеъфога чиққанда, Бош вазирга нисбатан билдирилган ишончсизлик вотуми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан қабул қилинганда ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда лавозимидан озод қилади;
11) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади;
12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади, кейинчалик бу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади; 
13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади; 
14) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади; Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг аъзоларини қонунга мувофиқ тасдиқлайди;
15) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини қонунга мувофиқ тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Президент ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли;
16) республика давлат бошқаруви органларининг ва ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини улар қонун ҳужжатлари нормаларига номувофиқ бўлган ҳолларда тўхтатади, бекор қилади; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли;
17) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунга ўз эътирозларини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли;
18) Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритади;
19) фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади;
20) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонлар беради;
21) Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари ва ёрлиғи билан мукофотлайди, Ўзбекистон Республикасининг малакавий ва фахрий унвонларини беради;
22) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади;
23) амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимнома киритади ва Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади; 
24) Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик шу масалаларга доир фармонларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;
25) ушбу Конституция ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Президент ўз ваколатларини бажаришни давлат идораларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас.
 
94-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради.
 
95-модда.
Қонунчилик палатаси ёки Сенат таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёхуд улар бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид қарорлар қабул қилган тақдирда, шунингдек Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилган тақдирда янги сайлов уч ой мобайнида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда тарқатиб юборилиши мумкин эмас.
 
96-модда.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.
 
97-модда.
Ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Президент умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллайди.