ОТА-ОНАЛАРНИНГ ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА ОИД ИЖОБИЙ КЎНИКМАЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ

Моҳира Холиқова, «
Оила» маркази»
Махсус ўқув курслари раҳбари
PhD, доцент

Намуна кўрсатган ҳолдагина
инсон энг юксак натижага эришади.
Стефан Цвейг

Оталар донолиги болалар учун
чинакам сабоқдир
.
Демокрит

 

Ҳар бир ота - она ўз фарзандини дунёдаги энг толеи баланд, маърифатли ва саодатли бўлишини истайди ва бунга эришиш йўлида ҳаракат қилади.

Болапарварлик халқимизнинг қалбига сингиб кетган фазилатдир. Фарзанд Аллоҳ томонидан ато этилган улуғ неъмат бўлиши билан бирга, у ота – онага топширилган масъулият ҳамда омонат ҳамдир.

Бу борада ота-оналарнинг оилада фарзанд тарбияси ва маънавий-аҳлоқий, руҳий ва жисмоний камолоти учун зарур бўлган ижобий ота-оналик кўникмаларини ўзлаштириб бориши катта аҳамиятга эга.

Фарзандлар оила мустаҳкамлигини таъминловчи муҳим омиллардан биридир. Оилада улғаядиган боланинг қандай инсон бўлиб шаклланиши энг аввало ота-онага боғлиқ. Тарбия шахснинг маънавий ва ақлий қиёфасини, қолаверса, бутун тақдирини белгиловчи омил. Оиладаги маънавий муҳит, шахслараро муносабатлар, боланинг тарбиясида жуда катта роль ўйнайди. Улуғ мутафаккир Абдулла Авлоний «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» китобида «Аллоҳ таоло инсонларни асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши билан ёмонни, фойда билан зарарни, оқ билан қорани ажратадиган қилиб яратган. Лекин инсондаги бу қобилиятни камолга етказиш тарбия билан бўлур. Қуш уясида кўрганини қилар», дейди.

“Оила” ИАТМ томонидан амалга оширилган навбатдаги тадқиқот айнан шу долзарб масалага бағишланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ-3808-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси”ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 25-банди асосида техник топшириқлар тайёрланди, лойиҳани амалга ошириш юзасидан илмий жамоа шакллантирилди.

Лойиҳанинг мақсади ўсмирлар, ёшлар, ёш ота-оналар билан уларнинг ибратли ота-оналик кўникмаларига оид билимларини ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш; ота-оналар билан ногиронлиги бўлган фарзандларни тўғри парваришлаш ва тарбиялаш бўйича методик ҳамда амалий қўлланмаларни ишлаб чиқиш; болалар ва ёшлар учун оила, маданият ва тарбия масалалари бўйича ўқув дастурларини тайёрлаш ва жорий қилишдан иборат.

Лойиҳа олдига қуйидаги долзарб вазифалар қўйилди:

- ота-оналарнинг ибратли ота-она кўникмалари тизимини ишлаб чиқиш;

- ота-оналарнинг фарзанд тарбияси учун зарур бўлган илмий, тиббий, ижтимоий, маънавий-аҳлоқий билим, кўникма, малака ва компетенцияларини ривожлантириш;

- анъанавий оилавий қадриятларни ривожлантиришда ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйиш;

- тадқиқот мавзусига оид хорижий ва миллий тажрибани ўрганиш, назарий маълумотларни тўплаш;

- мавзу доирасида анкета сўровлари  ишлаб чиқиш;

- ўқувчи ёшлар, талабалар, ёш ота-оналар, “инновацион мактаб” тингловчилари ўртасида давра суҳбатлари, анкета сўровлари ўтказиш;

- тадқиқот компонентлари доирасида янги ёндашувлар ишлаб чиқиш ва уни ўқув курсларда жорий этиш;

- тадқиқот натижаси бўйича услубий қўлланма, йўриқнома ва амалий тавсиялар тайёрлаш ва б.

 

Ибратли ота-оналик кўникмалари тизимини ишлаб чиқишга оид  тадқиқот юзасидан ўтказилган сўровномаларда жами 527 нафар респондент иштирок этди.

Сўровномалар Тошкент Педиатрия тиббиёт институти талабалари, Низомий номли ТДПУ талабалари, Қуролли кучлар академияси курсантлари, Махсус ўқув курслари тингловчилари, “Инновацион мактаб” тингловчилари, Авлоний номли ХТХҚТМОМИ тингловчилари, ТШПКҚТМОИ профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари орасида ўтказилди.  

Респондентлар ибратли ота-оналик кўникмалари сифатида энг аҳамиятли деб қуйидагиларни белгилашган:

  1. Фарзанднинг маънавий-аҳлоқий тарбияси – 95%
  2. Болани шахс сифатида шакллантириш – 93%
  3. Боланинг ижтимоийлашувига ёрдам бериш – 87 %
  4. Фарзандлар учун ибрат бўлиш – 83 %
  5. Боланинг қарорини хурмат қилиш – 77 %
  6. Болаларда оптимизмни тарбиялаш – 67 %
  7. Болалар учун оилада руҳий комфорт муҳит яратиш – 67 %
  8. Болаларга китоб мутолаасини ўргатиш – 65 %
  9. Болаларни зарарли одат, маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш – 59 %
  10. Бола билан дўстлашиш – 55 %.

 Оиланинг педагогик потенциалига нималар киради? деган саволга энг кўп жавоблар қуйидагиларни ташкил этди:

  1. Фарзанднинг маънавий-аҳлоқий тарбияси (97%)
  2. Фарзанднинг ижобий хулқини шакллантириш (89%)
  3. Фарзандни жамиятда фаолият олиб бориш учун керакли бўлган ижтимоий компетенцияларни шакллантириш (87%).

 Ота-она сифатида фарзанд тарбиясига оид қайси билимларга эҳтиёж сезасиз? деган саволга қуйидаги жавоблар бўлди:

  1. Маънавий-аҳлоқий билимлар – 97 %
  2. Психологик билимлар – 88 %
  3. Тиббий билимлар – 79 %
  4. Педагогик билимлар – 77 %
  5. Замонавий аҳборот технологияларига оид билим ва кўникмалар – 53 %
  6. Муомала маданияти, риторикага оид билимлар – 47 %
  7. Ёш даврларига оид акмеологик билимлар, ўсмир ёшдаги болаларни тарбия қилиш методикаси – 43 %.

 Ушбу социологик сўровномалар “Ибратли ота-оналик кўникмаларини шакллантириш” мавзусида услубий қўлланма яратишга асос бўлди.

Маълумки, фарзанд тарбиясида унинг ёши, жинси, характер ҳусусиятлари, қизиқишлари каби омиллар эътиборга олинади. Тарбия чуқур ҳиссиётларни юзага келтирадиган мавзу бўлиб, муҳим масалаларни кўтаради ҳамда ҳар бир оила учун ўзига хос саналади. Турли инсонлар учун болалар тарбияси турли нарсаларни англатади. 

Фарзандларнинг хулқига эътибор бериш жуда зарур. Ота-оналар ўз фарзандларининг ижобий фазилатларини олдиндан кўра олишлари керак. “Одамга болаликдан сингдирилган одатлар ёш дарахт танасига ўйиб ёзилган ҳарфларга ўхшайдики, улар дарахт билан бирга ўсади, вояга етади дарахтнинг таркибий қисмига айланиб қолади”, дейди Виктор Гюго. Ота-оналар қанча кўп танбеҳ берсалар, ёмон ахлоқ шунча кўп такрорланади. Улар кўплаб танбеҳ олишганда болалар ўзини ёмон тутиши керак бўлган ёмон бола сифатида тушинишни бошлайдилар. Шундай тарзда улар ўз хулқларини тузатиш учун мотивацияни ҳис қилмайдилар. Ота-оналар билишадики, энг самарали ёндашув  ўз болаларининг яхши сифатларини тан олиш ва эътироф этиш ҳисобланади. Буни бажариш учун барча имкониятни ишга солишга тўғри келади, аммо тезда фарзандларингиз хулқи яхшиланганлигини сезасиз. 

Болани жамият эҳтиёжларига йўналтиришга ўргатиш лозим. Агар Сиз фарзандларингиз хурсанд, тўлақонли ҳаёт кечиришини истасангиз бошқаларга хизмат қилиш ва ўз ҳиссангизни қўшишни ўрганинг. Уларни фаолиятга жалб қилинг, бунда улар бошқаларга ёрдам бериши ва ижобий таъсир кўрсатиши керак. Фарзандларингиз кўпроқ ҳисса тўғрисида,  камроқ шахсий манфаат ҳақида ўйласалар, улар онгли ҳаёт қуришни  ўрганади. Роберт Оуэн “Мунтазам тараққий этадиган, гуллаб-яшнайдиган ва ҳамиша бахт-саодатли жамият бунёдкорлари бўлган шахсларда яхши характерларни шакллантирмоқ учун ҳар бири ёшликданоқ кучли ва қобилиятига қараб кундалик фойдали ишга ўргатилмоғи керак” лигини эътироф этади.  

Фарзандларга овозни кўтармасдан, мулойим, вазмин оҳангда мулоқот қилиш лозим. Тадқиқот натижалари сиз фарзандингизга қанча кўп бақирсангиз уларнинг хулқи шунча ёмон бўлишидан далолат бермоқда. Шу билан бирга ўз фарзандларингиз хулқини назорат қилиш учун уларнинг қарашлари ва ҳиссиётларини тушуниш керак. Бунда мантиқий муҳокамалардан фойдаланинг. Ўз ғазабингизни назорат қилинг. Агар хавфсизлик масаласига тегишли бўлмаса фарзандларингизга бақирмасликка қатъий қарор қилинг. Таҳдид ишлатишдан сақланинг. Зиддиятда сиз қандай рол ўйнашингизни таҳлил қилинг. Муаммонинг моҳиятини тушуниш учун фарзандингизда қандай қондирилмаган эҳтиёжлар борлиги тўғрисида ўйлаб кўринг, масалан у ўз ҳаётини назорат қила олмаётгандек ўзини ҳис қилиши мумкин. 

Болаларга уйда мажбуриятлар бериш орқали уларда меҳнат тарбиясини. Масъулиятни шакллантириш лозим. Фарзандларингизга меҳнат қилишга, уй юмушларида катталарга ёрдам беришни ўргатинг. Шу йўсинда болаларда ижтимоийлашув  шаклланади ва улар мустақил ҳаётга қадам қўйишни ўрганадилар. Уй мажбуриятлари масъулият, бурч, ҳамкорлик, меҳнатсеварлик  билан боғлиқ муҳим ҳаётий дарсларни болаларга ўргатади. Бундай дарсларни эрта ёшда ўрганадиган инсонлар катта эҳтимоллик билан лаёқатли инсонлар бўлиб етишадилар. Агар болалар меҳнат қилишга ундалмаганларида на саводхонликка, на музика, на гимнастикага, ҳаттоки инсонда эзгуликни мустаҳкамловчи номусга ҳам ўрганмаган бўлур эдилар. Одатда номус ана шу машғулотларнинг етарлигидан дунёга келади. Буюк файласуф Демокритнинг ушбу фикрида меҳнат барча эзгу фазилатларнинг асоси эканлиги таъкидланган. 

Уйда болалар учун комфорт руҳий ҳолатни яратинг Бола ота-онасининг доимо баҳслашаётганини кўрса, у шунга ўрганади. Ота-она ўртасидаги зиддиятлар фарзандларда кучли стресс ҳолатини юзага келтиради, боланинг кайфияти ва хулқига кучли таъсир қилади. Психологларнинг таъкидлашича, бу болада кучли ижтимоий танглик ва агрессияни шакллантиради. Оила муҳити меҳр-мухаббат, ўзаро тушуниш, ҳамкорликка асосланган бўлиши керак. Агар баҳс-мунозарали вазиятлар юзага келса, боланинг суҳбатга қўшилиши ва тушуниши учун имкон беринг. Энг яхши усул бу узр сўраш ва кейинги сафар хатога йўл қўймасликдир. Ёдда тутиш керакки, муносабатлар қоидаларга қараганда муҳимроқдир. 

Ногиронлиги бўлган фарзандларни  парваришлаш ва тарбиялаш кўникмаларини ривожлантириш юзасидан ўтказилган тадқиқот юзасидан ўтказилган сўровномаларда жами 229 нафар респондент иштирок этди.

Сўровномалар Тошкент Педиатрия тиббиёт институти талабалари,  Махсус ўқув курслари тингловчилари, маҳалла мутахассислари ўртасида ўтказилди.  

Респондентлар жамият ногиронлик масалаларини муҳокама қилишга тайёрми, бунинг учун қандай чора-тадбирларни амалга ошириш керак? деган саволга қуйидагиларни белгилашган:

  1. Жамият аъзоларининг ногиронлик масалалари бўйича умумий билимларини ошириш
  2. Ногиронлик бўйича дунёда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тушунча бериш
  3. ОАВ да ногиронлик масалаларини кўпроқ ёритиш
  4. Миллий қонунчиликни такомиллаштириш
  5. Ногиронлар учун жамиятда қулай шарт-шароитлар яратиш
  6. Ногиронларнинг яшаши, таълими олиши, дам олиши, меҳнат қилиши, тиббий ҳизматлардан фойдаланиши учун кенг турдаги инфратузилмани яратиш
  7. Ногиронлар учун инклюзив таълимни амалга ошириш. 

Респондентлар ногиронлиги бор фарзандни тарбия қилиш учун зарур бўлган билим ва компетенцияларга қуйидагиларни киритишган: 

  1. “Ногиронлик” тушунчаси ҳақида умумий маълумотларга эга бўлиш – 95 %
  2. Ногиронлик бўйича халқаро қонунчилик ҳақида зарур маълумотлар бериш– 83 %
  3. Ногиронлик бўйича миллий қонунчилик ҳақида зарур маълумотлар бериш – 81 %
  4. Ногиронлиги бор фарзандни тарбиялаш бўйича педагогик билимлар – 67 %
  5. Ногиронлиги бор фарзандни тарбиялашга оид тиббий билимлар – 66 %
  6. Ногиронлиги бор фарзандни тарбиялаш бўйича психологик билимлар – 63,5 %
  7. Ногиронлик масалалари билан шуғулланадиган ташкилотлар ва марказлар ҳақида маълумот бериш - 57,7 %.

 Тадқиқот натижалари асосида ТПТИ, РЦСАД, ХТВ экспертлари, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамкорлигида “Ногиронлиги бўлган фарзандларни  парваришлаш ва тарбиялаш кўникмалари” мавзусида ота-оналар учун услубий қўлланма яратилди.

Бугунги кунда алоҳида эҳтиёжга эга болаларни жамиятга уйғунлаштириш учун ва улар учун қулай муҳитни яратиш жамият олдида турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Замонавий глобал муҳит, ижтимоий-иқтисодий шароит алоҳида эҳтиёжли болаларни мустақил ҳаётга тайёрлашни янада такомиллаштиришни талаб қилади.

Бундай болаларнинг потенциалини рўйёбга чиқариш ва уларни таълим, маданият ва спортда ҳамда келажакдаги касбий, меҳнат фаолиятида ўз имкониятларини амалга оширишини таъминлаш каби масалалар алоҳида аҳамият касб этади.

Шу жиҳатдан олганда ногиронлиги бор фарзандларни тарбия қилаётган ота-оналарга зарур бўлган билимлар, ногиронлиги бор болаларни ҳуқуқий ҳимоясига оид халқаро ва миллий қонунчилик ҳамда шарҳлар, уларни ҳаётий вазиятларга татбиқ этиш, оилада фарзанд тарбияси ва маънавий-аҳлоқий, руҳий-жисмоний камолоти учун зарур бўлган ота-оналик кўникмаларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Қўлланмада ногиронлик тушунчаси, ногиронлиги бор болаларни тарбиялаш бўйича ота-оналик кўникмалари, ногиронлиги бор болаларга тиббий ҳизмат кўрсатиш, ногиронлиги бор болаларни таълими масалалари ҳамда ногиронликка оид миллий ва халқаро қонунчилик тизими берилди.

Қўлланмада учрайдиган илмий термин ва атамаларнинг этимологияси ва маъноси глоссарийда келтирилди.

Ўтказилган илмий тадқиқот натижалари Махсус ўқув курслари тингловчилари, оилашунос олимлар, соҳада фаолият олиб бораётган мутахассислар учун муҳим манба бўлиб ҳизмат қилиши, шубҳасиз.