Республикада оналар ва болалар ўлими ҳолатларининг олдини олиш бўйича тадқиқот

Оналар ва болалар ўлими нафақат бутун дунёда энг долзарб ва муҳим муаммолардан  бири саналади. Статистик маълумотларга кўра жаҳонда ҳар йили ўртача 300 мингдан зиёд аёл ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ сабаблар туфайли вафот этади. Шу билан бирга ривожланган давлатлар ва ривожланаётган давлатлар кўрсаткичларида кескин фарқлар кузатилади ва бу вариация кўлами 2015 йил учун ҳар 100 минг нафар тирик туғилган чақалоққа ривожланган давлатларда ўртача 12 оналар ўлими ҳолатидан, ривожланаётган давлатларда 239 ҳолатгача етади. Бундан равшан кўриниб турибдики, бўлажак оналарга сифатли ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг ижтимоий-моддий ҳолатининг зарур даражасини таъминлаш орқали оналар ўлимини бир неча баробар қисқартиришга эришиш мумкин.

Осиё давлатлари, МДҲ давлатлари билан таққослаганда Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи сезиларли даражада паст. Бироқ, республикада ушбу ҳолатларга босқичма-босқич бутунлай барҳам бериш вазифаси белгиланган. Бу вазифа Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларида ҳам ўз аксини топган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг ноябрь ойида республика соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва соҳадани изчил ривожлантиришга доир долзарб вазифаларни белгилашга бағишлаб ўтказилган видеоселектор мажлисида бир қатор муҳим вазифалар қаторида ҳудудларда оналар ва болалар ўлими ҳолатларини сабабларини пухта ўрганиш, натижаларини тахлил қилиш ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Соғлиқни сақлаш  вазирлиги, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази томонидан бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда республиканинг Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент ва Андижон вилоятларида тадқиқот ўтказилди.

Тадқиқот доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган махсус саволнома ҳамда “Оила” маркази томонидан турли даражадаги тиббиёт муассасаларининг оналик ва болалик учун масъул раҳбарлари ва мутахассислари билан эксперт сўрови ўтказиш учун ишлаб чиқилган социологик сўровнома орақали маълумот тўпланди.

Тадқиқот натижалари бўйича аниқланган ҳар бир муаммонинг ечимини кўзда тутадиган комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда “Оила” маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари томонидан тасдиқланди. Ушбу дастурда мавжуд муаммоларни уларнинг мураккаблиги, зарур молиялаштириш салмоғи, жалб этиладиган ташкилот ва муассасаларнинг иштирокидан келиб чиқиб учта даражада ҳал этиш белгиланган: республика, вилоят ҳамда туман ва шаҳарлар даражасида.

Ҳозирги пайтда чора-тадбирлар режаси “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг жойлардаги бўлимлари томонидан, ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда ҳамда унинг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб борилмоқда. 

 

Тадқиқот юзасидан маълумот олиш учун электрон адрес: analiz@umail.uz