Республикада оналар ва болалар ўлими ҳолатларини олдини олиш бўйича тадқиқот бошланди

Оналар ва болалар ўлими бутун дунёда энг долзарб ва муҳим муаммолардан  бири саналади. Статистик маълумотларга кўра жаҳонда ҳар йили ўртача 300 мингдан зиёд аёл ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ сабаблар туфайли вафот этади. Шу билан бирга ривожланган давлатлар ва ривожланаётган давлатлар кўрсаткичларида кескин фарқлар кузатилади ва бу вариация кўлами 2015 йил учун ҳар 100 минг нафар тирик туғилган чақалоққа ривожланган давлатларда ўртача 12 оналар ўлими ҳолатидан, ривожланаётган давлатларда 239 ҳолатгача етади. Бундан равшан кўриниб турибдики, бўлажак оналарга сифатли ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг ижтимоий-моддий ҳолатининг зарур даражасини таъминлаш орқали оналар ўлимини бир неча баробар қисқартиришга эришиш мумкин.

Осиё давлатлари, МДҲ давлатлари билан таққослаганда Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи сезиларли даражада паст. Бироқ республикада ушбу ҳолатларга босқичма-босқич бутунлай барҳам бериш вазифаси белгиланган. Бу вазифаЎзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларида ҳам ўз аксини топган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг ноябрь ойида республика соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва соҳани изчил ривожлантиришга доир долзарб вазифаларни белгилашга бағишлаб ўтказилган видеоселектор мажлисида бир қатор муҳим вазифалар қаторида ҳудудларда оналар ва болалар ўлими ҳолатларини сабабларини пухта ўрганиш, натижаларини таҳлил қилиш ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Соғлиқни сақлаш  вазирлиги, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази томонидан бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда республиканинг Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент ва Андижон вилоятларида тадқиқот ўтказилди.

Тадқиқот доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган махсус саволнома ҳамда “Оила” маркази томонидан турли даражадаги тиббиёт муассасаларининг оналик ва болалик учун масъул раҳбарлари ва мутахассислари билан эксперт сўрови ўтказиш учун ишлаб чиқилган социологик сўровнома орақали маълумот тўпланди.

Тадқиқот доирасида қуйидаги масалалар ўрганилди:

  • оналар ва болалар ўлимининг умумий кўрсаткичлари, сабаблари ва уларга олиб келадиган ижтимоий-иқтисодий, институционал ва бошқа омиллар;
  • оналар ва болалар ўлими ҳолатларини таҳлил этиш ва ушбу таҳлиллар хулосалари бўйича кўриладиган чораларнинг самарадорлиги;
  • туғиш ёшидаги аёлларнинг тиббий маданияти, ўз репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича, шунингдек хавфли ҳомиладорликдан сақланиш бўйича энг муҳим қоидаларга амал қилиши даражаси;
  • оналар ва гўдаклар саломатлигини таъминлашга мутасадди муассасаларнинг моддий-техник, кадрлар салоҳияти, ҳомиладор аёлларга кўрсатиладиган бирламчи хизмат сифати;
  • вилоят, туманлар, шаҳарлар даражасида оналар ва болалар ўлимининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлик даражасини баҳолаш.

Тадқиқот натижалари бўйича аниқланган ҳар бир муаммонинг ечимини кўзда тутадиган комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу дастурда мавжуд муаммоларни уларнинг мураккаблиги, зарур молиялаштириш салмоғи, жалб этиладиган ташкилот ва муассасаларнинг иштирокидан келиб чиқиб учта даражада ҳал этиш белгиланган: республика, вилоят ҳамда туман ва шаҳарлар даражасида.

Ботир Мавлянов,
Оилани демографик ривожлантириш
бўлими бошлиғи