Сирдарё вилоятида оилавий ажралишларнинг ўсиш сабабларини ўрганиш тадқиқоти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида вилоятда никоҳдан ажралиш кўрсаткичлари даражасининг ўсиши сабабларини аниқлаш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Мазкур топшириқни бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот Марказининг етакчи олимлари, ҳуқуқшунослар, социологлар, психологлар, бошқа турли соҳалар экспертларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳи ташкил этилиб, вилоятнинг шаҳар ва туманларида комплекс тадқиқот ишлари амалга оширилди. Мазкур йўналишда махсус сўровнома ишлаб чиқилиб, сўнгги уч йил давомида никоҳдан ажралишни расмийлаштирган 250 дан ортиқ фуқаро ўртасида сўровнома ўтказилди.

Шунингдек, Вилоятдаги вазиятни ўрганиш мақсадида фокус гуруҳи учун анкета саволлари ишлаб чиқилиб, ҳокимликлар раҳбар-мутасаддилари, хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари, ФҲДЁ бўлимлари, судьялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ва амалиётчи психологлардан иборат таркибдаги 30 нафар маҳаллий эксперт орасида сўровнома ҳам ўтказилди.

Мавжуд статистик маълумотлар, сўровнома натижалари ҳамда Сирдарё вилояти туман ва шаҳарларида ўтказилган давра суҳбатлари давомида бўлиб ўтган мунозаралар таҳлили қуйидагиларни кўрсатди:

  1. Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда вилоятда 1095 та оилавий ажрим рўйхатга олинган бўлиб, бу 2016 йилга нисбатан (908) 21,0 фоиз ўсишни ташкил қилган. Бу кўрсатгич Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари орасида энг юқори ҳисобланади. 2012-2016 йилларда республика бўйича оилавий ажримларнинг ўсиши 58,0 фоизни ташкил қилган бўлса, Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 83,0 фоизни ташкил этган[1]. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Сирдарё вилояти бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятда оилавий ажримларнинг асосий қисми Боёвут, Сирдарё, Ховос туманлари ҳамда Гулистон, Янгиер шаҳарлари ҳиссасига тўғри келади.

Ажрашган оилалар никоҳининг ўртача давомийлиги кўрсаткичи бўйича ҳам вилоят республикада охирги ўринлардан бирини эгаллайди. Вилоятда оилавий ажралишларнинг 40 фоизидан ортиғи биргаликдаги турмушнинг 1-4 йили давомида ажрашган оилалар ҳисобланади[2].

  1. Сўровномалар натижаларига кўра, вилоятда эр-хотин ўртасида бир-бирини тушуниш ва тотувликнинг йўқлиги, оиладаги доимий жанжал ва можаролар (22,5 %), оилада фарзанд йўқлиги/бепуштлик (15,6 %), эр-хотин оилавий муносабатлари ва уларнинг шахсий ҳаётига бошқаларнинг аралашуви ва улар ўртасидаги ўзаро можаролар (15,0%), алькоголизм (11,0% фоиз) ажрашишларнинг асосий сабаби сифатида намоён бўлади

Сирдарё вилоятида никоҳдан ажралган шахслар сўрови маълумотлари.

Манба:Сирдарё вилоятида никоҳдан ажралган шахслар сўрови маълумотлари.

 

Тадқиқот гуруҳи аъзоларининг ўрганиш натижаларига кўра, “Эр-хотин ўртасида бир-бирини тушунишнинг йўқлиги, оиладаги доимий жанжал ва можароларнинг бўлиб туриши”нинг асосий сабаблари сифатида “Оилавий ҳаётга эр-хотининг ҳар томонлама тайёр эмаслиги”,  “Севги муҳаббатсиз оила қуриш”, “оиладиги моддий қийинчиликлар”, “Ёш оилалар ҳаётига бошқаларнинг (қайнона, овсинлар, қайнота, келин-куёвнинг бошқа яқинлари) аралашуви”, “келин-куёв ёки оиланинг бошқа аъзоларининг мулоқот маданиятини билмаслиги”, “Келин-куёвнинг турмуш қувончлари ва ташвишлари, оғирликлари, аччиқ-чучукларини тасаввур этиш ҳамда бундай вазиятларда ўзини тута билмасликлари”, “Келин-куёв ва оиланинг бошқа аъзоларини маънавий-маърифий саводхонлик даражасининг пастлиги” ва бошқалар кузатилади.

Шунингдек, “Эр (хотин)нинг оиласига, уларнинг шахсий ҳаётига оиланинг бошқа аъзоларининг аралашуви ва улар билан келишмовчилик”нинг келиб чиқиши сабаблари сифатида эса “Келин-куёвнинг шахсий ҳаётига қайнона, овсинлар, қайинсингиллар ва қудаларнинг ноўрин аралашуви”, “Қайнона, қайнота, қайинсингиллар ва овсинларнинг оила сабоқлари, оила маънавияти ва маданияти бўйича саводхонлик даражасининг пастлиги” кабилар намоён бўлмоқда.

Фокус гуруҳи экспертларининг фикрига кўра, оилалар бузилишига олиб келадиган асосий сабаблар сифатида оилада тотувликнинг йўқлиги, эр-хотин ўртасидаги доимий можаролар, эр-хотиннинг қариндошлари билан можаролари, оиланинг яшаш шароити қониқарсизлиги намоён бўлади (мазкур жавоблар барча сабабларнинг 40,0 фоизини ташкил қилди).

Статистик маълумотларга кўра, биринчи никоҳдан ўтиш ёши Республикамизда қизлар учун ўртача 23,2 ёшни, йигитлар учун эса – 26,8 ёшни ташкил қилади. Шунинг учун бўлса керак, сўровнома натижаларига кўра, никоҳдан ажрашганлар никоҳдан ўтган ёшларини ажрашишнинг асосий сабаби деб ҳисобламайдилар. Респондентларнинг 75 фоиздан кўпроғи қизлар 22 ёшгача турмушга чиқиши керак, деб ҳисоблайди (6 фоизи 18 ёшни қизларнинг турмушга чиқиши учун мақбул ёш деб ҳисоблайди), 63 фоизи йигитлар учун мақбул ёш деб, 24-25 ёшни ҳисоблайдилар. Респондентларнинг 36,5 фоизи 25-30 ёшда никоҳдан ўтганларни ташкил қилади. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, ёш даври чегараси оилавий ажримларнинг асосий сабаби никоҳдан ўтиш ёши даврига эмас, балки уларнинг оилавий ҳаётга маънавий-психологик, иқтисодий жиҳатдан тайёр эмаслиги билан характерланади.

 

 Сирдарё вилоятининг ҳудудий хусусиятидан келиб чиқиб, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича

ТАКЛИФ ВА ТАВСИЯЛАР

 

Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Сирдарё вилоятида никоҳ ажримларининг сабабларини ўрганиш натижаларига кўра, аксарият ҳолатларда оиладаги доимий жанжаллар эр-хотин ўртасида ишонч йўқлиги, эр-хотинларнинг ўзаро келишмовчиликлари, рашк, хиёнат, келин билан қайнона ва бошқа яқин қариндошларнинг чиқишмасликлари, эркакнинг зарарли одатларга берилиб кетиши (ичкиликка, гиёҳванд моддаларга ва шу каби), моддий қийинчиликлар (асосан эрнинг ишламаслиги, мустакил оилани бошқара олмаслиги), миграция, фарзандсизлик/бепўштлик кабилар қайд этилади. Умуман олганда, вилоятда никоҳ ажримларининг бош омили ёшларнинг маънавий-психологик жиҳатдан турмуш қуришга тайёр эмасликларига бориб тақалаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Ушбулардан келиб чиқиб, Сирдарё вилоятининг ҳудудий, этнографик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги таклиф ва тавсияларни бериш мумкин:

  1. Вилоятда оилавий ажрим сабабларининг аксарияти ёшларнинг оилавий ҳаётга маънавий-психологик жиҳатдан тайёр эмасликларига боғлиқ эканлигидан келиб чиқиб, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тизимли, кенг қамровли чора-тадбирлар харитасини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш.
  2. Қайнона, қайнота ва оиланинг бошқа аъзоларининг ёш оилаларнинг шахсий ҳаётига аралашувлари туфайли ажралишлар келиб чиқаётганлигини ҳисобга олиб, уларнинг ёш оилалар оилавий ҳаётига ноўрин аралашувининг олдини олиш.

3.Оила ва никоҳ масалаларида ахлоқий меъёрлар, оила аъзоларининг ўзаро мулоқоти ва бунда мулоқот маданияти, жамоат жойларида мулоқот қоидаларига риоя этиш малакаларини ёш оила аъзолари онгига сингдириш;

  1. Инқирозли оилаларни ижтимоий-психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва унга ёрдам кўрсатиш орқали мушкул ахволга тушиб қолган оналар, оила аъзолари ва уларнинг фарзандлари билан психологик-педагогик ёрдам ишларини ташкил этиш, яъни инқирозли оила билан ишлаш аввало шундай ҳолатга тушиб қолган оилаларнинг талаб-таклифлари асосида ёки вилоятнинг у ёки бу ҳудудидаги оилаларнинг аҳволини ўрганиш натижаларига кўра амалга оширилиши лозим. Масалан, вилоят шароитида жами оилаларнинг салмоқли қисми ёш оилалар тоифасига кириши, уларда муайян муаммоларнинг, ижтимоий ҳамда психологик муҳофазага эҳтиёжни сезиши табиий бўлгани учун ҳам давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан оилани муҳофаза қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ёрдам беришда ўз-ўзини бошқариш органлари, “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказлари, “Ёшлар иттифоқи” ижтимоий ҳаракатига зарурий тавсия ва кўрсатмалар асосида ташкил этилиши мумкин.
  2. Оилавий шахслараро муносабатлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилувчи омиллар орасида “оиланинг моддий таъминланганлиги” ҳам етакчи ўринларда белгиланишидан келиб чиқиб, оилаларда иқтисодий – молиявий хўжалик фаолиятини тўғри ва оқилона юритишни йўлга қўйишни таъминлаш.
  3. Оилавий ажралиш жараёнида хўрланган ва норози аёл ўз фаоллигини ошириб, ажрим содир бўлмаслигининг олдини олиб учун муайян сайъи-ҳаракатларга киришади. Аммо шундай ҳолларда аёлларнинг барча ишларни хавотирлик ва ҳаяжон билан амалга оширгани сабабли, кўп хатоларга йўл қўяди ва номаъқул ишлар ҳам қилиб қўйиши мумкинлигини ҳисобга олиш зарур.
  4. Ажрим жараёнида ажралишни хоҳламаган томон вазиятни бошқара олмаганлигини тан олиб, тушкунлик, депрессия ҳолатига тушади ва энди ўзини ҳам айблай бошлайди. Бунда бирламчи чора сифатида томонларни депрессиядан чиқаришга ҳаракат қилиш керак.
  5. Вазият тақозасига кўра ажралишни хоҳламаган томон энди мавжуд ҳолат билан келишиб, бундай никоҳнинг бўлганидан бўлмагани маъқуллиги ҳақидаги фикрга келади. Бунда ажралишни хоҳламаган томон тақдирга тан бермасдан, ажралишнинг олдини олиш йўлларини излаши лозим.

Шу ўринда албатта, шуни таъкидлаш жоизки, айрим ҳолларда иккала томон онгли равишда, ўзаро келишиб, бир-бирларига тана-дашном айтмайдилар ва бундай ажримлар “ажралиш маданияти” га кўра содир бўлади. Демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти қурилаётган давлатларда ажримлар масаласига ҳам демократик тарзда қаралади, яъни бу икки томоннинг ёки бирининг манфаатига мос келиши инобатга олиниб, ажрим содир этилади, лекин бундай ҳолатларда, айниқса, ёш боласи билан қолган она ижтимоий-психологик ёрдамга, жамият томонидан кўрсатиладиган мададга муҳтож бўлишини эсдан чиқармаслик лозим.

Жамоатчилик ташаббуси билан ташкил этилган шундай хизмат турларидан бири мамлакатимизнинг ва шу жумладан, вилоятнинг турли туман ва шаҳарлари марказларида ташкил этилган “Аёллар ижтимоий кўмак марказлари” бўлиб, унинг қошида ташкил этилган “Оилаларга ижтимоий ва психологик хизмат кўрсатиш” бўлимлари, ундаги “Ишонч телефонлари” оила аъзоларига маърифий, маънавий, ахборот психологик хизматларни амалга ошириши лозим.

  1. Янги оиланинг “уй-жой билан таъминланганлиги” ҳам унинг барқарорлигини таъминловчи муҳим таркиб эканлиги тан олинганлиги ижтимой-психологик воқелик эканлигига кўра оилаларни айниқса, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни йўлга қўйиш.
  2. Барча ўзбек оилалари ва шу жумладан, вилоят оилаларига хос бўлган “қайнота ва қайнонанинг ёшлар оиласини бошқаришга аралашуви” таъсирини камайтиришга эришиш.
  3. Вилоят миқёсида кенг кўлам ёзаётган хусусий ва давлат муассасалари таклиф этаётган “Оила сабоқлари”, “Ижтимоий психологик тренинглар” айнан эр-хотинларни ота-оналикка ва ўзаро муносабатларнинг турли жиҳатларига бағишланган кўрсатувлар, учрашувлар ва психологик тренинг машғулотларини кенг йўлга қўйиш.
  4. Вилоят “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан маҳаллаларда ташкил этилаётган “Ота-оналар университетлари” нинг оилавий муносабатларга бағишланган муаммоларни жойида, оила муҳитида ечишга катталарни ва ёшларни ўргатиш, уларда соғлом муносабатлар психологиясини шакллантиришга қаратилган амалий ёрдамларни кучайтириш.
  5. Аёлларнинг турмуш ўртоғининг қизиқиши ҳамда ишларига ҳадеб аралашмаслик ва унга ишониш. Ҳар қандай одамнинг ҳаётда ўз қизиқиши ва севимли машғулоти борлиги табиийдир. Чунки шу машғулот ёки қизиқиш билан банд бўлиш кишига кўп қувват бағишлайди. Лекин одамнинг шу иши ёки фаолиятига бошқаларнинг аралашуви, ҳатто турмуш ўртоғи бўлса ҳам, норозилик юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

Қолаверса, оилада аёл кишининг ҳаддан зиёд турмуш ўртоғига нисбатан талабчанлиги, унга нисбатан ўз хусусий буюми ёки нарсаси сифатидаги қараши умр сўнгида ана шундай афсус ва надоматларга олиб келар экан. 

Демак,  агар оилавий бахтни сақлаб қолиш истаги бўлса, турмуш ўртоқлар бир-бирларини тирноғи тагидан кир қидирмасликлари, шубҳа қилмасликлари, ишонч асосида ўз фаолияти ва қизиқишлари билан машғул бўлишга далда беришлари лозим бўлади.

  1. Оилада меҳр ва муҳаббатли бўлиш, жуфтига эркин яшаш имконини бериш! Ҳаётда шундай ҳолатлар бўладики, эр-хотин муносабатларида эътибор, ғамхўрлик ва хушмуомалалик севги, муҳаббатга нисбатан ҳам ўз устунлигини кўпроқ кўрсатади. Масалан, турмуш ўртоғини ишдан келганида аёл киши майин табассум ва эътиборлилик билан кутиб олса, олиб келган оз бўлса ҳам харидига миннатдорчилик билдира олса, билингки, эртасига шу оила бошлиғи янада оиласига талпинади, уйга келишга шошади ҳамда ўзида психологик жиҳатдан кимгадир кераклилик ҳиссини туяди. Шунинг учун оилавий бахтга эришиш учун турмуш ўртоқларнинг мумкин қадар бир-бирига эътиборли, ғамхўр бўлиши бориб-бориб бу муносабат ҳам муҳаббатга ва севгига айланишига асос бўлар экан. Никоҳнинг муваффақияти бу одамнинг ўзига лойиқ одам топишидагина эмас, бу ўзининг ҳам шундай одам бўлишга қобил бўла олишидир. Шунинг учун оилавий ҳаётда чинакам бахтли яшаш истаги бўлса, турмуш ўртоқлар бир-бирини ўзгартиришга ҳаракат қилмасликлари маъқулдир.
  2. Оилада иложи борича келинни ноўрин танқид қилмасликка ҳаракат қилиш! Инсондаги асосий хусусиятлардан бири ўзини бошқалар томонидан бирор қилган иши ёки хатти-ҳаракати учун мақтов эшитишга ҳозирлик ҳолати ҳисобланади. Танқид эса, айниқса, оила аъзолари томонидан келинни кимдир танқид қилинса, бу унинг худди найзадек жигар-бағрини эзиши, хафа қилиши ва низоли вазиятнинг келиб чиқишига олиб келиши мумкин.
  3. Оилада эр-хотин бир-бирига нисбатан диққат-эътиборли бўлишни унутмаслик! Мутахассисларнинг таъкидлашича, баъзан оддий, майда-чуйда одатлар: масалан, “ишга яхши бориб келинг”, “яхши бориб келдингизми” каби сўзлар, кутиб олиш, нарсани дарров қўлдан олиш каби одатлар оилани мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга экан. Чунки турмуш ўртоғини ишидан келишини эътибор билан кутиб олган аёл ҳам ўз навбатида эри учун энг яқин ва севимли бўла олади. Демак, оилада бир-бирига эр-хотинлар диққат-эътиборли бўлишлари даркор.
  4. Аввало оилавий ажримларни бартараф этиш ва унинг ҳеч иложи бўлмаганда, ажралишнинг яқинлар, қариндошлар орасига совуқчилик туширмаслиги, улар орасидаги муносабатларнинг бузилишига олиб келмаслигига эътибор қаратиш.
  5. Ажралиш бу яқин одамлар тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатишини унутмаслик даркор. Шу сабабли бу масалада асоссиз енгил қарорлар чиқаришдан сақланиш. Бу борада катта ҳаётий тажрибага эга бўлган яхши кишилар билан маслаҳатлашни жорий этиш ва қўллаш керак. Бир оилани сақлаб қолиш учун қилинадиган ҳаракат бу савоб иш эканлигини ёдда тутиш.
  6. Ажралиш энг сўнгги чора! У фақат Сизнинг эмас, балки яқинларингиз тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатишини унутманг. Шу сабабли бу  юзасидан  асоссиз  енгил  қарорлар  чиқаришдан сақланинг. Бу борада катта ҳаётий тажрибага эга бўлган яхши кишилар билан маслаҳатлашинг.

 

[1]Ўзбекистон демографик йиллик тўплами. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, 2017.

[2]Ўзбекистон демографик йиллик тўплами. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, 2017.