Оилавий ажралишларга эркаклар айбдорми?

“Оила” илмий амалий-тадқиқот маркази томонидан 2018 йил давомида кўплаб тадқиқотлар ўтказилди ва уларда аниқланган муаммолар ичида айнан йигитлар ва эркакларга боғлиқ бир қатор жиҳатлар намоён бўлди.

Ажралиш ҳолатлари кўп бўлган вилоятларда ажралиш сабаблари ўрганилганда, оиладаги доимий жанжал ва можаролар, эр-хотин ўртасида бир-бирини тушуниш ва тотувликнинг йўқлиги (22,5 %) асосий сабаблар сифатида кўрсатилди. Кўринадики, мустаҳкам оилани барпо этиш ҳар томонлама тенг баробарида ҳам эркакка, ҳам аёлга боғлиқ жараёндир.

Ажралишнинг сабабларидан яна бири алькоголизм (11,0% фоиз) ҳам эканлиги аниқланди. Спиртли ичимликларни ичишга алькоголизмга асосан эркаклар мойил бўладилар. Оила бошлиғи бўлган эркакларда ирода, сабр-тоқат ва мардлик каби шахсий етуклик сифатлари тарбияланмаганлигидан алкоголизмга мойилликлари орта боради.

400 га яқин уйланмаган йигитлар орасида йигитларнинг оилавий ҳаётга тайёрлик даражасини аниқлашга қаратилган сўровлар ўтказилганда, 44 % йигитлар тасаввурларида оилада фарзанд тарбиясига фақатгина аёллар масъулдирлар деган қараш бор эканги маълум бўлди. Лекин психолог мутахассисларнинг фикрига кўра, оилада ота ролининг кучсизланиши катта ижтимоий фожиадир. Боиси, бу ҳолатда оиланинг барча ички ва ташқи тизими, ўзини идора қила билиш ва мукаммал интизомга бўлган интилиш ҳам йўқолади.

57 фоиз йигитлар “ота-онаси бадавлат қизга уйланган йигитларнинг ҳаёти моддий қийинчиликсиз ўтади” деган тасаввур ва қайнота-қайнонинг куёвига берган ёки қилган моддий кўмагига ишониб қолиш, оилани моддий жиҳатдан мустақил таъминлашда масъулият ҳис этмаслик каби хусусиятлар шаклланганлиги тадқиқот натижасидан аниқланди.

Йигитларда бундай қарашнинг шаклланиб бораётганлиги келажакда катта оилавий муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлиги билан изоҳланади. Чунки, эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Оилада эркакларнинг асосий вазифаси оилани иқтисодий жиҳатдан мустақил таъминлай олишидир.

Оила ажримлари сони ортиб бориши, ҳар бир етим қолаётган фарзандлар, фанзандларини ёлғиз тарбиялаётган оналарнинг сони кўпаётганлиги айниқса, йигитлар ўртасидаги жиноячилик  каби муаммолар ҳозирги замон йигитларини огоҳликка чақиришга, бундай ҳолатларни олдини олишда ҳар биримиз масъул эканлигинмизни яна бир бор эслатиб ўтишимизга ундайди.