“Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оиланинг роли” — халқаро илмий-амалий конференция.

Ташкилотчилар: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги.

Ўзбекистон Республикаси, 100017, Тошкент шаҳар, Ш.Рашидов кўчаси, 16. Tel: 71 239-43-42.

Web-site: www.oilamarkazi.uz, E-mail: qabulhona@oilamarkazi.uz  E-xat: oila23@exat.uz

Тадбир номи: “Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оиланинг роли” — халқаро илмий-амалий конференция.

Ўтказиш жойи ва санаси: “City Palace Hotel Tashkent” меҳмонхонаси, 2018 йил, 15 ноябрь.

 

Халқимиз азалдан оилада бола таълим-тарбиясига жуда катта эътибор билан қараб келган. Бинобарин, давлат ва жамиятнинг мустақиллиги ва мустаҳкамлиги бевосита мана шу масала билан чамбарчас боғлиқ экани исбот талаб этмас ҳақиқат. Шунинг учун ҳам болалар ва ёшларнинг тарбияси, айниқса, уларда юксак маънавий-ахлоқий омилларни шакллантириш барча замон ва маконларда жамиятнинг энг муҳим ва устувор вазифаларидан бири ҳисобланган.

Буюк маърифатпарвар аждодимиз Абдулла Авлоний: “Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмоқ – танини пок тутмоқ, ёш вақтидан маслакини тузатмоқ, яхши хулқларни ўргатмоқ, ёмон хулқлардан сақлаб, ўстирмоқдир”, дея бежиз таъкидламаган. Болаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси эса, энг аввало, оилада шаклланади.

Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замон, дунёнинг айрим минтақаларида, ён-атрофимизда бўлаётган воқеалар, зиддият ва тўқнашувлар давлат ҳамда жамият тараққиётида ижтимоий-маънавий соғлом муҳит ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда. Хусусан, аҳолини, биринчи навбатда, ёшларни турли ёт ва бузғунчи ғоялардан, ахборот ҳамда мафкуравий хуружлардан асраш, уларни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, қалбига ватанпарварлик туйғусини чуқур сингдириш долзарб масалага айланди.

Ана шу каби омиллардан келиб чиқиб, ёшлар ўртасида эзгулик ва бунёдкорлик ғояларини тарғиб этиш, фарзандларимизни турли зарарли иллатлардан асраш, уларни ҳар томонлама соғлом ва етук қилиб тарбиялаш, улар ўртасида самарали маънавий-маърифий ишларни изчил амалга ошириш, анъанавий оилавий қадриятларимизга таянган ҳолда вояга етказиш каби саъй-ҳаракатлар “Оила” марказининг бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликдаги устувор мақсадларидан саналади.

Шулардан келиб чиқиб, Марказ ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2018 йил 4 майдаги “Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш борасидаги “Йўл харитаси” тўғрисидаги Қўшма Қарори ижроси доирасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оиланинг роли” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Анжумандан кўзланган пировард мақсад фарзанд тарбиясида оиланинг масъулиятини ошириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилишда боланинг оилада яшаш ва тарбия қилиш ҳуқуқини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни ва ролини ошириш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ёш авлодда маънавий-ахлоқий, одоб қадриятларини ва ота-онага ҳамда катта ёшдаги инсонларга ҳурматни шакллантириш, оиланинг тарбиявий ва маданий-илмий салоҳиятини ошириш борасида халқаро тажрибани кенг ўрганиш ва мамлакатимизда оммалаштириш масалаларида фикр алмашиш учун хорижий давлатларнинг етук мутахассислари ва экспертлари ушбу анжуманга таклиф этилди.

Халқаро конференцияда ўндан ортиқ чет эл мамлакатларидан ташриф буюрган профессор-олимлар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Президент администрацияси ва ҳукумат ходимлари, оилашунос олимлар, ҳуқуқшунослар, профессор-ўқитувчилар, психологлар, исломшунослар, давлат ва нодавлат ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда халқаро ва миллий жамоатчиликни болалар ва ёшларни оилада маънавий-ахлоқий тарбиялаш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар натижалари билан таништириш, ўсиб бораётган авлодни маънавий ва оилавий қадриятлар асосида тарбиялаш, бу борадаги энг илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияга “Болалар ва ёшларни тарбиялашда маънавий мерос ва миллий қадриятларнинг ўрни”, “Маънавий-ахлоқий, ҳуқуқий таълимни шакллантириш бўйича замонавий тадқиқотлар”, “Дунё динларида тинчлик ва осойишталик, бағрикенглик ва ахлоқ мавзуси”, “Оилани мустаҳкамлаш соҳасидаги тадқиқотларнинг устувор йўналишлари” каби йўналишларда илмий-амалий изланишлар олиб бораётган хорижлик ҳамда маҳаллий олим ва тадқиқотчиларнинг юздан ортиқ мақола ва монографиялари тақдим этилди.

Уларнинг ичида хорижлик тадқиқотчилар — Япониянинг Аши университети фахрий профессори Кунико Хакамада, Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро ассоциацияси ижрочи директори, Корея халқаро муносабатлар университети профессори Ким Пенг Иль, Испаниядаги Мадрид автоном университетининг иқтисодий тадқиқотлар мактаби директори Мануэл Хуан, Россиянинг Курск давлат университети “Социология ва сиёсатшунослик” кафедраси профессори Татьяна Каменеванинг ўзига хос чиқишлари алоҳида эътироф этилди.

Конференция иштирокчилари ялпи мажлисдан кейин секцияларга бўлиниб, “Оила ва тарбия”, “Дин ва оила”, “Оила ва жамоатчилик” каби йўналишларда ишларини давом эттиришди. Анжуманда бир қатор мавзуларда баҳс-мунозаралар, фикрлар хилма хиллигига асосланган чиқишларга кенг ўрин берилди. Хусусан, “Ўзбекистонда болалар ва оила фаровонлигининг ижтимоий асослари”, “Замонавий авлод ахлоқий тарбиясининг ўзига хос жиҳатлари ва юзага келаётган муаммолар”, “Глобаллашув жараёнида ёшларнинг оила ва никоҳга оид қарашлари”, “Японияда тарбия ва таълим масалаларининг ўзига хос хусусияти” каби мавзулар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Конференция ишида оилалар мустаҳкамлиги ҳамда ёш авлод таълим-тарбиясида оиланинг тутган ўрни ва роли борасида илғор хорижий ва халқаро тажрибани ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Чет эллик мутахассислар ўзлари олиб борган илмий-амалий тадқиқотлар, изланишлар натижалари билан ўртоқлашдилар, ўзаро тажрибалар алмашилди. Шулардан келиб чиқиб, болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида бугунги кунда қандай самарали ютуқларни амалиётга татбиқ этиш, қандай салбий оқибатлардан воз кечиш бўйича баҳс-мунозаралар юритилиб, фикр-мулоҳазалар баён этилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар, фикр-мулоҳазалар, савол-жавоблар, тортишув ва муҳокамаларга бой ўтган анжуман якунида билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди. Конференцияга тақдим этилган энг долзарб мақолалар илмий тўплам ҳолида чоп этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати.

 

Маълумот учун телефонлар: 239-46-27, (97) 782-53-84