Оилада ҳуқуқбузарлик профилактикаси

2019 йил 9 декабрда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Оилада ҳуқуқбузарлик профилактикаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилиши режалаштирилмоқда. Унда халқаро ва миллий экспертларимиз зўравонликка қарши курашиш, зўравонлик жабрдийдаларини ҳимоя қилиш, бу ишга қўл урган ёки мойиллиги бўлган шахслар билан ишлаш бўйича тажрибалари ҳақида сўзга қилиши режалаштирилмоқда. Давра суҳбатига “Оила” маркази, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги академияси, Бош прокуратура, ННТ, реабилитация ва мослаштириш марказлари ва бошқа қатор ташкилотлардан мутахассислар таклиф қилинган. Давра суҳбати иштирокчилари бўлиб, асосан ИИВ ходимлари – хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспекторлари ва худудий ўқув курслар мутахассислари қатнашади.

Давра суҳбатидан мақсад бевосита зўравонликка учраган хотин-қизлар билан ишлайдиган ИИВ ходимлари ҳамда бундай ҳоллар кузатиладиган оилалар билан ишлайдиган “Оила” маркази мутахассисларининг салоҳиятини оширишдан иборат. 

Ўзбекистон Республикаси томонидан “Хотин-қизлар дискриминациясининг барча шаклларини йўқ қилиш ҳақида”ги Конвенцияни ратификация қилиниши, унинг қоидалари 100 дан ортиқ қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тадбиқи, ни амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши хотин-қизларнинг ҳуқуқий мақоми, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиши, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига тўлиқ амал қилинишини, маънавий-ахлоқий мезон ва анъанавий оилавий қадриятларнинг мустаҳкамланишини таъминлади.  

Ўзбекистонда оила, айниқса хотин-қизлар ва болаларнинг, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилади, уларнинг ривожланиши ва ўзини бирон соҳада тўлиқ намоён қилиши, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга мазкур соҳадаги ишлар хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашда қатор камчилик ва тўсиқлар борлигини кўрсатмоқда.   

Тадқиқотлар кўрсатишича, маиший зўравонлик жабрдийдаларини ҳам, оила аъзоларига нисбатан куч ишлатадиган шахсларни ҳам маълумоти ёки ижтимоий мақоми бўйича ажратиб бўлмайди. Маиший зўравонлик ҳолати юқори иқтисодий мақомга эга бўлган оилаларда ҳам, камбағал оилаларда ҳам бир хил тарқалган. Қолаверса, моддий таъминоти юқори бўлган оила аъзоларининг бу вазиятдан чиқиш учун ёрдам сўраши мураккаброқлиги аниқланган ва улар йиллар давомида зўравонликка чидаб келади.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази хотин-қизлар ва болаларга нисбатан жисмоний, жинсий, психологик, иқтисодий тусда қўлланилаётган зўравонликдан хавотирга тушмоқда ҳамда давлат органлари, жамоат ташкилотлари ходимлари ва фуқаролар қонунларни қанчалик билиши ва уларни амалиётда қандай қўллашини аниқлаш учун тадқиқот ўтказмоқчи.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати