ПРЕСС-РЕЛИЗ

ПРЕСС-РЕЛИЗ
 “ИБРАТЛИ ОИЛА” РЕСПУБЛИКА КЎРИК-ТАНЛОВИ

 

Ташкилотчи: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

Web-site: www.oilamarkazi.uz, E-mail: qabulхona@oilamarkazi.uz  E-xat: oila23@exat.uz

Ҳамкорлар: Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси 
Тадбир номи: “Ибратли оила” — Республика кўрик-танлови. 

Ўтказиш жойи ва санаси: Ўзбекистон банклар ассоциациясининг 1-қаватида жойлашган анжуманлар зали, 2019 йил 22 ноябрь. Соат 10.00.

 

Ижтимоий аҳамиятга молик бўлган “Ибратли оила” республика кўрик-танлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, замонавий оилани ривожлантириш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оилаларни бахтли қилиш – бу бутун жамият, давлатни мустаҳкам қилиш ва иродали, билимли, фидойи ёшларни вояга етказиш экани ҳақида куйинчаклик билан айтган сўзларида ўзига хос чуқур маъно бор. Зеро, оила юртимизнинг муқаддас ва мустаҳкам қўрғони бўлмоғи лозим.

Оила – мўъжаз Ватан! Демак, фарзандларимиз мана шу муқаддас даргоҳда ўсиб-улғайиши, илм чўққиларини эгаллаши, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб тарбияланиши лозим. Мадомики, фарзандларимизни етук инсон бўлиб вояга етишини истар эканмиз, улар ибратли ва замонавий оилада камол топиши ҳақида қанча ғамхўрлик қилсак ҳам кам.

Тадбир ташкилотчиларининг ишончи комилки, ибратли ва замонавий оилада камол топган фарзандларимиз ҳам Ўзбекистон шаънини улуғлайдиган, эл-юрт фаровонлиги йўлида фидойи инсонлар бўлиб вояга етадилар.

Аммо, бугунги даврнинг шиддати ҳам, талаби ҳам ўзгача. Бугун давр биздан оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига чуқур илмий ёндашувни, муаммолар ечимида инновацион усулларни қўллашни, соҳада илмий-тадқиқот муассасалари ва жамоат ташкилотлари билан яқин амалий ҳамкорликда иш олиб боришни талаб этмоқда. Фақат шундагина оилалар муаммоларини ҳал этишимиз, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашимиз, энг муҳими замонавий намунали оила мезонларини, “Соғлом оила – соғлом жамият” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда кишилар онгига “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципни сингдириш мумкин.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказига, хусусан, замонавий оилани ривожлантириш, замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш ҳамда намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш вазифалари юклатилган.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепцияси ижрога йўналтирилди.

Марказ олиб борган илмий тадқиқот натижалари бўйича Оила, Фуқаролик-процессуал, Маъмурий жавобгарлик, Меҳнат, Уй-жой ва Жиноят кодекслари таҳлил қилиниб, уларни такомиллаштириш бўйича 50 дан ортиқ таклифлар киритилди. Ўзбекистон Президентининг 20 дан ортиқ қарор ва фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 70 дан зиёд қарор лойиҳаларига тегишли илмий-амалий таклифлар берилди.

“Оила” Маркази томонидан  “Ўзбекистонда замонавий оила” ижтимоий тадқиқотлар натижалари бўйича замонавий-намунали оила модели ишлаб чиқилди ва ҳозирга қадар қарийб 2 млн. 966 мингдан зиёд намунали оилалар бўйича маълумотлар базаси шакллантирилди.

Сўнгги бир йил ичида “Оила” маркази аҳолининг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишига доир масалаларни комплекс тадқиқ этиш, ажрашишларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, нотинч ва низоли оилалар муаммолари ечимини топишга қаратилган 13 та илмий-амалий тадқиқот ишларини ўтказди. Тадқиқотлар олиб бориш жараёнида мамлакатимиздаги мавжуд 8,3 миллиондан зиёд оиланинг 2 миллиондан ортиғи ёш оилалар эканига алоҳида эътибор қаратилган.

Оилавий қадриятларини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий-маърифий тадбирлардан бири бу – “Ибратли оила” республика кўрик-танловидир.

Маълумки, “Ибратли оила” республика кўрик-танлови бу йил иккинчи бор ўтказилмоқда.

Кўрик-танловнинг асосий мақсади – оилани мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишдир.

Ушбу танлов ўтган йили биринчи бор ўтказилганда, унда 14 минг 800 га яқин оилалар иштирок этган бўлса, бу сафар 70 мингга яқин оилалар иштирок этди. Шу ўринда қайд этиш зарурки, танловда турли миллат вакиллари фаол иштирок этдилар.

Масалан, Тошкент ва Навоий вилоятларида ўтказилган “Ибратли оила” кўрик-танловида иштирок этган оилаларнинг ҳар бешдан бири қардош миллатлар: корейс, татар, қозоқ, қирғиз, уйғур, рус, озарбайжон, туркман, қорақалпоқ оилалари ташкил этди.

Бу йил танловда 70 мингга  яқин оила қатнашган бўлса, шулардан  туман босқичида   7797  та оила,  вилоят босқичида  200  та оила, республика  босқичида  14  та  энг ибратли оилалар  иштирок  этди. Иштирокчилардан 66043 та оила ўзбек миллатига, 286 та оила рус миллатига, 851 оила қозоқ миллатига, 908 та оила қорақалпоқ миллатига, 418 та оила тожик миллатига, 341 тадан ортиқроқ оила бошқа миллатларга мансубдир. Бундан кўринадики, юртимизда истиқомат қилаётган қардош халқлар ҳам кўрик-танловнинг асосий иштирокчиларига айланиб боряпти.  

“Ибратли оила” танловининг Республика босқичига  ҳудудлардан 14 та оиланинг  ҳужжатлари  тақдим этилди. Якунловчи босқичда ҳудудлардан келган оилалар «Энг ибратли жамоат ишларида фаол оила», «Энг ибратли маърифатли оила», «Энг ибратли фидойи оила», «Энг ибратли  инсонпарвар оила», «Энг ибратли тиббий маданияти юксак оила», «Энг ибратли  китобхон  оила», «Энг ибратли  сахий оила», «Энг ибратли тадбиркор оила», « Энг ибратли ташаббускор ва фаол оила»,«Энг ибратли санъатсевар оила», «Энг ибратли инновацион, замонавий оила», «Энг ибратли аҳил оила», «Энг ибратли оилавий қадриятларни улуғлаган оила», «Энг ибратли маънавияти юксак оила» номинациялари бўйича тақдирландилар. Шунингдек, “Ибратли оила” кўрик-танловининг 1,2,3-ўрин соҳиблари аниқланди.

Ғолибларга ва номинацияга эга бўлган оилаларга “Оила” маркази ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

  

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази матбуот хизмати