Медиация

2019 йил 17 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги яраштирув комиссиялари фаолияти самарадорлигини таҳлилий ўрганиш натижалари ҳамда оилавий низоларни тартибга солиш соҳасида янги усул ҳисобланган медиацияни тадбиқ этиш масалаларининг тақдимотини ўтказмоқда.

“Оила” маркази республикада оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилавий қадриятларни асраш ва ривожлантиришга доир ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича инновацион тадқиқотларни ўтказиш соҳасида етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

Марказ оила институтини такомиллаштириш соҳасида олиб борилаётган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни экспертизадан ўтказишда фаол иштирок этади, тадқиқот натижаларини амалиётга тадбиқ қилинишини таъминлайди. Айтиб ўтиш жоизки, ўтган бир йил давомида марказ томонидан ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ҳаётга замонавий намунали оила ҳамда “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясининг мезонларини тадбиқ қилишга йўналтирилган 10 дан ортиқ илмий-амалий тадқиқотлар ўтказилган.

“Оила” маркази томонидан яраштирув комиссиялари фаолияти самарадорлиги илмий-амалий таҳлил қилинди ҳамда Германия, Болгария, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари экспертлари иштирокида низолашиш арафасида ва низоли вазиятда бўлган оилалар билан ишлашнинг янги шакл ва усуллари борасидаги халқаро тажриба ўрганилди.

Яраштирув комиссиялари фаолиятини таҳлил қилиш давомида мазкур комиссия аъзолари оилаларда келишмовчилик ва низоли вазиятларни ҳал этишнинг замонавий услубларидан бехабар эканлиги аниқланди.

Жамият ривожининг замонавий босқичида оилавий низолар шахсий ҳаётга аралашмаслик, бетарафлик, конфиденциаллик ҳуқуқига риоя қилган ҳолда ҳал этилиши лозим. Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, ҳаётга медиация амалиёти оилавий низо ва келишмовчиликларни ҳал этишнинг янги ва муқобил усули сифатида тадбиқ қилиниши лозим. Конфиденциаллик, тенг ҳуқуқлилик ва ихтиёрийлик эса, унинг асосий тамойилларидан ҳисобланади.

Медиация мамлакатимизда 2018 йил 3 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонунга мувофиқ тадбиқ қилиниши мумкин. Олдимизда турган навбатдаги асосий вазифа – ушбу усулни медиаторлар ва яраштирув комиссиялари томонидан оилавий низоларни ҳал этиш амалиётида қўллашдан иборат.

Тақдимот давомида халқаро медиация тажрибаси ўрганиш натижалари, медиациянинг мақсад, вазифа ва тамойиллари, “Оила” маркази ходим ва мутахассисларини медиатив техникаларга ўргатишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.

Мазкур тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ижтимоий-сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар ҳамда “Оила” марказининг йирик халқаро ҳамкор ташкилотлари вакиллари иштироки кўзда тутилган.

“Оила” маркази тақдимот маросимининг очилиши 2019 йил 17 сентябрда соат 9:30 да “Radisson Blu” меҳмонхонасининг конференц-залида бўлиб ўтади.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати