“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилганига бир йил тўлди

Тараққиётнинг янги босқичидан дадил одимлаётган Ўзбекистон учун ўтган йил улкан ўзгаришлар, шиддатли ислоҳотлар, билим ва тажрибалар, янгидан янги ютуқ ва марраларга бой бўлди. Айниқса, оила институтини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини олиб боришнинг мутлақо янги, истиқболли тизими шакллантирилган йил сифатида 2018 йил тарихда қолди.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони оила соҳасида йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган бўшлиқ ҳамда муаммолар, камчилик ва иллатларга ечим топиш йўлида муҳим дастуриламал бўлди. Ушбу Фармон ҳамда мазкур ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилганига бир йил тўлди.

Шу муносабат билан уюштирилган медиа анжуман хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш бўйича 2018 йил мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланди. Унда қатор оммавий ахборот воситалари ходимлари билан биргаликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, дахлдор вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам иштирок этишди.

Анжуманда таъкидланганидек, юқоридаги тарихий Фармон билан мутлақо янгитдан шакллантирилган “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг асосий вазифаси сифатида жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларини оилани мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлаштириш, бу борада самарали ягона давлат сиёсатини юритиш, мамлакатда фақат соғлом оила соғлом жамият устуни бўлиши тўғрисидаги тушунчани аҳоли онгига сингдириш каби мақсадлар белгиланди. Ана шу каби масъулиятли вазифаларни амалга ошириш мақсадида Марказ фаолиятига етакчи олимлар, психологлар, ҳуқуқшунослар, оилашунос экспертлар, шунингдек, хорижлик мутахассислар кенг жалб этилди. Ҳамкор ташкилотлар кўмагида ўтган бир йил мобайнида оилалардаги ҳолатлар кўрсаткичларининг аниқ масштабини аниқлаб олиниб, уларни ҳар бир ҳудуд кесимида, ҳудуднинг ўзига хос географик, этник-ижтимоий, тарихий, маданий-маърифий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда оилаларга тегишли масала ва муаммоларга илмий усулларда, амалий тадқиқотлар, ижтимоий сўровлар олиб бориш орқали таҳлилий ёндашиб ишланди.

Хусусан, оилавий муаммоларни тизимли асосда бартараф этиш мақсадида 10 дан зиёд тадқиқотлар ўтказилиб, шу асосда ишлаб чиқилган бир қатор илмий таҳлил ва тавсиялар Ҳукумат ва мутасадди ташкилотларга тақдим этилди.

Мисол учун, Сирдарё, Самарқанд, Наманган  вилоятларида ажрашиш ҳолати қайд этилган  оилаларда бу кўнгилсиз ҳодисага сабаб бўлган оқибатларни ўрганишга қаратилган тадқиқот ўтказилиб, унинг натижалари бўйича  тайёрланган йўл хариталари ижрога йўналтирилди. Илмий-амалий тадқиқотларда шу нарса маълум бўлдики, ажрашган оилаларнинг 40 фоиздан ортиғи агар вақтида ёрдам берилганида, ажрашмаган бўлар эдик, деган фикрни баён этди.«Оила» марказининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари дахлдор ташкилот-муассасалар билан биргаликда тизимли комплекс чора-тадбирларнинг ижроси таъминлангани боис республика бўйича ажрашиш арафасида турган 25.826 та низоли оиланинг иши судга етиб бормасдан ижобий ҳал этилди.

Ёки ёш оилалар ўртасида ажрашишларнинг асосий сабабларини аниқлаш мақсадида барча ҳудудларда 1.400 нафар қиз ва 400 нафар йигит ўртасида ижтимоий сўровлар, жумладан, «Сиз оила қуришга тайёрмисиз?» мавзусида экспресс-сўров ўтказилди. Сўров натижалари бўйича, аксарият ёшлар бугун мустақил оила қуришга, рўзғор юритишга тайёр эмас, бу борадаги зарур билим, малака ва кўникмалар етишмаслиги аниқланди.

 Ана шундай муаммоларга ечим топиш мақсадида ўтган йили илк бор Тошкент вилоятининг Паркент туманида никоҳланувчи ёшлар ўртасида тажриба тариқасида махсус ўқув машғулотлари ташкил этилди. Ушбу ўқувларда қатнашиб, сўнг никоҳ қурган 150 та ёш оиланинг турмуш тарзи, ўзаро муносабатлари, оиласи барқарорлиги мониторинг қилиниб борилиши баробарида, ўқув машғулотлари кейинги гуруҳлар билан изчил давом эттирилмоқда. Ушбу синов-тажриба Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида «Оила» маркази, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида «Келин-куёвлар инновацион мактаби» фаолиятини йўлга қўйишга замин яратди. Бу масканда малакали мутахассислар ва тренерлар кўмагида оилавий ҳаётнинг психологик, ҳуқуқий, тиббий, иқтисодий, репродуктив, диний-маърифий, маънавий-ахлоқий жиҳатлари ёш оила қурувчиларга 16 соатлик ўқув дастури асосида ўргатиб борилмоқда. Худди шундай «Келин-куёвлар инновацион мактаби» фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд, Наманган, Жиззах  вилоятларида жами 29  та  инновацион мактаб фаолияти  йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, 12 мингдан ортиқ нотинч  оилалар  тўғрисида  маълумотлар базаси шакллантирилди. Ушбу  оилаларнинг муаммолари ўрганилиб тегишли ташкилотларга  йўналтириш орқали  оилавий  жанжаллар, яшаш жойи масалалари, моддий ёрдам бўйича  муаммолари  ҳал этилди. Ҳамда спиртли ичимликка  ружу қўйганларнинг  тиббиёт муассасаларига   ётқизилиб даволаниши натижасида   кўплаб оилавий  нотинчликка  сабаб бўлган муаммолар ечими топилиб 4.7 мингдан  ортиқ  нотинч оилаларнинг муаммолари ечими топилди. Мамлакат миқёсида оилавий ички муносабатларни, бой маданий-тарихий мерос ва анъанавий қадриятларни сақлашда муаммоси бўлган 11.127 та оила билан тўғридан тўғри алоқа йўлга қўйилиб, ўз навбатида, 2 миллионга яқин намунали оиланинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Олтинкўл, Асака, Паркент, Зангиота, Ғузор, Чортоқ, Денов, Боғот, Янгибозор, Хўжайли, Беруний каби ҳудудий туманлар бўлимларида алоҳида ташаббускорлик кўрсатилиб, оилалар билан ишлашнинг ўзига хос янги услублари яратилди.

Марказ Инновацион ривожланиш вазирлигининг молиявий кўмагида «Ўзбекистонда оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари» ҳамда «Демографик хавфсизлик жиҳатидан оилани мустаҳкамлаш муаммоларини тадқиқ этишнинг концептуал асослари» мавзусида фундаментал лойиҳалар доирасида илмий изланишлар олиб борди. Шу йўналишда оилаларнинг демографик ривожланиши ва репродуктив саломатлик масалаларида таҳлилларни амалга ошириш учун зарур индикаторлар номенклатураси шакллантирилди. Ушбу индикаторлар воситасида республика ҳудудлари кесимида оилаларнинг барқарорлиги ва ривожланишига, репродуктив саломатлик даражасига таъсир этадиган муаммоларни аниқлаш, соҳадаги ҳолатни баҳолаш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича таҳлиллар амалга оширилиб, аниқланган муаммоларни ечишга қаратилган бир қатор тадқиқотлар ўтказилмоқда. Шунингдек, Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент ва Андижон вилоятларида оналар ва гўдаклар ўлими ҳолатлари сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, «Ҳудудларда оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар дастури» лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳукуматга киритилди.

Ўтган йили Марказ фаолиятида Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш юзасидан «Йўл харитаси»нинг ижросини таъминлаш устувор аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда социологик сўровлар ўтказилиб, илмий-амалий тадқиқот ишлари олиб борилди ҳамда шу асосда замонавий намунали оила модели ишлаб чиқилди.

Умуман, ўтган 2018 йил “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан кўплаб ишлар амалга оширилиб, муайян натижалар қўлга киритилди. Бу саъй-ҳаракатлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилиши, хусусан, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, унинг фаровонлиги ҳамда хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ҳамда инновацион тадқиқотлар изчил давом эттирилиши анжуманда алоҳида таъкидланди. Ўз навбатида, умуминсоний ҳамда миллий оилавий қадриятларни таҳлил қилиш асосида ўтган йили ишлаб чиқилган замонавий намунали оиланинг мезонларини жорий этиш ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятга сингдириш масалаларига илмий-инновацион жиҳатдан ёндашиш борасидаги ишлар давом эттирилавериши эътироф этилди. Яна бир жиҳати, бу йил оилани қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўналишида ҳам саъй-ҳаракатлар амалга оширилиши назарда тутилган.

Айни вақтда ҳудудларда эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг омиллари ва салбий оқибатларини чуқур таҳлил этишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар бошланмоқда. Зеро, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да мамлакат тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги биринчи навбатда ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар самараси билан чамбарчас боғлиқ. Демак, муҳим ижтимоий институт ҳисобланган оила институтини мустаҳкамласак, замонавий намунали оилалар сонини кўпайтирсак, оилаларнинг соғлом ва фаровонлиги, тинч-тотувлигига эришсак, давом этаётган ижтимоий ислоҳотлар тезроқ ўз натижасини кўрсатади.

Медиа анжуман якунида мутасаддилар журналистларни қизиқтирган қатор саволларга жавоб беришди.