29.06.18

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мамлакатимизда “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул этиб белгиланган. Бу ҳақида Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 2 февралдаги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 26 мартдаги Қарорида қайд этилган.

Марказ, ўз фаолиятининг устувор йўналишлари қаторида, нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш, уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, оиладаги ажрашишларнинг туб сабабларини ўрганиш, бу масалаларнинг ижобий ечимини топиш мақсадида ҳудудларда илмий-амалий тадқиқот ишларини ҳам изчил амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятда никоҳдан ажрашиш кўрсаткичлари даражасининг ўсиши сабабларини аниқлаш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Сирдарё вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, ажрашишлар ҳолати бўйича тадқиқот ва таҳлил натижалари” мавзусида “Пойтахт” бизнес марказида журналистлар учун ўтказилган брифингда Сирдарё вилоятида олиб борилган тадқиқотнинг якуний натижалари, ишлаб чиқилган чора-тадбирлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, бу борада “Оила” марказининг етакчи олимлари, ҳуқуқшунослар, социологлар, психологлар, бошқа турли соҳалар экспертларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳи ташкил этилиб, комплекс тадқиқот ишлари амалга оширилди.

Мутахассисларга кўра, 2017 йилда вилоятда 1095 та никоҳдан ажрашиш расмий қад этилган бўлиб, бу 2016 йилга нисбатан (908) 21 фоиз кўпдир. Ушбу кўрсаткич Ўзбекистон миқёсида ҳам энг юқори ҳисобланиб, 2012-2016 йилларда республика бўйича ажрашишлар сонининг ўсиши 58 фоизни ташкил қилган бўлса, Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 83 фоизга етган.

Ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, эр-хотин ўртасида бир-бирини тушуниш ва тотувликнинг йўқлиги, оиладаги доимий жанжал ва можаролар (22,5 фоиз), оилада фарзанд йўқлиги яъни бепуштлик (15,6) фоиз, эр-хотин оилавий муносабатлари ва уларнинг шахсий ҳаётига бошқаларнинг аралашуви ва улар ўртасидаги ўзаро можаролар (15 фоиз), сурункали ичкилик (11 фоиз) оилаларнинг барбод бўлишига асосий сабабдир. Ажрашган оилаларнинг 82,9 фоизида эр-хотиндан бирининг қариндошлари билан бирга яшаганлиги кузатилади.

Марказ томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ажрашишларнинг 14,5 фоизи моддий қийинчиликлар ва бунинг натижасида юзага келадиган иқтисодий шарт-шароитлар оқибатида рўй бермоқда, хусусан, эрнинг ишсизлиги сабабли оилада доимий моддий қийинчиликларнинг мавжуд. Эрнинг оиласини моддий жиҳатдан таъминлаш учун зиммасидаги вазифаларини бажаролмаётгани, эр ёки хотиннинг ишлаш учун хорижга кетгани ва оиласи билан алоқани йўқотгани, тўй ўтказиш учун катта маблағ сарфлаш натижасида оилада қарздорликнинг юзага келиши муаммоларнинг келиб чиқишида асосий омиллардан экани кузатилди.

ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг фикрига кўра, оилавий ажрашишларга ота-онасидан моддий жиҳатдан мустақил бўлмаган йигитларнинг никоҳдан ўтиши катта таъсир кўрсатмоқда.

Тадқиқот доирасида ўтказилган сўровномада қатнашган шахсларнинг 45 фоизи оилани сақлаб қолишга масъул ташкилотлардан ҳеч қандай ёрдам олмаганини таъкидлаган бўлса, турмушидан ажрашган респодентларнинг 37,3 фоизи ўз оиласини сақлаб қолиш мумкин бўлгани ҳақида фикр билдирган.

Брифингда “Оила” маркази томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра Сирдарё вилоятида никоҳдан ажрашиш кўрсаткичлари даражасининг ўсиши сабабларини аниқлаш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ҳамкор ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириш белгилангани маълум қилинди.

Марказ мутахассислари мавзу доирасида журналистларни қизиқтирган қатор саволларга ҳам жавоблар қайтаришди.

Анжуман сўнггида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Оила” маркази фаолиятини ёритишда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ходимларга миннатдорчилик билдирилиб, эсдалий совғалари тақдим этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

Ахборот хизмати

 

Телефон: 239-43-42