26.09.18

Ташкилотчи: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

Ўзбекистон Республикаси, 100017, Тошкент шаҳар, Ш.Рашидов кўчаси, 16. Tel: (99871) 239-43-42, Fax 239-41-57

Web-site: www.oilamarkazi.uz, E-mail: qabulhona@oilamarkazi.uz  E-xat: oila23@exat.uz

Тадбир номи: “Оиланинг ижтимоий-демографик муаммолари” — Республика илмий-амалий конференцияси

Ўтказиш жойи ва санаси: Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши пресс-клубининг зали, 2018 йил, 26 сентябрь, соат 10:00

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мамлакатимизда “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул этиб белгиланган. Бу ҳақида Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 2 февралдаги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 26 мартдаги Қарорида қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги 3808-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясида эса оиланинг репрадуктив саломатлиги ва демографик ривожланишига доир масалалари, оиланинг фаровонлик ва хотиржамлик даражасини комплекс тадқиқ этиш ҳамда муаммоларни омилли асосда таҳлил қилишга алоҳида урғу берилган. Айниқса, оиланинг бирдамлигини мустаҳкамлашга, оилада авлодлар ўртасидаги ўзаро алоқани сақлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган оилавий анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ифодаловчи ҳамда уларнинг ҳаёти ва фаолиятининг асосий тенденцияларини акс эттирувчи статистика кўрсаткичлари тизимини такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

“Оила” марказининг “Оилани демографик ривожлантириш” бўлими томонидан  оилаларнинг барқарорлиги ва ривожланишига таъсир этадиган муаммоларни аниқлаш мақсадида вилоятлар кесимида демографик таҳлил, шу жумаладан оилаларнинг ривожланиши, никоҳлар ва ажралишлар динамикасида юз бераётган ўзгаришлар юзасидан таҳлил олиб борилди. Ҳудудларнинг ижтимоий-демографик ривожланиш даражасини аниқлашга қаратилган методик ёндошувлар белгиланди ҳамда ҳар бир вилоят бўйича ривожланиш индексини аниқлашга имкон берадиган кўрсаткичлар номенклатураси шакллантирилди. Республика ҳудудларида демографик ва оилалар мустаҳкамлигини белгиловчи индикаторларни статистик таҳлил қилган ҳолда турли муаммоларнинг ҳудудлар учун долзарблик матрицаси ишлаб чикилди. Ўзбекистонда аёллар бандлиги кўрсаткичлари ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида таҳлил қилиш бўйича кўрсаткичлар аниқланди ва улар асосида тегишли таҳлил бажарилди. Республикада аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурлари мақсад ва вазифалари, мақсадли гуруҳлари, миқёси, мақсадли параметрлари, амалга ошириш механизмлари ва ш.к. бўйича тўлиқ таҳлил қилиб чиқилди. Шунингдек, аёлларнинг бандлигини оширишга тўсқинлиқ қилаётган иқтисодий, ижтимоий омиллар таҳлил қилинди ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

“Оила” маркази жорий йилнинг 26 сентябрь куни “Оиланинг ижтимоий-демографик муаммолари” мавзуида Республика илмий-амалий анжуманини ўтказди. Конференция “Ўзбекистонда оилани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тадқиқ этиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Тадбирда давлат ва нодавлат, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, оилашунос олимлар, ҳуқуқшунослар, профессор-ўқитувчилар, психологлар, исломшунослар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Ушбу илмий-амалий анжуман Ўзбекистонда оила ва оилавий  қадриятларнинг ижтимоий-иқтисодий, психологик, маънавий ва ҳуқуқий ривожланишига демографик омилларини илмий-амалий ўрганиш ва аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Конференцияга оила масалалари хусусида илмий-амалий изланишлар олиб бораётган олимлар, тадқиқотчиларнинг 70 дан ортиқ мақола ва монографиялари тақдим этилди.

Конференция иштирокчилари ялпи мажлисдан кейин секцияларга бўлинган ҳолда ишларини давом эттиришди. Уларда “Оила ривожланиши ва оилавий муносабатларга таъсир кўрсатувчи демографик омиллар”, “Замонавий жамиятда оила фаровонлигига эришиш масалалари”, “Оила мустаҳкамлиги ва авлодлараро муносабатларнинг ижтимоий ва психологик жиҳатлари”, “Фаровон жамиятда ота-оналик ва оила қадриятининг ўрни муаммоси”, “Демография ва оила сиёсатининг меърий-ҳуқуқий таъминланиши масалалари” каби йўналишдаги мавзулар қизғин муҳокама қилинди.

Анжуманда бир қатор мавзуларда баҳс-мунозаралар, фикрлар хилма хиллигига асосланган чиқишларга кенг ўрин берилди. Хусусан, “Ота-оналар педагогик маданиятини оширишнинг долзарб масалалари”, “Ўзбекистонда оиланинг демографик ривожланиши: бугунги ҳолати ва истиқболлари”, “Оила мустаҳкамлиги ва демографик масалаларнинг ўзаро боғлиқлиги”, “Оила шаклланишининг демографик хусусияти” каби қатор долзарб мавзулардаги тақдимотлар ўтказилди.

Сўзга чиққанлар томонидан тажриба алмашишни йўлга қўйиш борасида таклиф-тавсиялар баён этилди. Шунингдек, оилавий муносабатларга доир фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Қизғин баҳс-мунозаралар, фикр-мулоҳазалар, савол-жавоблар, тортишув ва муҳокамаларга бой ўтган илмий-амалий анжуман юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Конференцияга тақдим этилган энг долзарб мақолалар кенгаш тавсиясига биноан илмий тўплам ҳолида чоп этилди.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати.

Маълумот учун телефонлар: 239-43-42