26.06.18

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги “Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорида “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича  махсус ўқув курслари ташкил этиш белгиланган.

Мазкур Қарорга асосан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари учун оилаларни ижтимоий ривожлантириш, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, муаммо ва камчиликларни таҳлил этиш методларини ўргатиш юзасидан Тошкент шаҳрида ўқув-курси ташкил этилган эди. Унда иштирокчиларга психологлар, ҳуқуқшунослар ва бошқа соҳалар мутахассислари махсус тренинглар ўтказиб, оилада вужудга келадиган муаммоларни ўз ўрнида ва пухта ўрганиш, уларга самарали ечим топиш йўллари ҳақида тизимли маълумот беришганди.

Жорий йилнинг 20-26 июнь кунлари "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари учун Наманган шаҳридаги Наманган тиббиёт коллежи биноси базасида “Оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш” мавзусидаги махсус ўқув курси ҳам юқоридаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми  бўлди.

Ўқув-курсидан мақсад Фарғона водийсида оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш бўйича "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари туман ва шаҳар бўлимлари раҳбарларининг касбий билимлари, қобилиятлари ва кўникмаларини оширишдан иборат бўлди. Ўқув-курси ўз олдига шунингдек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлиги, демографик ривожланиши, фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш каби бир қатор вазифаларни қўйди.

Бугунги кунда асосий вазифалардан бири бўлиб турган замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилашда иштирок этиш, замонавий оилани ривожлантириш муаммолари, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятларни ўрганиш борасида махсус машғулотлар ташкил этилди. Оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро тажрибани ўрганиш, оила институтини ривожлантириш ва унинг замонавий шаклини жорий этиш устувор вазифалар белгиланди.

Ўқув-курсида “Оиладаги низолар: омил, сабаб, ифодаланиш формалари, турлари, асоратлари ва олдини олиш йўллари”, “Ўсмирлик даврида психологик ва ижтимоий ўзгаришлар. Ўсмирларнинг репродуктив саломатлиги”, “Суицид ва уни олдини олиш йўллари. Оиланинг этнопсихологик ва этноҳудудий хусусиятлари” каби мавзулар ва муаммолар борасида маърузалар эшитилди. Гуруҳларга бўлинган ҳолда баҳс-мунозаралар уюштириш, муаммоларни қандай аниқлаш йўллари ва ечимлари борасида ўқув жараёнлари бўлиб ўтди.

Ушбу ўқув курси якунлари бўйича 26 июнь куни соат 14:00 да иштирокчиларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

 “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати.

 

Телефон: (0 371) 239-43-42.