25.08.18

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Ушбу фармоннинг 9-бандида никоҳдан ўтувчи шахслар томонидан оилавий ҳаёт асослари бўйича мажбурий ўқишдан ўтишлари масаласини ўрганиш ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда бу соҳада самарали ўқув дастурларини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу банд ижроси юзасидан “Оила” маркази ёшларни никоҳдан олдин оилага тайёрлаш бўйича ўқув дастури лойиҳаси ишлаб чиқди. 

 “Оила” маркази ўқув-лойиҳасини никоҳдан ўтувчи шахсларни оилавий ҳаёт асослари бўйича тавсия этилаётган йўналиш ва мавзулар асосида ўқишдан ўтишини тажриба тариқасида Тошкент вилоятининг Паркент туманида ўтказди. Туманда оила қуриш арафасидаги ёшларнинг психологик, педагогик, ҳуқуқий  ва диний билимларини ошириш мақсадида оила қуриш бўсағасида турган ФХДЁ бўлимларга ариза берган йигит-қизлар учун ўқув-курси ташкил этилди.  Ўқув-курси туман ФХДЁ қошида жорий йилнинг 6-11-18-25 август кунлари бўлиб ўтди. Машғулотлар ҳафтанинг ҳар шанба кунида 4 соат мабойнида давом этиб, унда оила бўсағасида турган йигит-қизларга “Оила психологияси”, “Оила бюджети ва иқтисоди”, “Диний ва аҳлоқий тарбия”, “Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар”, “Репродуктив соғлиқ”, “Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда маҳалланинг ўрни” каби мавзуларда махсус соҳа мутахассислари маърузалар ўқишди.

Ўқув-курс машғулотлари давомида ўз олдига ёшларга оилавий хаётда учрайдиган муаммолар ҳамда уларни оқилона бартараф этиш йўллари ҳақида маълумот ва тавсиялар бериш, оилавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, низоларнинг олдини олиш масалалари, соғлом турмуш тарзи, жинсий хаёт психофизиологияси,  никоҳдан ташқари муносабатларни олдини олиш, муҳаббат, рашк, садоқат, меҳр-оқибат туйғуларининг  оила мустаҳкамлигига таъсири, аёл ва эркак психологиясининг ўзига хос хусусиятларидан оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда фойдаланиш, оилавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, намунали оилани шакллантиришда миллий қадриятларнинг аҳамияти, муқаддас ислом дини ва унинг оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда аҳамияти, оила муносабатларининг емирилиши, ажримлар билан боғлиқ жараёнларда ҳуқуқий масалаларини тушунтириш кабиларни ўз олдига вазифа қилиб қўйди.

Ўқув-курсида иштирок этган йигит-қизлар ўқув машғулотларининг айни пайтда керакли эканлигини, оилавий муносабатларда қўл келадиган кўникмаларга эга бўлганликларини таъкидлашди. 

Ушбу ўқув курси якунлари бўйича 25 август куни иштирокчиларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

 “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати.

 

Телефон: (0 371) 239-43-42.