19.06.18

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан билан ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мамлакатимизда оила соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда бир қатор вазирликлар, идора ва ташкилотлар, давлат ва нодавлат, шунингдек, хорижий муассасалар билан фаол ҳамкорликни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан нотинч ва эҳтиёжманд оилалардаги касаллиги, шу жумладан, репродуктив саломатлиги билан боғлиқ касаллиги бор бўлган шахсларни аниқлаш ва уларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш, Республика «Она ва бола скрининги» маркази ва Республика аҳоли репродуктив маркази ҳамда уларнинг бўлинмалари фаолиятини биргаликда ўрганиш, шунингдек, уларнинг аҳолига кўрсатаётган хизматларини ривожлантиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш бўйича айни пайтга қадар муайян саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 19 июнь куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ташкил этилган “Оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳолига манзилли тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг долзарб масалалари” мавзусидаги амалий семинар ҳам юқоридаги ишларнинг узвий давоми бўлди.

Семинарда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари, бош ҳамширалар, хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, маҳалла фаоллари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт коллежлари профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.

Ушбу анжуманни ўтказишдан асосий мақсад тиббиёт ходимлари, жумладан, оилавий поликлиникалар қошида фаолият олиб бораётган умумий амалиёт шифокори, патронаж ҳамширалар, маҳаллалардаги оилалар билан ишлайдиган барча мутахассисларнинг ҳамкорликда иш олиб бориш механизмини ишлаб чиқиш, уларнинг функцияларини белгилаш, такомиллаштириш ва энг асосийси, оилаларга тиббий хизматнинг сифатини ва манзиллигини таъминлаш бўлди.

Анжуманда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, патронаж хизмати бу ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида манзилли тиббий хизмат кўрсатиш тизимидир. Демак, бу соҳа бутун мамлакат аҳолиси саломатлигига бевосита дахлдор йўналиш. Шу маънода, патронаж хизмати ва оилаларда иш олиб борадиган барча масъул ходимлар аввало, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини, жумладан, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни кенг тарғиб этиб боришлари мақсадга мувофиқдир.

Анжуманда эътироф этилганидек, патронаж хизмати мамлакатимиз тиббиёти учун янги йўналиш эмас. Бу борада маълум тажриба ва ютуқлар ҳам мавжуд. Аммо олдинда оилаларга кириб бориш механизмини тизимли асосда йўлга қўйиш вазифаси турибди. Бироқ бу масалада оилага кириб боришнинг ўзи кифоя қилмайди. Патронаж ҳамширасига маълум вазифа ва масъулият ҳам юклатилган. Яна бир жиҳатни инобатга олиш керакки, вазифалар тақсимотидаги мавҳумликлар, ҳудуд аҳолиси ҳақида тўлиқ маълумотларнинг мавжуд эмаслиги, қолаверса, аҳоли орасида тиббий патронажнинг мазмун-моҳияти тўла-тўкис англаб етилмагани каби омиллар сабаб ушбу хизмат ўз вазифасини кўнгилдагидек адо эта олмаяпти.

Семинарда “Патронаж ҳамшираларини тайёрлаш ва малакасини ошириш”, “Потранаж тизимини ташкиллаштиришда жаҳон тажрибаси”, “Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда патронажни ташкиллаштиришдаги тажрибалар” каби мавзулар ва муаммолар борасида маърузалар эшитилди, кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда баҳс-мунозаралар уюштириш орқали мавжуд муаммолар аниқланиб, уларнинг ечимини топиш усуллари ишлаб чиқилди.

Семинарда патронаж хизматини тубдан модернизация қилиш ва такомиллаштириш, бу йўналишда аниқ натижа ва самарадорликка эришиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда ҳамкорликдаги зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати

Телефон: 239-43-42