18.09.18

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан жорий йилнинг 18 сентябрь куни журналистлар учун “Оммавий ахборот воситаларида оила масалаларини ёритиш стратегияси” мавзусида семинар ташкил этилди.

Анжумандан кўзланган мақсад давлатмиз раҳбари раислигида 2018 йил 27 июль куни ўтказилган жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида оммавий ахборот воситалари олдига қўйилган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, “Оила” маркази томонидан олиб борилаётган оила институтини мустаҳкамлаш йўналишидаги тадқиқотлар натижалари, бу борада кенг кўламдаги тарғибот ишларини олиб боришда ахборотларни тизимли равишда сифатли йўлга қўйиш стратегиясини ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида оилалар институти ривожига хизмат қиладиган кўрсатувлар, ток-шоулар, эшиттиришлар, ижтимоий роликлар, ҳужжатли фильмлар тайёрлаб эфирга узатиш, махсус мақолалар билан газета-журналлар, веб-сайтларда, ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиш орқали аҳоли ўртасида тарғибот олиб бориш белгиланган. Бу борада “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила – жамият ва давлат ҳимоясида”, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясида белгиланган“Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини амалга ошириш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Анжуманда таъкидланганидек, айни пайтда ахборот алмашинувининг тезлиги, фикрлар қарама-қаршилиги, айниқса, оилалардаги энг нозик ички сирларнинг оммага ошкор бўлиб кетиши оилалар мустаҳкамлигига салбий таъсир этаётгани сир эмас. Айниқса, интернет ОАВ орқали бундай нохуш хабарларнинг, мисол учун, қотиллик, ўз жонига қасд қилиш каби ҳолатларнинг кетма кет, нопрофессионл тарзда, воқеанинг туб моҳиятига етмасдан тарқатиб юборилаётгани жамиятга қанчалик зарар етказиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрилмаяпти. Бинобарин, психологларнинг таъкидлашларига кўра, ўз жонига қасд қилишнинг оммага ошкор этилиши жамиятда бундай ҳолатларнинг кўпайишига олиб келади.

Демак, журналист бу каби жиноятлар тафсилотларини ёритиш жараёнида унга чуқур ёндашиши, воқеани батафсил ўрганиши, таҳлил қилиши, ёзилмаган қонунларда акс этган миллий ва умуминсоний менталитетимиз, урф-одатларимиз, анъанавий оилавий қадриятларимизга беписанд қарамаслиги зарур.

Семинарда сўз олган оилашунос олимлар, психологлар, профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари бу борада журналист этикаси, одоб-ахлоқ меъёрлари ва бошқа инсоний тамойилларга риоя этиш оилалар тинчлиги ва барқарорлигида муҳим аҳамият касб этиши ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф-тавсияларини баён этишди.

Семинар якунида оилавий масалаларни ОАВ орқали ёритишда “Оила” маркази билан ҳамкорликда иш олиб бориш, бу борада алоҳида стратегия ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати.

 

Телефон: 239-46-27