17.10.18

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июлдаги “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорини ижросини таъминлаш юзасидан методик тавсияларни ишлаб чиқди.

 Ушбу методик тавсияларни маҳаллаларда мутасадди ходимлар ўртасида тарғибот қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассислари ҳамда “Оила” маркази ҳудудий бошқармалар қошидаги махсус ўқув-курси раҳбарлари учун жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари “Ота-оналар университети — ота-оналарга асосий кўмакчи” мавзусида семинар-тренинг ташкил этди. Ушбу тренингдан кўзланган мақсад «Ота-оналар университети» жамоатчилик тузилмаси фаолият самарадорлигини ошириш, тузилма аъзоларини оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, оилаларни мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлаш, оилаларнинг фарзанд тарбиясидаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини оширишдан иборат бўлди.

Семинар-тренинг ўз олдига ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини ошириш, фарзанд тарбияси жараёнида ота-оналарга ёрдам бериш, фарзанд тарбиясига етарли эътибор бермаётган ота-оналар билан ишлаш, фуқаролар йиғинидаги оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишда мутахассисларга кўникмалар бериш вазифаларини қўйди. Машғулотларда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳудудий бошқармалари махсус ўқув курслари раҳбарларига жойларда ўқув жараёнларини қай тарзда ташкил этиш, қандай қилиб амалий натижа ва самарадорликка эришиш, ҳамкор ташкилотлар билан ишлашнинг интерактив усуллари, муаммони ечишнинг турли йўллари, инновацион ғоя ва ташаббусларнинг аҳамияти каби масалаларда йўл-йўриқлар кўрсатилиб, тажрибалар ўртоқлашилди.

Семинар-тренингда “Ота – оналар университети”нинг  бошқарув асослари”, “Ота-оналар, ёшлар ва оиланинг бошқа аъзолари шахслараро муносабатларида юзага келаётган муаммолар таҳлили”, “Вояга етмаганлар ўртасида хуқуқбузарликлар профилактикаси”, “Худудларда олиб бориладиган  ота-оналар университети ўқув курсларини амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш” каби мавзуларда маърузалар ва фикр алмашувлар бўлди. “Ота-оналар университети — ота-оналарга асосий кўмакчи” мавзусидаги мазкур семинар-тренинг ўзининг олдига қўйган вазифа ва мақсадларидан келиб чиқиб, йил давомида Қорақалпоғистон республикаси ва вилоятларнинг барча шаҳар, туманларида ҳамда ҳар бир маҳаллада ўтказилиши учун мутахассисларга керакли билим ва кўникмалар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

 “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати.