11.07.18

Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳузурида фаолият кўрсатаётган махсус ўқув курсларининг асосий мақсади “Оила” маркази, хотин-қизлар қўмиталари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида фаолият юритаётган бошқа ташкилотлар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини мунтазам равишда ошириб боришдан иборатдир.

Бу ҳақида Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги “Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорида ҳам алоҳида қайд этилган.

Бугун “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг махсус ўқув курслари раҳбарлари учун жорий йилнинг 11-18 июль кунлари ташкил этилаётган “Оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш” мавзусидаги навбатдаги бир ҳафталик ўқув-курси машғулотлари бошланди.

Бундан кўзланган асосий мақсад, барча вилоятларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларининг касбий билимлари, қобилиятлари ва кўникмаларини кучайтириш бўйича малака ошириш курсларига жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни ўқув режаси ва дастурлар билан таништириш ҳамда машғулотлар ўтишга услубий йўналтиришдир. Бунинг учун оила институти соҳасига оид барча масалаларни машғулотлар доирасига қамраб олишга ҳаракат қилинган. Жумладан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш каби долзарб мавзулар шулар жумласидандир. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Қарори билан жорий йилнинг 27 июнь куни тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ҳамда мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни бажаришнинг илмий-амалий жиҳатлари ҳам ўқув курси қатнашчиларининг диққат марказида бўлди.

Машғулотларда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳудудий бошқармалари махсус ўқув курслари раҳбарларига жойларда ўқув жараёнларини қай тарзда ташкил этиш, қандай қилиб амалий натижа ва самарадорликка эришиш, ҳамкор ташкилотлар билан ишлашнинг интерактив усуллари, муаммони ечишнинг турли йўллари, инновацион ғоя ва ташаббусларнинг аҳамияти каби масалаларда йўл-йўриқлар кўрсатилиб, тажрибалар ўртоқлашилди.

Ўқув курси давомида шунингдек, “Менежментнинг моҳияти. Ташкилот фаолиятини бошқаришга нисбатан норматив талаблар”, “Бошқарув иерархиясиБошқарув тушунчаси ва унинг функциялари классификацияси”, “Қарор қабул қилишда моделлаштириш усуллари”, “Оилада шахслараро муносабатлар психологияси”, “Исломда никоҳ ва оиладаги низолар” каби қатор мавзуларда ўқув машғулотлари, баҳс-мунозаралар, интерфаол машғулотлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Ўқув-курси якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

 “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати.

 

Телефон: 239-43-42.