08.06.18

 Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги “Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш тўғрисида”ги 230-сонли Қарорида “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш айтиб ўтилган.

Мазкур Қарорга асосан, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари учун оилаларни ижтимоий ривожлантириш, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, муаммо ва камчиликларни таҳлил этиш методларини ўргатиш юзасидан илк бор ўқув-курси ташкил этди. “Оила институтини мустаҳкамлаш, “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга тадбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш” мавзусида ташкил этилган икки ҳафта мобайнидаги 72-соатлик ўқув-курси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди.

Ўқув-курсида “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқарма бошлиқларига малакали психологлар, ҳуқуқшунослар ва бошқа мутахассислар махсус тренинглар ўтказиб, оилада вужудга келадиган муаммоларни ўз ўрнида ва пухта ўрганиш, уларга самарали ечим топиш йўллари ҳақида тизимли маълумот беришди. Тингловчиларга “Ахборот билан ишлаш асослари”, “Бошқарув қарорларини ҳал қилиш усуллари”, “Оила муносабатларини ҳуқуқий бошқариш асослари” каби мавзуларда ўқув машғулотлари ўтказилди.

Малака ошириш махсус ўқув курсининг асосий вазифалари “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳодимларини ахборот-таҳлилий сўровномаларни қайта ишлаш, услубий жиҳатдан ташкиллаштириш ва маълумотларни тизимлаштиришга ўргатиш бўлди. Ўқув-курсида маърузачилар тингловчиларга таҳлил қилиш қобилиятлари ва маълумотларни ёзиш кўникмасини шакллантиришга доир маълумотлар берилди. Уларга информацион таҳлилий ишнинг услуби ва моҳиятини яратиш, омма қарашларини сўровномалар орқали ўрганиш, шунингдек, ижтимой тармоқларда мониторинг ва таҳлил қилиш каби кўникмалар берилди.

Ўқув-курсида Республикада никоҳни бекор қилиш энг оғир муаммолардан бири эканлиги, унинг олдини олиш, ижтимоий-психологик муаммоларига йўл топиш бугунги куннинг долзарб мавзуси ҳақида фикр алмашилди. Иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Ўқув-курси махсус дастур асосида Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқарма бошлиқларига ўтказилди. Янги методларга таяниб ишлаб чиқилган дастур асосида эндиликда туманлардаги “Оила” маркази раҳбарлари, ФҲДЁ мутахассислари, маҳаллалардаги хотин-қизлар масалалари бўйича иш олиб бораётган маслаҳатчиларга ўқув-курслари ўтилади. Бундан асосий мақсад жойларда оилалар билан ишлайдиган мутахассисларга оилавий муаммоларни ҳал этишнинг самарали, янги усулларини ўргатиш ва шу орқали ижобий натижаларга эришишдир. Ишлаб чиқилган дастур жойларда аҳолининг жойлашуви, психологияси, яшаш шароити, ҳолатига қараб мослаштирилади.

 

 “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати.

 

 “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқарма бошлиқларига ўтказилган ўқув-курсининг якунловчи куни тадбирига бағишланган

Дастур

9:00

 Сўнгги интерактив дарс жараёни

10:20

“Оила институтининг психологик омиллари”

Психология фанлари доктори, профессор Ғайрат Бахромович Шоумаров

10:40

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази тизимининг устов бўйича вазифа ва функциялари”

Гулнора Амановна Ишанханова, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази юристи

10:50

 Хулоса.

 “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг келгусидаги мақсад ва вазифалари.

 “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Гафурджановна Ташмуҳаммедова

11.00

 Семинар-тренинг иштирокчиларига сертификат топшириш маросими