03.08.18

Ташкилотчи: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

Ўзбекистон Республикаси, 100017, Тошкент шаҳар, Ш.Рашидов кўчаси, 16. Tel: (99871) 239-43-42, Fax 239-41-57

Web-site: www.oilamarkazi.uz, E-mail: qabulhona@oilamarkazi.uz  E-xat: oila23@exat.uz

Тадбир номи: “Фарзанд тарбиясида отанинг масъулияти, вазифаси ва мажбурияти: муаммо ва ечим” — Республика илмий-амалий конференция

Ўтказиш жойи ва санаси: Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши пресс-клубининг зали, 2018 йил, 3 август, соат 10:00

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мамлакатимизда “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул этиб белгиланган. Бу ҳақида Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 2 февралдаги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 26 мартдаги Қарорида қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги 3808-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясида эса фарзанд тарбиясида оиланинг жавобгарлигини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, сақлаш ва ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилган. Айниқса, оилавий ва шахсий муносабатларни, хусусан ота-она ҳамда фарзандлар ўртасидаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган. Ёш авлодда маънавий-ахлоқий, одоб қадриятларини ва ота-онага ҳамда катта ёшдаги инсонларга ҳурматни шакллантириш, оиланинг тарбиявий ва маданий-илмий салоҳиятини ошириш устувор вазифа сифатида қўйилган.

“Оила” маркази мазкур Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 3 август куни “Фарзанд тарбиясида отанинг масъулияти, вазифаси ва мажбурияти: муаммо ва ечим” мавзуида Республика илмий-амалий анжуманини ўтказди. Конференция “Ўзбекистонда оилани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тадқиқ этиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Тадбирда давлат ва нодавлат, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, оилашунос олимлар, ҳуқуқшунослар, профессор-ўқитувчилар, психологлар, исломшунослар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Ушбу илмий-амалий анжуман Ўзбекистонда оила институти ва оилавий қадриятларнинг ривожланиш истиқболларини маънавий-ҳуқуқий, ижтимоий-психологик, иқтисодий-демографик жиҳатдан ўрганиш ва аниқ чора-тадбирларни  ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Конференцияга оила масалалари хусусида илмий-амалий изланишлар олиб бораётган олимлар, тадқиқотчиларнинг 80 дан ортиқ мақола ва монографиялари тақдим этилди. Уларнинг ичида, ҳудудлардаги, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Бухоро, Жиззах вилоятларида маҳаллий олимлар олиб борган тадқиқотлар алоҳида эътироф этили.

Конференция иштирокчилари ялпи мажлисдан кейин секцияларга бўлинган ҳолда ишларини давом эттиришди. Уларда “Фарзанд тарбиясида авлодлар ўртасидаги оилавий қадриятларнинг роли”, “Миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган фарзанд тарбиясида отанинг масъулияти, вазифаси, мажбурияти масалалари”, “Ёшларни, айниқса, йигитларни соғлом ва мустаҳкам оила қуришга тайёрлашнинг асосий ижтимоий, миллий, маънавий, психологик, тарбиявий омиллари” каби мавзулар қизғин муҳокама қилинди.

Анжуманда бир қатор мавзуларда баҳс-мунозаралар, фикрлар хилма хиллигига асосланган чиқишларга кенг ўрин берилди. Хусусан, “Фарзанд тарбиясида отанинг масъулиятини ошириш зарурати”, “Оилада отанинг ўрни ҳусусида диний-маънавий қадриятлар ва уларнинг долзарблиги”, “Йигитларни соғлом ва мустаҳкам оила қуришга тайёрлашнинг асосий ижтимоий, миллий, маънавий, психологик, тарбиявий омиллари”, “Шарқда оила институти қадриятлари ва унда отанинг роли”, “Оиладаги ҳуқуқбузарликлар сабаб ва шароитлари” каби қатор долзарб мавзулардаги тақдимотлар ўтказилди.

Сўзга чиққанлар томонидан тажриба алмашишни йўлга қўйиш борасида таклиф-тавсиялар баён этилди. Шунингдек, оилавий муносабатларга доир фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Қизғин баҳс-мунозаралар, фикр-мулоҳазалар, савол-жавоблар, тортишув ва муҳокамаларга бой ўтган илмий-амалий анжуман юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Конференцияга тақдим этилган энг долзарб мақолалар кенгаш тавсиясига биноан илмий тўплам ҳолида чоп этилди.

 

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот хизмати.

Маълумот учун телефонлар: 239-43-42