"Оила" маркази

     “Оила” маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.
     “Оила” маркази оила институтини ривожлантириш соҳасида амалга ошириладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни экспертизадан ўтказишда иштирок этади, тадқиқотлар натижалари амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.
     “Оила” маркази, “Оила” марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисоб рақамларига эга бўлади.
     “Оила” марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳузурида юридик шахс ҳисобланмайдиган “Оила” маркази туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолият юритади.
     “Оила” марказининг асосий вазифалари оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб бориш, давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширишдир.